Ўзбекистон | 10:45 / 15.04.2019
8024
3 дақиқада ўқилади

Тоқаев: «Ҳукуматларимиз 2020 йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган»

Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА’га Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида эришилган натижалар, ҳамкорликни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари хусусида интервью берди

Унинг сўзларига кўра, мустақилликнинг илк кунларидан буён Қозоғистон ва Ўзбекистон мураккаб даврларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

«Давлатларимиз ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлашда Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев асосий роль ўйнадилар.

Миллат раҳнамоси яқин қўшнилар билан алоқаларни ривожлантиришга доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шунинг учун мамлакатингиз Қозоғистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари сирасига киради. Биз халқларимизни янада яқинлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.

Ҳозирги вақтда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва чегараолди ҳамкорлигини мустаҳкамлаш асосий вазифалардан ҳисобланади. Мамлакатларимиз ушбу соҳаларда юксак салоҳиятга эга. Ҳукуматларимиз 2020 йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Инвестиция, саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш соҳаларидаги самарали ва кенгайиб бораётган ҳамкорликка оид мисоллар мамлакатларимиз манфаати йўлидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган интилишларимизга тўлиқ мос келади», - дейди Қозоғистон етакчиси.

Билдирилишича, шерикликнинг истиқболлари транзит-транспорт соҳасида ҳам намоён бўлмоқда. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Қозоғистон ва Ўзбекистон учун транзит инфратузилмасини такомиллаштириш ва бошқа мамлакатлар билан транспорт кооперациясини ривожлантириш биринчи галдаги вазифалардан.

«Нур-Султон ва Тошкент ўртасида хавфсизлик борасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани ҳам ўзаро ишончдан далолатдир. Биз барчамиз учун умумий бўлган терроризм, диний экстремизм, ноқонуний қурол савдоси, уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция ва наркотрафик сингари минтақавий муаммоларга дуч келмоқдамиз. Минтақамиз хавфсизлигига таҳдид солаётган Афғонистондаги вазият ҳам жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда.

Буларнинг барчаси биздан тизимли, баҳамжиҳат ва уларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади. Шунинг учун Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда.

Сув муаммоси билан боғлиқ ҳамкорлик масалалари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Сув муносабатларининг барча йўналишларида минтақадаги бошқа шериклар билан яқин ҳамкорликда мунтазам равишда ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилаётгани қувонарлидир», - дея айтиб ўтди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид