Жамият | 23:29 / 18.04.2019
36465
4 дақиқада ўқилади

Олтиариқ туманида униб чиқаётган чигит устига нима учун плёнка ёпилди?

Яқинда ижтимоий тармоқларда «Фарғонада президентни алдаш учун униб чиқаётган чигит устига «плёнка» ёпишди» сарлавҳаси остида хабар тарқалганди. Унда яқин кунларда Фарғона вилоятига Президент Шавкат Мирзиёев ташрифи кутилаётгани, давлат раҳбари ўтиши мумкин бўлган Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани йўли ёқасида жойлашган пахта далаларида униб чиқиш арафасида бўлган чигит устидан плёнка ёпилаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Хабарда, шунингдек, туман ҳудудида катта йўл бўйидаги майдонларга экилган чигит устига целлофан плёнка тортиш ишларига бюджет ташкилотидан мажбуран олиб чиқилгани, улар эгатларнинг устига плёнка ёпиш ва уни икки томонидан кўмиш ишлари олиб бораётгани, баъзи жойларда чигит нишлаб қолгани ҳақида айтилиб, бу кўзбўямачилик фермерларга катта зиён келтириши мумкинлиги ҳам таъкидланганди.

Kun.uz мухбири воқеани тўлиқ ўрганиш учун Олтиариқ туманида бўлди.

Ҳақиқатан ҳам баъзи экинлар устидан плёнка ёпилган экан. Ҳолат бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Аввалига Олтиариқ тумани Бўрбонлиқ қишлоғидаги «Солижон ота Жалолов» фермер хўжалиги раҳбари Нозимжон Жалолов ҳолатга изоҳ берди.

«Биз аслида 7 апрелда тракторда плёнка остига чигит экишни якунлаган эдик. 11 апрель кунги шамол натижасида айрим плёнкаларга зарар етди. Зарар етган жойларни фермер хўжалиги аъзолари билан эпақага келтиргандик. Биз мажбурий тартибда ҳашарчиларни бунга жалб этганимиз йўқ. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўплаб нотўғри маълумотлар тарқатилаётганини кузатишингиз мумкин. Жамоатчиликдан бундай хабарларга эътибор бермасликни сўраб қоламан», - деди Нозимжон Жалолов.

Шу қишлоқдаги «Пахтабод» ММТП раҳбари Умиджон Раҳимов ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Биз хизмат кўрсатадиган «Солижон ота Жалолов» фермер хўжалигида чигит экиш бўйича агротехник ишлар ҳақиқатан ҳам 7 апрелда якунланган. Бу ҳолат бўйича нима дейишга ҳам ҳайронман. Бундай маълумотларни фермерларимизга қаратилган ҳурматсизлик, деб биламан. Ахир сўнгги йилларда Президентимиз томонидан фермерларга қанчадан-қанча шарт-шароитлар, имтиёзлар, преференциялар яратилмоқда. Буни фермерларимиз юракдан ҳис этишмоқда», - деди Умиджон Раҳимов.

Энг сўнгида туман ҳокими Холмирза Ниёзов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмунини жуда яхши англаймиз. Интернет нашрларида айтилганидек, Президентни алдаш ниятимиз йўқ. Бундан бизга манфаат ҳам йўқ. Юқорида айтилганидек, ҳудудда шамол бўлиши натижасида зарарланган плёнкалар алмаштирилган. 

Яна биз оммавий ахборот воситалари учун доим очиқмиз. Масалани холис ўрганишингизни сўраб қолардик», - деди туман ҳокими.

Президент мансабдор шахслардан ўз касб мажбуриятларини виждонан бажаришини талаб қилмоқда. Улар ҳам мазкур талабга ижобий муносабат билдирса, ўйлаймизки, барчаси секин-аста изига тушиб кетади. Ҳар бир мансабдор шахс ўз касб мажбуриятларини виждонан, холис бажариб борса, халқ ҳам давлатдан рози бўлади. Юқоридаги ҳолат бўйича томонлар фикрини холис ўрганишга ҳаракат қилдик. Юқори турувчи ташкилотлардан ҳам мазкур масала юзасидан муносабат кутиб қоламиз.

Зафарбек Солижонов, 
Kun.uz журналисти.

Мавзуга оид