Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳаж ва Умра сафарлари ташкилотчилиги туроператорларга ўтказиладими?
Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил қилиш ҳозирча туроператорларга ўтказилмайди, бироқ бу борадаги ишлар бошлаб юборилган, таклифлар ишлаб чиқилмоқда, ташкилотчилик учун масъулият эса ҳамон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тасарруфида қолмоқда. Kun.uz мухбири 26 апрель куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан I чорак якунларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманидан шу ҳақида хабар берди.
"Умра ва Ҳаж сафарлари ташкилотчилиги ҳақида гап кетганда, бу ерда нозик масалалар кўп эканлиги маълум. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Умра ва Ҳаж тадбирларини туроператорларга топшириш масаласида Саудия Арабистонига бориб келди. Бу ерда ўзига яраша хавфсизлик ва бошқа қатор масалалар бор. Аслида зиёратчилар Умра ёки Ҳажга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан йўлланмайди, бу ишлар Диний қўмита томонидан амалга оширилади", - деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев журналистларнинг шу ҳақидаги саволига жавоб берар экан. Унинг сўзларига кўра, айни дамда бу масала очиқлигича қолмоқда.
Инновацияларни жорий этиш ва смарт-туризм бўлими бошлиғи Иброҳим Барноевнинг сўзларига кўра, айни дамда қўмита томонидан Ҳаж ва Умра сафарларига оид таклифлар ишлаб чиқилмоқда:
"Ҳозирги кунда Туризмни ривожлантириш қўмитаси томонидан бу масалада таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Таклифлар Дин ишлари бўйича қўмитага йўлланади ва таҳлил қилинади, асосий гап уларда қолади".
Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳам ушбу масала бўйича шуғулланмоқда. Кенгаш раиси Тоҳир Солиевнинг қўшимча қилишича, турфирмалардан Жамоатчилик кенгашига бу борадаги бир неча таклифлар келиб тушган.
"Биз мутахассислар билан ишлаб, уларнинг бу борадаги фикрларини тайёрлаяпмиз, фикрлар жамланиб қўмитага топширилади ва ундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмитага етказилади. Бу жуда жиддий масала бўлиб, у нафақат туризм билан боғлиқ, бу ерда хавфсизлик масаласи ҳам бор. Фикримча, бу масаланинг ечимига тез эришиб бўлмайди, лекин жараён бошланган".
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Туркия, Малайзия, Индонезия каби мусулмон давлатларнинг шунга доир тажрибаси ўрганилмоқда, уларнинг тажрибасини Ўзбекистонга мослаштириш керак.
"Ҳозир шундай даврки, бу муаммо ҳам кутилмаганда оптимал ечимини топиши мумкин", - дея хулоса қилди у.
Мавзуга оид
17:13 / 27.05.2025
Ўзбекистон Россия фуқароларининг мамлакатга киришини енгиллаштириши мумкин
16:20 / 26.05.2025
«Самолётга чиқиши билан уйқуга кетган ва уйғонмаган» – Мадинада вафот этган ўзбекистонлик имом ҳақида маълумот берилди
10:59 / 26.05.2025
Ракат масжиди имоми Раббимқул Муҳаммадиев Мадинада вафот этди
12:13 / 21.05.2025