Ўзбекистон | 15:14 / 13.04.2019
38379
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт чорраҳаларида «ҳаммага тўхташ» қоидаси жорий қилинмоқда

Фото: Getty Images

Бугун, 13 апрель куни, Тошкент шаҳар ИИББда ўтказилган брифингда бошқарма бошлиғи ўринбосари Азизхон Умархонов йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгаришларга оид янгиликлар бўйича маълумотлар берди.

Ҳозирги кунда пойтахтнинг юздан ортиқ чорраҳаларида “ҳаммага тўхташ” (“всем стоп”) қоидаси жорий қилиниши йўлга қўйилган. Бунинг мазмуни шуки ҳар тўрт томондаги светофорлар 3 сония атрофида қизил чироқни кўрсатиб туради ва шундан кейингина навбати билан аввал сариқ, кейин яшилга ўта бошлайди. Бу қоиданинг ўзига хос жиҳати шундаки, энг кўп ЙТҲ ҳолатлари айнан чорраҳаларда, светофорга амал қилмаслик ёки шошилиш туфайли юз беради. “Ҳаммага тўхташ” қоидаси айнан шундай ҳолатларнинг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлиги бўйича тўла-тўкис ишонч ҳосил қилгандан кейингина ҳаракатланишга қаратилган.

Полковник Азизхон Умархоновнинг билдиришича, ҳозирги кунда Халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда мактаблар директорларининг маънавият бўйича ўринбосарларига мактабга ёндош йўлларда болалар учун ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўл посбони масъулияти юкланиши муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, пойтахтда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташвиқот олиб борувчи еттита электрон табло узлуксиз ишлаши йўлга қўйилган. 

Бундан олдин, инспекторнинг боди-камераси онлайн кузатилиши мумкин экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид