Жаҳон | 09:23 / 19.04.2019
12814
2 дақиқада ўқилади

ФХХ директори шифрланган хабарларни махсус хизматлар учун очиб қўйишни талаб қилди

Фото: EPA

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников интернетда умумий халқаро қоидаларни ишлаб чиқишга, шунингдек, мобил иловалардаги шифрланган хабарларни махсус хизматлар учун очиб қўйишга чақирди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир террористик ресурсларни хорижий серверларда жойлаштирилиши уларга қулайлик таъминлаб бермоқда. Агар халқаро ҳамжамият умумий ҳуқуқий меъёрлар асосида келишувга эришиб, биргаликда ҳаракат қилса, террорчиларга тарғиб қилиш, одамларни ёллаш, терактлар ташкил этиш ва уларни молиялаштириш қийин бўлади. Унинг айтишича, ҳозирги кунда «алоқа учун дастурларда криптографиядан фойдаланиш» долзарб муаммо саналади. Мобил иловалардаги шифрланган хабарлар туфайли террорчиларга қарши курашиш бўйича тезкор-техник тадбирларнинг самарадорлиги пасайиб кетди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Россия мобил иловалар томонидан қўлланилувчи шифрлаш калитлари бўйича шаффоф тизимни яратишга қаратилган ташаббус ишлаб чиқди.

Халқаро ҳамжамият томонидан ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши оператив жиҳатдан муҳим бўлган шифрланган маълумотларга қонуний равишда кириш учун ҳуқуқий ва технологик имкониятлар яратади. 

Айни пайтда террористик гуруҳлар томонидан 10 мингдан ортиқ сайтлар ташкил этилган. «Улар ижтимоий тармоқларда юз минглаб саҳифаларни яратишди, уларда дунёнинг 40дан ортиқ тилларида, биринчи навбатда, араб, инглиз ва рус тилида материаллар тарқатилмоқда», - дея таъкидлаб ўтди Бортников.

Мавзуга оид