Жаҳон | 00:29 / 12.04.2019
8581
3 дақиқада ўқилади

Ассанжнинг ўлим жазоси мавжуд бўлган АҚШга топширилмаслиги кераклиги айтилди

Фото: РИА Новости / Анастасия Мержанова

11 апрелда Британия полицияси томонидан ҳибсга олинган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж ўлим жазоси мавжуд бўлган АҚШга топширилмаслиги керак. Бундай фикрни Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) президенти Филипп Лерут билдирди.

“Жулиан Ассанж журналист бўлмагани сабабли, менда бу иш бўйича аниқ изоҳлар йўқ. Бироқ IFJ журналистлар каби хабар берувчиларни ҳам ҳимоялаб чиқади. Ассанж АҚШга топширилмаслиги муҳимдир, чунки АҚШда ҳамон ўлим жазоси мавжуд”, деб вазиятга изоҳ берган Лерут.

Шунингдек, БМТ Бош ассамблеяси раиси Мария Фернанда Эспиноса Гарсес Ассанж ҳуқуқлари халқаро стандартларга мувофиқ ҳимояланиши кутилаётганини айтган. Бу ҳақда Гарсес вакили Моника Грейли маълум қилган. 

“Бош ассамблея раиси исталган инсон учун бўлиши лозимдек, жаноб Ассанжнинг ҳуқуқлари ҳам халқаро стандартларга мувофиқ ҳимояланиши ва риоя қилинишини кутмоқда”, деб айтган Грейли брифингда.

2012 йилдан бери Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида яшириниб келган Ассанж Швеция ва АҚШ ордерлари билан ҳибсга олинган. Лондон суди уни гаровга чиқиш шартларини бузишда айбдор деб топиб, унинг иши бўйича суд жараёнини 2 май кунига белгилаган. АҚШ Ассанжнинг экстрадиция қилинишини талаб қилиб келади.

Лондон суди қарорига кўра, АҚШ Британияга Ассанжнинг экстрадиция қилиниши бўйича барча ҳужжатларни 12 июнгача тақдим қилиши лозим.

Шунингдек, Эквадор президенти Ленин Морено видеомурожаатида Ассанжнинг бошпанага ҳуқуқи нима учун қайтариб олинганини тушунтириб берган.

Моренонинг айтишича, ушбу қарор Ассанж томонидан халқаро конвенция меъёрларининг бир неча маротаба бузилиши билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган. Эквадор президентининг таъкидлашича, Ассанж WikiLeaks орқали махфий ҳужжатларни тарқатишни давом эттириб, бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик халқаро қоидасини бузган; элчихонада рухсат берилмаган “электрон қурилма” ўрнатган; элчихонадаги кузатув камераларини блоклаган; қўриқчиларга ёмон муносабатда бўлган; элчихона ҳужжатларидан рухсатсиз фойдаланган; ташқи дунё билан алоқа учун мобил телефондан фойдаланган.

Мавзуга оид