Ўзбекистон | 15:30 / 22.04.2019
37265
7 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиси эркин «нафас оляптими»?

Фото: Tengrinews

Янги ислоҳотлар даври давлат хизматчиси номини ўз зиммасига олган кишининг масъулиятини янада оширди. Шу билан бирга унинг мақомини кўтариш бўйича ишлар қилинмоқда. Жумладан, Жаҳон Банки ва Молия вазирлиги давлат хизматчиларига юқори маош тўлаш бўйича келишувга эришиш арафасида. 

Жорий йилги давлат дастурида ҳам давлат хизматини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди. Тез орада «Давлат хизмати тўғрисида» ги Қонун ҳам қабул қилиниши кутилмоқда. 

Ишлар маълум тизимга келтирилса, айниқса қонуний тартибга солинса, давлат хизматидагиларга анча енгил бўлади. Топшириқлар кўпайиб, ишлар кўлами ортганини ҳеч ким инкор этолмайди. Мурожаатлар, вилоятлар бўйлаб сафар, ҳисобот, тонгга қадар чўзилувчи мажлислар ва яна биз билмаган вазифаларни бажариш учун неча кун сарфлашар экан? Юқоридаги рўйхатда битта давлат хизматчисининг кундалик топшириқлари акс этган. Бунинг имкони борми? Албатта, деярли барча давлат ташкилотларида шу тахлит иш олиб борилади. 

Мулоҳазага ойдинлик киритиш мақсадида бир нечта давлат ташкилотларига мурожаат қилдик. Сўровнома давлат хизматчисининг меҳнат таътили, иш берувчи томонидан руҳий қўллаб-қувватланиши, мажлислар давомийлиги, бюрократия даражаси бўйича ўтказилди.

Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ва Мажбурий ижро бюросидан ходимларнинг йиллик меҳнат таътили ҳақида сўралганда бир хил жавоб олинди, яъни ходимларга муддати 30 календарь кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил берилади, ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга 5 календарь кун, йигирма беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса 10 календарь кун қўшимча таътил берилади. Ҳафталик иш соати 40 соат (бир кунда 8 соат!), шанба-якшанба кунлари дам олиш куни деб белгиланган. 

Бош прокуратуранинг алоҳида хабар беришича эса йиллик таътилдан чақириб олишга хизмат бўйича ўта зарур ҳоллардагина, ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Мажлислар давомийлиги қанча?

Бош прокуратура - Ҳайъат мажлислари, қоида тариқасида, иш режаларига асосан ўтказилади. Ҳайъат мажлисида муҳокама қилиш талаб этилмайдиган масалалар тезкор ёки идоралараро йиғилишларда кўриб чиқилади. Ҳар бир ҳолатда мажлис ва йиғилиш иштирокчилари доираси ҳамда давомийлиги раислик қилувчи томонидан белгиланади.

Ҳайъат мажлислари ярим йилда, қоида тариқасида, 1 маротаба, тезкор ёки идоралараро йиғилишлар бир ойда 1 ёки 2 маротаба ўтказилиши мумкин. Шу билан бирга, вилоят ҳамда туман-шаҳар прокурорлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бошқа масалалар бўйича жойларда йиғилиш ўтказиши ёки мажлисларга таклиф этилиши мумкин.

Сектор фаолияти бўйича прокурорлар кунига 1 марта (1-1,5 соат) йиғилиш ўтказади. Вилоят миқёсидаги мажлислар ҳафтасига 2 марта (1-1,5 соат), туман-шаҳар миқёсида икки кунда 1 маротаба (2 соат) ўтказилиши мумкин.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ва Академияси барча ходимлари учун жума кунлари соат 9:00да «Маънавият соати» йўлга қўйилган бўлиб, бу тадбирда республика етакчи олимлари, сиёсатчилари, фан, маданият ва санъат вакиллари таклиф этилган ҳолда олиб борилади.

Давлат солиқ қўмитаси - Мажлисларни ўтказиш юзасидан Регламент ёки жадваллар ишлаб чиқилмаган. Хизмат йиғилишлари заруриятга қараб ўтказилади ва одатда 1-1,5 соатдан ошмайди.

Мажбурий ижро бюроси - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.05.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3016-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, Бюро марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларида фаолиятга тааллуқли масалалар бўйича тезкор йиғилишлар ўтказилади. Йиғилиш давомийлиги унда кўрилаётган масалаларнинг аҳамияти ва долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, йиғилишга таклиф этилган ва қатнашчилар билан ўзаро келишган ҳолда белгиланади.

Ходимларга психологик ёрдам бериладими?

Бош прокуратура Академияси тузилмасида психологик таъминлаш бўлими бўлиб, у ерда ходимларга психик адаптациядаги бузилиш ёки чарчоқ, оилавий-маиший муносабатлардаги муаммо ва шахслараро зиддият ҳолатларида психологик-консультатив ёрдам кўрсатилади.

Давлат солиқ қўмитасида эса касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ҳар йили тиббий кўрик ўтказилади.

Мажбурий ижро бюроси ходимларининг алоҳида хизмат ўташ шароитлари инобатга олиб, уларга нисбатан тегишли ижтимоий муҳофаза чоралари, дам олиш, моддий аҳволини яхшилаш, меҳнат таътилини олиш ва тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

100 фоиз ҳисобида олсак, бажариладиган ишларнинг неча фоизи электронлаштирилган?

Мажбурий ижро бюросида MIB Portal, MIB Inspektor ва ҳисоботларнинг ягона портали каби янги дастурий тизимлар яратилган бўлиб, амалиётга татбиқ қилиш ишлари олиб бориляпти. Солиқ қўмитасида эса ходимлар фаолияти тўлиқ электронлаштирилган. Солиқчилар қоғоз кўринишидаги мурожаатларни ҳам қабул қилади. Прокуратура органларида ҳужжатларнинг электрон айланиши тизими қисман жорий этилиб, тўлиқ ишга тушириш ишлари якунланмоқда. Унгача ҳужжатлар билан ва электрон форматда бирдай фаолият олиб борилади.

Кўриб турибдики, давлат органлари меҳнат қонунчилигига асосан фаолият олиб боради. 8 соатлик нормал иш куни белгиланган. Бир қараганда ҳаммаси жойидадек. Лекин ходимлар ярим тунгача идорада қолиб кетишларини қандай тушуниш мумкин? Айб уларнинг ўзидами ёки жамоатчиликка номаълум тартиб ҳам мавжудми? Ёхуд тизимга солинмаган иш ҳажми туфайли шундай вазият рўй бераётгандир?

Бугун ҳамма давлат органларида «иш қайнаган». Деярли ҳар куни чиқадиган қарорлар, уларнинг ижросини таъминлаш, йўл хариталарини тузиш, ундан ташқари бюрократизм билан келишиш учун жисмонан анча бақувват бўлиш керак. Шунча вазифаларни 8 соатда бажариб бўладими? Албатта, бу имконсиз. Аммо масалага бошқача кўз билан қараганда деярли барча ташкилотларда бошқарув тизими «касалланган».

Совет бошқаруви иллатларидан бири ҳам айнан шу —  раҳбар иш хонасидан чиқиб кетмагунча, барча ходимлар, қуйи бўғин ишчилари келгуси топшириқ, қўнғироқни кутиб, шай туриши лозим. Аслида, улар яна тонг саҳардан қишлоқ хўжалиги ҳолидан хабар олиши шарт, жойларда ишларни ташкил этиб, турли топшириқларни бажариши лозим. 

Замонавий Ўзбекистонда бошқарув борасида ижобий ўзгариш кўп бўлди. Масалан, меҳнатга мажбурлашга қарши кучли ирода кўрсатилди. Шунга қарамай, давлат раҳбари қўйган топшириқларни ўз вақтида бажариш керак. 

Агар ишлар аниқ механизм асосида тартибга солинса, ҳар бир ходимнинг аниқ вазифаси белгиланса, топшириқни ўз вақтида бажариш мумкин. Бунда масъулият ҳар бир орган раҳбари зиммасига тушади. Ўзи ва ходимининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилган бошлиқ иш жойида тартиб ўрнатади. Ходимларнинг кайфияти иш унумдорлигида муҳим омилдир.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид