Ўзбекистон | 21:21 / 10.04.2019
21775
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan туманга қарши фараларни охиригача етказиб бермагани маълум бўлди, компания изоҳ берди

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси GM Uzbekistan томонидан 2018 йилда сотилган 6,5 мингдан ортиқ Nexia-3 (2-позиция) автомобиллари комплектациясида туманга қарши олд фаралар охиригача етказиб берилмаганини аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қўмита талаби билан, автомобиль ишлаб чиқарувчи аввал сотилган 6 мингтадан ортиқ автомобиллар комплектациясидаги фараларни етказиб берган ва истеъмолчиларга 2,5 миллиард сўмдан зиёдни зарарни қоплаган.

Қўмита ўтган йили сотиб олинган Nexia-3 (2-позиция) эгаларини автомобилда туманга қарши олд фаралар бўлмаган тақдирда GM Uzbekistan’га ёки Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат қилишга чақирди: (78) 144-77-77, (78) 147-14-14, (71) 241-76-17.

GM Uzbekistan Монополияга қарши курашиш қўмитасининг фараларсиз етказиб берилган Nexia-3 автомобиллари ҳақидаги хабари юзасидан маълумот берди.

«Бугун айрим оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан GM Uzbekistan автомобилларининг туманга қарши фараларсиз етказиб берилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги бўйича хабар эълон қилинди. Автомобилларнинг туманга қарши фараларсиз харидорларга етказилиш ҳолатлари мазкур бутловчи қисмнинг етказиб берилишида кечикиш юзага келганлиги сабабли харидорларни огоҳлантирган ва улар билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Автомобильларни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш мақсадида компания уларни вақтинча туманга қарши фараларсиз, кейинчалик ўрнатиб бериш шарти билан қарор қабул қилган. Туманга қарши фараларнинг Монополияга қарши курашиш қўмитасининг талаби билан қўйиб берилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди, сабаби автомобилларга мазкур бутловчи қисмларни ўрнатиб бериш GM Uzbekistan компанияси томонидан доимий назоратда бўлган ва бу ҳақда харидорлар ҳам огоҳлантирилган. Шу ўринда компания томонидан ишлаб чиқарилган автомобилларнинг хариди жараёнида юзага келган ҳар қандай масалада компаниянинг 78 147-14-14 Ишонч телефони ҳамда 78 141-77-77 колл-марказига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз», — дейилади компания хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид