Спорт | 15:53 / 16.04.2019
11536
4 дақиқада ўқилади

Фоторепортаж: Ахбор Имомхўжаевнинг янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 16 апрель куни Миллий олимпия қўмитасида таниқли футбол фахрийси Ахбор Имомхўжаевнинг «Аср футболидаги асл қадрдонларим» номли янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбек футболининг таниқли вакиллари иштирокида ўтган тадбирдан Tribuna.uz мухбири хабар беради.

Дастлаб сўзга чиққан Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов муаллифга ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотлар номидан миннатдорчилик билдирди.

«Бутун бир миллат футболи ҳақида китоб ёзиш, ёш авлодга ўзбек футболига пойдевор қўйган мутахассислар ҳақида ҳикоя қилиб бериш, улар номини тарихга муҳрлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу жуда катта меҳнат, ирода, куч-ғайрат ва албатта вақт талаб қилади.

Ўзбек футболи тарихида ҳали бу қадар катта энциклопедик характердаги китоб чоп этилмаган эди. Ишончим комилки, 800 бетлик ушбу катта китоб нафақат ўзбек футболи бефарқ бўлмаган инсонларнинг севимли адабиётига айланади», – деди Аҳмаджонов.

1995-2005 йилларда Ўзбекистон футбол федерацияси президенти сифатида фаолият юритган Зокиржон Алматов ўз сўзида Ахбор Имомхўжаевнинг ўзбек футболи ривожи йўлидаги меҳнатларини алоҳида таъкидлаб, жумладан, шундай деди:

«Сизни халқ ҳали ҳам соғинади. Эшитгиси келади. Сизнинг овозингизни одамлар соғинган. Ҳали ҳам бўлса, имкон даражасида баъзида Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини шарҳлаб турсангиз ёмон бўлмасди».

«Футбол ҳам ва умуман спорт ўзбек дипломатиясининг бир тури ҳисобланади, – деб давом этди Алматов. – Агар Ўзбекистон ўғлони ёки қизи олимпия чемпиони ёки жаҳон чемпиони бўлса, Ўзбекистоннинг байроғи кўтарилади, мадҳияси янграйди. Ўзбекистон Жаҳон чемпионатида ёки бошқа бир катта мусобақада ўйнаса, уни бутун дунё тайинди. Бир спортчи ўнлаб дипломатнинг ишини амалга ошириши мумкин».

Қайд этиш керак, янги нашр Ахбор Имомхўжаевнинг бунгача нашр этилган китобларидан салмоғи жиҳатдан анчага фарқ қилади – у 800 саҳифадан иборат. МОҚ ва ЎФА кўмагида нашр этилган китобда ўзбек футболига оид кўплаб тарихий материаллар, хотиралар, қизиқарли фактлар келтирилади. Шунингдек, унда Ўзбекистон футболи тарихида ёрқин из қолдирган мураббий, футболчи, мутахассис ва спорт журналистлари ҳақида ҳам қатор қимматли маълумотлар учрайди. Муаллиф ушбу китоб устида 12 йил ишлаган.

Маълумот учун, ўзбек футбол шарҳловчилигининг асосчиси Ахбор Имомхўжаев 1936 йилнинг 19 февралида Тошкентда туғилган. У Ўзбекистон телевидениеси тарихида футбол учрашувини ўзбек тилида шарҳлаган биринчи спорт шарҳловчиси (1961 йил 20 апрель, «Пахтакор»-ЦСКА) саналади. Ахбор Рустамович Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, «Шуҳрат» медали соҳиби, «Олтин қалам» миллий мукофоти лауреати ҳамдир. Турли йилларда «Футбол – қувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли» китоблари нашрдан чиққан.

 

Мавзуга оид