Ўзбекистон | 13:55 / 17.04.2019
18795
2 дақиқада ўқилади

Humo карталари май ойидан чиқарилиши режалаштирилмоқда

17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов, Банклараро миллий процессинг маркази директори Шуҳратбек Қурбонов ва банкнинг бошқа масъул вакиллари иштирокида Humo тўлов тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Матбуот анжуманида Humo тўлов тизими карталари 1 май санасидан муомалага киритилиши ва йил охиригача Ўзбекистон бўйича тизимнинг тўла татбиқ қилиниши режалаштирилаётгани ҳақида эълон қилинди.

Humo карталари дастлаб Марказий банк ва тизим синаб кўрилишига хоҳиш билдирган бошқа тижорий банклар ходимларига тарқатилган.

Ушбу тўлов тизими карталарининг кенг жамоатчиликка айнан май ойидан тарқатилишига терминаллар ва зарур тўлов воситалари ўрнатилиши сабаб бўлган. Карталарнинг нархи Uzcard карталаридан 3 марта арзон.

Humo терминаллари Master Card, VISA карталарини қабул қилиш имконига ҳам эга бўлади. Ҳозирга келиб, Humo тўлов тизими учун жами 47990 терминал ўрнатилган ва минг банкомат (6,5 млн АҚШ доллари) харид қилинган.

Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов берган маълумотга кўра, Humo тўлов тизими доирасидаги жами харажатлар учун 25 – 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар сарфланади. Ушбу харажатлар Давлат бюджетидан ташқари маблағлар – Марказий банк ва бошқа тижорий банклар маблағларидан шакллантирилади.

Эслатиб ўтамиз, Uzcard тўлов тизимига рақобатдош тўлов тизимини ишлаб чиқиш саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрда «Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагандан сўнг бошланганди.

Мавзуга оид