Спорт | 22:52 / 25.04.2019
3037
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Голландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорлик қилади

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

25 апрель куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида (МОҚ) Голландиянинг Elsevier компанияси вакиллари билан семинар ташкил этилди. 

Унда Elsevier компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази мутахассислари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадқиқотлар олиб бораётган бир гуруҳ ёш олимлар, талаба ва магистрлар, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Йиғилиш давомида Ўзбекистон МОҚ ва Elsevier компанияси вакиллари ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича «Спорт ва илм-фан» меморандуми имзоланди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

«Бу ҳамкорлик спортчиларни йирик халқаро мусобақаларга тайёрлаш ва юқори натижаларга эришиш, қолаверса, спорт илм-фанинининг ривожини янги чўққига олиб чиқиши билан аҳамиятли. Меморандум жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт университетига мутахассислар етказиб бериш, мамлакатда спорт медицинасини ривожлантириш каби истиқболли дастурларни ўз ичига олади. Шунингдек, МОҚ билан WADA, FIFA, AIBA ва бошқа йирик спорт ташкилотларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда спортни методологик ривожлантириш соҳаси ҳам меморандумда кўрсатиб ўтилган ва Ўзбекистонда ушбу йўналишларни ривожлантиришни кўзлаганмиз», – деди Алия Оспанова.

Маълумот учун, Elsevier — жаҳондаги энг йирик тўртта илмий нашриёт-матбаа уйидан бири ҳисобланиб, ҳар йили дунё бўйлаб нашр этиладиган барча илмий журналларнинг чорак қисми айнан унинг ҳиссасига тўғри келади. Компанияга 1880 йили Голландиянинг Амстердам шаҳрида асос солинган. Шунингдек, компания Буюк Британия, АҚШ, Бразилия ва бошқа мамлакатларда ўз филиалларига эга.

Компания маҳсулотларининг обуначи-мижозлари сирасига бутун дунёдаги илмий-тадқиқот марказлари, университетлар, кутубхоналар, вазирликлар ва ташкилотлар, шунингдек Европа, Америка ва Осиёнинг хусусий корпорациялари киради.

Жаҳон бўйлаб 30 миллиондан ортиқ олимлар, талабалар ва турли соҳа мутаҳассислари нашриёт маълумотларидан фойдаланиш имконига эгалар. Компания томонидан 1 йилда 240 миллиондан зиёдроқ маълумот ва мақолалар интернет тармоғига жойланиб борилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид