Жаҳон | 20:47 / 24.04.2019
5277
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланкада террорчилар яна давомли терактлар содир этишни режалаштирган

Фото: Reuters

Шри-Ланкада давомли терактлар содир этган террорчилар оролда бундай терактларни такрорлашни режалаштиришганди. Бу ҳақда CNN телеканали Шри-Ланка ҳукуматига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

«Шри-Ланка ҳукумати терактлар ижрочилари иккинчи марта серияли терактларни режалаштиришганди. Бошқача сўз билан айтганда, улар теракт қурбонларининг дафн маросими вақтида ҳужум уюштирмоқчи бўлишган», - дея қайд этилади CNN хабарида.

21 апрель куни Шри-Ланкада содир этилган давомли терактлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 359 кишини ташкил қилмоқда. Террорчилар христианлар Пасха байрамини нишонлаётган кунда Коломбо шаҳридаги меҳмонхоналарга, пойтахтдаги ва Негомбо ҳамда Баттикалоадаги черковларга ҳужумлар уюштиришди.

Бундан аввалроқ терактлар қурбонлари янада кўпроқ бўлиши мумкин бўлгани - террорчилар Ҳиндистон элчихонасини ва пойтахтдаги яна бир меҳмонхонани нишонга олишгани ҳақида хабар қилинганди. Бу объектларда нега портлаш содир бўлмагани сабаби номаълум. Коломбо бош автовокзалида 87та детонатор топилган.

Шри-Ланка полицияси портлашларга алоқадорликда гумон қилинган 60 кишини қўлга олган.

CNN маълумотига кўра, ҳужумлар 9 нафар худкуш-террорчилар томонидан амалга оширилган. Associated Press агентлиги хабарида худкушлар сони 7 нафар бўлгани айтилган.

«Афсусланарлиси, уларнинг барчаси Шри-Ланка фуқаролари бўлишган, улар ўзига тўқ оилаларда ўсиб, яхши таълим олишганди», - дея қайд этилган CNN хабарида.

Шри-Ланка Мудофаа вазири Руван Виджевардена худкуш-террорчилар раҳбари Буюк Британияда таҳсил олгани ҳақида маълумот берган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид