Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кучли бешликда тур якунлари: ЕЧЛдан узоқлашган «МЮ» ва Германиядаги интригалар
Дам олиш кунлари Европанинг «кучли бешлик» чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари ўтказилди. Олдинги ҳафталарда Италия ва Францияда чемпион аниқланганди, бу ҳафта Испанияда ҳам ғолиб номи муддатидан олдин маълум бўлди. «Барселона» деярли рақобатсиз Ла Лигада чемпионга айланди.
Германия ва Англияда чемпион охирги турларда аниқланадиган бўлди. АПЛ етакчиси «Манчестер Сити» 36-турда «Бёрнли»ни катта қийинчилик билан мағлуб этиб, бош соврин томон яна бир қадам ташлади. «МЮ» эса ўз майдонида «Челси»ни юта олмай, ЕЧЛ йўлланмаси учун курашдаги имкониятларини ёмонлаштириб юборди. Қуйида «кучли бешлик»да ҳафтанинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.
АНГЛИЯ
«Сити» чемпионликка «3 сантиметр яқинлашди»

Англияда 36-тур ўйинлари ўтказилди. Ҳафта ўртасида 31-турнинг қолдирилган ўйинида «МЮ»ни енгиб, етакчига айланиб олган «Манчестер Сити» меҳмонда «Бёрнли»га қарши ўйинда жиддий қаршиликка дуч келди. Шон Дайч шогирдлари «Манчестер Сити»нинг оёғидан чалиш учун ҳаракат қилишди, лекин кетма-кет иккинчи чемпионлик сари кетаётган «шаҳарликлар» қийинчилик билан бўлса-да, ғалабани илиб кетишди.
Серхио Агуэро 63-дақиқада тинимсиз ҳужумлардан сўнг гол урди. «Сити» учун ўта муҳим ғалабани тақдим этган бу гол чиройли чиқди деб айта олмаймиз. Чунки Агуэро зарба берганидан сўнг тўп дарвоза чизиғини атиги 3 сантиметрга кесиб ўтди. Ҳакам АПЛда жорий қилинган голни аниқлаш тизими ёрдамидагина ҳисоб очилганини қайд этди. Бу ғалабадан сўнг «Сити» очколари сонини 92тага етказиб, етакчилик қилишда давом этмоқда. 2-ўриндаги «Ливерпуль» ҳисобида 91 очко бор.
«МЮ» ЕЧЛдан узоқлашди
Турнинг қизиқарли ўйинларидан бири «Олд Траффорд»да бўлиб ўтди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «МЮ» ўз майдонида «Челси»ни қабул қилди. Бу ўйинда йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонса, манчестерликлар 4-ўринга ҳам кўтарилиб олиши мумкин эди. Чунки «Арсенал» бу турда «Лестер»га имкониятни бой берганди (0:3).
«МЮ» ўйин бошидаёқ Хуан Матанинг голи эвазига ҳисобни очганди, лекин Давид Де Хеанинг хатосидан фойдаланган Маркус Алонсо мувозанатни тиклаб, «Челси»га ғалабага тенг дурангни тақдим этди. Бу дурангдан сўнг «Челси» «кучли тўртлик»даги ўрнини сақлаб қолди, лекин Сарри шогирдлари ҳам «Олд Траффорд»да муҳим очколарни бой беришди. Чунки Манчестердаги ғалаба «Челси»ни 3-ўринга олиб чиқиши ҳам мумкин эди.
9 ўйинда 10та гол урган Варди
Бу турда «Арсенал» «Лестер» меҳмони бўлди ва кутилмаганда йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «тўпчилар» Варди ва жамоадошларига қарши ҳеч нарса қила олишмади. Англия миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлаган Жейми «Арсенал» дарвозасига иккита гол урди. Шу тариқа, ҳужумчи АПЛ доирасидаги охирги 9та ўйинда 10та голга муаллиф бўлди.
Шу билан биргаликда, Варди «Арсенал»га қарши ўйинлардаги 8-голини урди. Ҳужумчи ҳеч бир жамоага бунчалик кўп гол урмаган. Бунгача Вардининг «энг севимли» жамоаси «Ливерпуль» эди. «Катта олтилик» жамоаларига гол уришни ёқтирадиган Варди «Ливерпул» дарвозасини 7 бор ишғол этган.
«Гол ёмғири» «Ливерпуль»ники
Чемпионлик учун курашаётган «Ливерпуль» бу турда «Ҳаддерсфилд»ни қабул қилди. Клопп жамоаси аллақачон АПЛни тарк этган клубни аяб ўтирмади ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане иккитадан гол уришди. Бу голлардан сўнг Салоҳ ва Мане тўпурарлар пойгасида етакчига айланиб олишди. Салоҳ 21та, Мане 20та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқариб туришибди.
Бу ўйинда Эндрю Робертсон ҳам рекорд ўрнатди. Шотландиялик футболчи АПЛнинг бир мавсумида 11та голга ассистентлик қилган илк ҳимоячига айланди.

ИСПАНИЯ
«Барселона» - 26 карра Испания чемпиони!

Испания Ла Лигасининг 35-турида чемпион номи аниқ бўлди. Ўз майдонида «Леванте»ни қабул қилган «Барселона» 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, муддатидан аввал чемпион бўлди. Ғалаба голига Лионель Месси муаллифлик қилди. Мавсумни жуда юқори савияда ўтказаётган Месси Ла Лигадаги голлари сонини 34тага етказиб, «Олтин бутса» учун пойгада ҳам яққол етакчига айланиб олди. Мбаппе ундан 4та голга ортда қолмоқда. Месси «Барселона» сафида 10 марта Испания чемпиони бўлган илк футболчига айланди.
«Леванте» дарвозабони Айтор Фернандес жамоаси мағлубиятга учраганига қарамай, мавсум рекордини ўрнатди. 27 ёшли посбон бу ўйинда 11 марта сейв қайд этди. Ҳали ҳеч бир посбон Ла Лиганинг жорий мавсумидан ўрин олган бирор ўйинида бунчалик кўп сейв қилмаганди.
«Мавсум тезроқ тугай қолсайди...» — «Реал» 20-ўриндаги жамоага ютқазди
Мавсумни ёмон ўтказаётган «Реал» 35-турда ҳам ютқазди. Зидан шогирдлари 20-ўринда бораётган «Райо Вальекано» меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Зидан бу ўйиндан сўнг шундай деди: «Мавсум тезроқ тугай қолсайди...». Бу мағлубият «Реал»нинг Чемпионлар Лигаси йўлланмасини кафолатлашига халақит бермади. Чунки....
«Реал»нинг ҳамма рақобатчилари енгилди
Бу турда «Реал» билан бирга жамоанинг барча рақобатчилари мағлуб бўлди ва бу «Бланкос»нинг ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишини таъминлади. Ла Лиганинг 35-турида «Севилья» Каталонияда «Жирона»га, «Валенсия» ўз майдонида «Эйбар»га, «Хетафе» эса басклар ўлкасида «Реал Сосьедад»га ютқазди. Айниқса, Европа Лигаси ярим финалида ўйнайдиган «Валенсия»нинг мағлубият аламли бўлди. «Кўршапалаклар» 90+3-дақиқада урилган гол туфайли ўз ўрнини таҳлика остида қолдирди.

ИТАЛИЯ
Роналду яна «Ювентус»ни қутқариб қолди

Италияда чемпион аниқ бўлиб улгурганига қарамай чемпионат ўйинлари зерикарли ўтмоқда деб бўлмайди. 34-турнинг марказий ўйинида «Интер» чемпионликни расмийлаштирган «Ювентус»ни қабул қилди. Турнир жадвали жиҳатидан ўзи учун ўта муҳим бўлган ўйинда «Интер» мағлубиятга учрамай, чемпиондан очко ололди.
Миланликлар Раджа Наингголаннинг ажойиб голи эвазига ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишганди, лекин Криштиану Роналду супер гол уриб, «Юве»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Бу унинг клублардаги фаолияти давомида урган юбилей – 600-голи бўлди.
Куальярелла яна гол урди
36 ёшида Италия чемпионатида тўпурар бўлиб турган «Сампдория» ҳужумчиси Фабио Куальярелла яна гол урди. Ўз майдонида «Лацио»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган «Сампдория»нинг ягона голига айнан ушбу ҳужумчи муаллифлик қилди. Шу тариқа, «қария тўпурар» А Серияда урган голлари сонини 150тага етказиб олди. Жорий мавсумда эса Фабио 23та гол билан тўпурарлар пойгасида етакчилик қилмоқда.
«Буқалар» «Милан»ни «босиб ўтиб кетди»
А Сериянинг 34-турида «Торино» ўз майдонида «Милан»ни қабул қилди. Бу турнир жадвалида тўғридан-тўғри рақобатчиларнинг тўқнашуви бўлгани билан ҳам аҳамиятли эди. Охирги вақтларда ёмон ўйин кўрсатаётган «Милан» 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Андрей Белотти ҳамда Алекс Беренгер томонидан киритилган голлар «буқалар»га ғалаба келтирди. Бу ғалабадан сўнг «Торино» очколар бўйича «Милан»га етиб олди ва қўшимча кўрсаткич бўйича 6-ўринни Гаттузо шогирдларидан тортиб олди.

ГЕРМАНИЯ
Бундеслигада «ҳеч ким чемпион бўлмоқчи эмас»

Германия бундеслигасида 31-тур ўйинлари ўтказилди. Одатда бу вақтда «Бавария» навбатдаги чемпионликка тайёргарлик кўраётган бўларди, лекин бу мавсумда мюнхенликлар жиддий рақобатга дуч келишди. «Бавария» бу мавсумда кучсизлангани бунинг биринчи сабаби бўлса, Дортмунднинг «Боруссия» клуби кучайгани ҳам рақобат юзага келишига омил бўлди.
31-турда ҳар икки жамоа очко йўқотди. «Бавария» 17-ўриндаги «Нюрнберг»ни енга олмади (1:1). «Боруссия Д» эса Рур дербисида азалий рақиби «Шальке»га 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўта шиддатли кечган баҳсда «Боруссия»нинг 2 футболчиси 5 дақиқа ичида майдондан четлатилганини ҳам таъкидлаш керак.
60-дақиқада Марко Ройс, 65-дақиқада Мариус Вольф майдонни тарк этди. Қизил карточкалардан сўнг «Шальке» иккита гол урди, дортмундликлар ҳам битта гол билан жавоб қайтаришга муваффақ бўлишди.
Шу тариқа, Бундеслиганинг иккита етакчиси ҳам ўз ўйинида ғалаба қозона олмай, чемпионлик томон қадам ташлаш имконини қўлдан бой берди.

ФРАНЦИЯ
Франция чемпионатида чемпион аллақачон аниқ бўлган. Муддатидан аввал чемпионликни ҳал қилган «ПСЖ» бу ҳафта мамлакат кубоги финалида қатнашиб, «Ренн»га имкониятни бой берди. Франция чемпионатининг 34-тури «Лилль»нинг яна 5та гол ургани билан ёдда қолди. Чемпионатда иккинчи ўринда бораётган ва «ПСЖ»ни 5:1 ҳисобида енгган «Лилль» бу гал «Ним» дарвозасига жавобсиз 5та гол йўллади.
«Марсель» ўз майдонида «Нант»га 1:2 ҳисобида енгилиб, «кучли тўртлик»га кириш имкониятларини пасайтириб юборди. Марселликларнинг ягона голига Марио Балотелли муаллиф бўлди. «Лион» «Бордо» меҳмони бўлиб драматик ғалабани қўлга киритди. Лигада қолиш учун курашаётган «Канн» тўғридан-тўғри рақобатчиси «Дижон»ни енгиб, «хавфли ҳудуд» «етакчиси»га айланиб олди. «Монако» кейинги турларда қоқилишидан умид қилаётган «Канн» 1-дивизионда ўз ўрнини сақлаб қолиб, қуйи дивизион чиптасини князлик клубига «совға қилиши» ҳам мумкин.


Мавзуга оид
16:32 / 22.02.2025
«Манчестер Сити» «Ливерпул»га қарши, «Челси» ва «Бавария»да ҳам жиддий синов. Ҳафта ўйинлари анонси
13:39 / 16.02.2025
Пепдан мақтов, Ҳоландни ортда қолдирди ва ғалабали серия – Ҳусанов «Сити»даги илк 90 дақиқани қандай ўтказди?
11:47 / 16.02.2025
«Сити»да йирик ғалаба, «Реал» ўйинида можаро. Кун ўйинлари
20:44 / 08.02.2025