Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мутасаддилар Хатирчидаги кўприк бўйича танқидий мақолага муносабат билдиришди. Бу навбатдаги бажарилмас ваъдами?
Kun.uz сайтида жорий йилнинг 27 март куни «Хатирчида кўприкнинг абгор аҳволидан аҳоли азият чекмоқда. Муаммони ким ҳал қилади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Навоий вилояти, Хатирчи тумани «Гулистон» маҳалласидаги туман маркази билан боғлайдиган кўприк айни вақтда яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, шу туфайли қатнов тўхтатилгани, бу ҳолатдан аҳоли азият чекаётгани, мутасаддилар бу муаммони ҳал этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмаётгани журналистик суриштирув асосида ёритилган эди.

Ўрганишимиз давомида маҳалла аҳолиси ўз эътирозларини билдириб ўтган эди: «Айни вақтда маҳалламиздан туман марказига ўтадиган кўприкда ҳаракат тўхтатилган. 2000 йилда қурилган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Маҳалламизга кириш йўли ёпилган. Бу туман марказига ишга, ўқишга ва турли юмушлар билан борадиган аҳолига турли ноқулайликлар туғдирмоқда. Ахир маҳалламизда икки ярим мингдан зиёд киши яшайди. Қолаверса, қуйи томонда яна бир нечта маҳалла ва қишлоқлар бор. Ҳозир айланма йўл орқали туман марказига қатнаяпмиз. Аммо бу йўл умуман талабга жавоб бермайдиган лой кўча. Қолаверса, катта ариқ бўйлаб ўтган бу айланма йўлда хавфсизлик таъминланмаган. Яқинда бир автомобиль ариққа тушиб кетди. Ёмғир ёққан вақтда ўнлаб машиналар лойга ботиб қолади. Шу боис, транспорт воситалари туман марказидан маҳаллага келишни истамайди. Кўприкни қисқа вақтда таъмирлашнинг имкони бўлмаса, шу айланма йўлга шағал тўкиб, бироз бўлса-да, таъмирлаб беришса бўлади-ку?! Ахир, аҳоли бу айланма йўлдан қатнашга жуда қийналмоқда».
Навоий вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ушбу танқидий мақола ва маҳалла аҳолисининг эътирозлари юзасидан маълумот берди.

«Мақолада кўрсатилган кўприк Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси хизмат кўрсатувчи 4р269 «Қовоқ.қ-Тинчлик.қ-Мирдош.қ» автомобиль йўлининг 1 километридаги сел йўли устида жойлашган бўлиб, йиллик ёғинлар натижасида ҳосил бўлган сел оқимлари оқибатида таянчларда ёриқлар ва чўкишлар ҳосил бўлган.
Мазкур кўприк мутахассислар томонидан жойида ўрганиб чиқилиб, транспорт ҳаракати учун яроқсиз ҳолатга келиб қолгани аниқланган ва Хатирчи тумани ҳокимининг 2019 йил 23 январь кунидаги Ф-07-сонли фармойиши асосида кўприк орқали ҳаракат қатнови тўхтатилиб,транспорт ҳаракати вақтинчалик айланма йўл орқали ташкил этилган.
Шунингдек, ушбу масала юзасидан вилоят ҳудудида кутилаётган сел ва сув тошқинларини талофатсиз ўтказиб юбориш вилоят тезкор штабининг далолатномаси тасдиқланган. Кўприкни қайта тиклаш ишларини 2019 йил табиий офат оқибатларини бартараф этиш манзилли дастури асосида амалга ошириш учун ўрнатилган тартибда Хатирчи туман ҳокимининг 2019 йил 20 мартдаги Қ-2130-сонли қарори асосида бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган.
Ҳозирда кўприкни қайта қуриш ишлари бўйича дастлабки манзилли дастур лойиҳаси тузилиб, Молия вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитасига келишиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилган. Мазкур манзилли дастур тасдиқлангандан кейин кўприк дастурда белгиланган муддатларда таъмирланиб, фойдаланишга топширилишини маълум қиламиз», – дейилади Навоий вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси вазифасини вақтинча бажарувчи Э.Камолов имзолаган маълумотномада.
Бироқ таҳририятимизга ушбу туман аҳолисидан келган турли мазмундаги мурожаатларини ўрганишимиз жараёнларида Хатирчи тумани ҳокими Ғ.Алиев ва бошқа мутасаддилар томонидан кўп марталаб ваъдалар берилган. Аммо бирор ваъда шу вақтгача бажарилмаган.
Шу туфайли айни вақтда туман аҳолиси, айниқса, тадбиркорлар ва фермерларнинг ҳоким ва ҳокимлик мутасаддиларидан норозилиги кундан-кунга кучайиб бормоқда. Тумандаги фуқаролар, фермер ва тадбиркорлар томонидан бизга йўлланаётган мурожаатлар кўламидан бу ҳолат яққол кўриниб турибди.
Kun.uz туман ҳокими, ҳокимлик ва тумандаги ташкилотлар, мутасаддилар фақат ваъда бериб, аҳолининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирмасдан ваъдани бажариш, муаммоларни ҳал қилиш учун чора-тадбирларни ҳам амалга оширишига ишонч билдиради.
Бу мавзуга яна қайтамиз.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти
13:30 / 07.05.2025
Ўзбекистонда илк бор ёмғирни сунъий ёғдириш технологияси синаб кўрилмоқда
18:28 / 01.05.2025
Навоийда кичик самолётлар ишлаб чиқарилади
16:51 / 02.04.2025