Жамият | 12:30 / 10.04.2019
19054
6 дақиқада ўқилади

«Каттақўрғон маскаси». Тумандаги токзорлар нега бузиб ташланмоқда?

Республика қишлоқ хўжалигида узумчилик соҳаси ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда узумчиликни жадал ривожлантириш, ҳосилдорлигини ва маҳсулот сифатини ошириш, халқимизнинг узумга бўлган эҳтиёжини қондириш, экспортбоп навларни яратиш ҳамда янги токзорларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Каттақўрғон туманида етиштирилаётган узумлар ҳам ўзининг мазаси билан маълум ва машҳур. Хусусан, узумнинг «Каттақўрғон маскаси» нави шу туманда яратилган.

Туманда узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳам кўп. Узумчилик аҳолининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган. Хўш, айни вақтда туманда бу борада қандай муаммо юзага келган? Токзорлар нега бузиб ташланмоқда?

«Kun.uz» таҳририятига тумандаги шундай бир нечта фермер хўжаликлари раҳбарларидан мурожаат келиб тушди.

«Бизнинг фермер хўжаликларимиздаги токзорлар ҳокимият вакиллари томонидан аёвсизларча бузиб ташланмоқда. ММТП раиси барчани маҳалла фуқаролар йиғинига чақириб, мажбуран ариза ёздириб олмоқда. Баъзилар ёзди, баъзилар ёзмади. Шунга қарамай, бизга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишмасдан фермер хўжалигимиз ҳудудидаги токзорларни трактор билан бузишмоқда. Ҳеч кимга ҳеч қандай тушунтириш берилаётгани йўқ», – дейилади «Каттақўрғон маскаси» ММТПга бириктирилган фермер хўжаликлари раҳбарларидан келган мурожаатда.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Каттақўрғон туманида бўлиб, вазиятга ойдинлик киритдик.

Дастлаб, туманнинг Полвонтепа маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжаликларидаги ҳолатни кўздан кечирдик. Бу ерда 8 гектарлик токзор туман ҳокими қарорлари билан бир неча фермер хўжаликларига тақсимлаб берилган экан. Ҳақиқатан ҳам токзорлар аёвсизларча бузиб ташланган. Ток таналари бир четда уюлиб ётибди. Фермерларнинг эса фиғони фалак.

«Йигирма йилдан буён узумчилик соҳасида ишлаб, бундай шафқатсизликни кўрмаганман. ММТП раиси Илҳом Муҳаммадиев ички ишлар ходимлари билан келиб, «Ерни топширасан, ҳокимнинг буйруғи бор, бўлмаса ўзингга ёмон бўлади», деб мажбурлаб ариза ёздириб олди. Қолаверса, раис «шундай топшириқ бор», деб бирор ҳужжат кўрсатмасдан далага трактор солди. Тўсқинлик қилишимиз ҳам фойда бермади. Кўриб турганингиздек, неча йиллик меҳнатимиз самарасини бир кунда кўкка совуришди», – дейди Ғайрат Тожиев.

Ушбу эътирозлар юзасидан «Каттақўрғон маскаси» ММТП раиси Илҳом Муҳаммадиев билан боғландик ва токзорлар нега бузилгани, бу ҳақида бирор ҳужжат ёки қарор бор-йўқлигини сўрадик. Раис ўзида ҳужжат йўқлигини, аммо ҳокимиятдан шундай топшириқ берилганини билдирди. Ким топшириқ бергани ҳақида эса тайинли изоҳ ололмадик.

Шундан кейин «Янги ҳаёт» маҳалласидаги токзорларни кўздан кечирдик. 4 гектарлик токзор бузилиб, ўрни текис ер қилиб қўйилибди.

Шу ернинг 2 гектар қисмидаги токзорга масъул бўлган «Илёсжон боғи» фермер хўжалиги раҳбари Илёс Норов ўз эътирозлари ва бу ҳолат юзасидан ҳасратларини баён қилди.

«Бу қандай ҳол ахир?! Шу ердан оиламиз билан даромад қилиб келаётган эдик. Бир кунда келиб бузиб ташлашди. Ишсиз қолдик. Ҳар йил яхши ҳосил бериб келаётган токлар устига шафқатсизларча трактор юргизишди. Оиламизни даромаддан айиришди. Энди нима иш қилишга ҳайронмиз. Айни вақтда Россияга ишлаш учун кетиш арафасидаман», – дейди И.Норов.

Ушбу маҳалладаги 29 гектарлик токзорга эгалик қилаётган фермер хўжаликлари раислари билан ҳам суҳбатлашдик. Бу ердаги токзор бузилмаган. Аммо фермер хўжаликлари раисларнинг таъкидлашича, «Каттақўрғон маскаси» ММТП раиси Илҳом Муҳаммадиев хонадонма-хонадон юриб, ерни топшириш ҳақида ариза ёзишларини талаб қилаётган экан. Шунинг учун улар ҳам айни вақтда хавотирга тушиб қолишган.

Бизга мурожаат йўллаган фермерлар билан суҳбатлашиб, ҳудудларни кўздан кечирганимиздан сўнг вазият бўйича изоҳ олиш мақсадида Каттақўрғон тумани ҳокимлигида бўлдик. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалигига масъул ўринбосари Жамшид Насриддинов билан суҳбатлашдик.

«Каттақўрғон маскаси» ММТПдаги токзорлар 260 гектарни ташкил этади. Токзорлардан унумли фойдаланиш ва самарадорликни ошириш мақсадида тегишли қарорга асосан 150дан зиёд фермер хўжаликлари ташкил этилган эди. Ҳар бир фермер хўжаликка 1-2 гектар токзор тегишли. Барчаси ўз ҳисоб рақамига эга бўлди. Аммо очиғини айтиш керак, бу ўзининг етарлича самарасини бермади. Айрим фермерларнинг ерга, токзорларга бўлган муносабати ўзгармади. Шу боис, туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан ишчи гуруҳ тузилиб, боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида мониторинг олиб борилди. Узумзорларда туп сонлари кам, талаб даражасида агротехник ишлари амалга оширилмаган. Токлар анча йиллар аввал экилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар янги кўчатлар экилмаган. Фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларига ҳам белгиланган маблағлар қўйилмаган. Ишчи гуруҳ хулосаси билан талабга жавоб бермайдиган, самарали фойдаланилмаётган токзорлар бузилмоқда», – дейди Ж.Насриддинов.

Туман ҳокими ўринбосари таъкидлашича, «Каттақўрғон маскаси» ММТП ҳудудида 50 гектар токзор бузилиши, ўрнига бошқа экинлар экилиши режалаштирилган.

Туман ҳокимлиги ва узумчиликка ихтисослаштирилган айрим фермер хўжаликлари орасида ана шундай низо юзага келган. Мутасаддилар фермер хўжаликлари раисларига жараённи тўғри тушунтирмай, мажбуран ариза ёздириб олаётгани эса тушунарсиз ҳолат. Токзори яксон бўлаётган фермерлар эса нимага бундай бўлаётганини тушунмай фиғони фалак.

Фикримизча, туман ҳокимлиги мутасаддилари томдан тараша тушгандек токзорларга трактор ҳайдамасдан, бу масалада фермерлар билан мулоқот қилса, ҳолатни тушунтирса, турли тушунмовчилик ва низоларнинг олди олинган бўлар эди.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради ва лозим бўлса, бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид