Жаҳон | 23:16 / 21.04.2019
65218
1 дақиқада ўқилади

Зеленский постсовет давлатларга юзланди: Бизга қаранг — ҳамма ишнинг имкони бор

Украина президентлиги учун номзод Владимир Зеленский сайловнинг илк натижалари эълон қилинганидан кейинги мурожаатида постсовет давлатларига юзланди ва бу ҳудудларда яшовчиларни «барчаси мумкинлиги»га ишонишга чақирди.

«Собиқ СССРнинг барча давлатлари. Бизга қаранг — ҳамма ишнинг имкони бор», деган у.

Зеленский шунингдек, кимга овоз беришидан қатъи назар сайловда иштирок этиб, эркин танловини амалга оширган барча украиналикларга миннатдорчилик билдирди ва ўзига билдирилган ишончни оқлашга ваъда берди.

Владимир Зеленский Украина президентлиги учун сайловларнинг иккинчи турида 73 фоиздан ортиқ овоз олиб, рақиби - амалдаги президент Петро Порошенкодан устун келди. Порошенко сайловдаги мағлубиятини тан олди, у президентликдан кетса-да, сиёсатдан кетмаслигини маълум қилди.

Мавзуга оид