Жамият | 18:50 / 30.04.2019
13664
6 дақиқада ўқилади

Аҳоли норози бўлса-да Паст Дарғомдаги трансформатор пана жойдан катта йўл ёқасига кўчирилди. Бу мавжуд тартибларга тўғри келадими?

Kun.uz сайтида «Паст Дарғомлик безори маҳалла тинчини бузмоқда: Ҳоким, ИИБ бошлиғи ва прокурор жим» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган, унда туманнинг Чархин қўрғони «Мирзо Улуғбек» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Баланс Транс Сервис» оилавий корхонаси бошлиғи Санжар Зияев маҳалла аҳлига хизмат кўрсатаётган трансформатор подстанциясини кўчага — Самарқанд – Каттақўрғон йўли четидаги Димишқо канали бўйига кўчириб, трансформатор подстанцияси турган ҳудуд — ички йўлни ноқонуний эгаллашга уринаётгани ва маҳалла аҳлининг тинчини бузаётгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Маълум бўлишича, мазкур мақоладан сўнг туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ва туман масъуллари вазият билан танишишган.

Маҳалла аҳлининг билдиришича, туман ҳокими мақола эълон қилинган куннинг эртасига тумандаги мутасаддилар билан автобусда келиб, воқеа жойини ўрганган.

Биз воқеа жойига етиб борганимизда туман электр тармоқлари идораси («Электросеть») раҳбари Ҳикмат Ҳаитов туман ҳокими трансформатор умумфойдаланувдаги йўл ичидан ташқарига чиқарилиши бўйича буйруқ берганини айтди. Бироқ аввалига айнан канал бўйига кўчирмоқчи эмасликларини, уни кўчириш учун жой ахтарилаётганини билдирган бўлса-да, кейинроқ ходимларига бу ҳоким буйруғи эканлиги, трансформаторни бугуноқ кўчириш кераклигини таъкидлади.

Тўғри, трансформаторнинг ҳозирги жойлашган ўрни ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. У ошхона ёрдамчи биноларига жуда яқин жойлашган. Ҳаитовнинг айтишича, жала вақтида томдан ёмғир суви сачраши ва авария рўй бериши эҳтимоли юқори.

Ҳикмат Ҳаитов трансформаторга ноқонуний уланган симлар ҳам борлигини кўрсатиб, бу симлар қаерга кетаётганини билмаслигини айтди. Наҳотки, тумандаги МИБ ва бошқа идоралар бундан бехабар бўлса?

Вилоят архитектура бўлими мутахассиси Улуғбек Рустамов маҳалла аҳли мурожаатини ўрганиш учун келганини айтиб ўтди. Низоли кўча атрофидаги жами қурилмаларнинг ҳужжати билан танишиб чиқишини, шундан сўнг мутахассислар якуний бир хулосага келишини билдирди.

Трансформаторни бошқа жойга кўчиришнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор экан. Масалан, Паст Дарғом ТЭТ идорасининг Чархин бўлими устаси Пўлат Ҳамраевнинг айтишича, трансформатор кўчирилишидан С.Зияев манфаатдор бўлса, у янги кўчириладиган жойга лойиҳа тайёрлайди, вилоят электр тармоқлари идорасидан техник шарт розилигини олади ва трансформаторнинг кўчирилиши билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди. Лекин бу талабларнинг бирортаси бажарилмаган.

 

Хуллас, бизга маълум қилинишича, трансформатор подстанцияси янги жойга кўчирилмоқда. Кейинги ҳаракат умумфойдаланувдаги ички йўл Санжар Зияевга хатлаб берилиши бўлиши мумкин. Чунки Зияев аллақачон умумфойдаланиш йўлагига дарвозани ўрнатиб, қулфлаб олиб ҳам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистраль каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик суви ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги №174-сонли қарорига кўра, каналнинг муҳофаза зонаси ҳар икки қирғоғидан 20 метр масофани ташкил этади ва бу зонада ҳеч қандай иншоот қуриш мумкин эмас.

Паст Дарғом туман ирригация бўлимининг 2019 йил 27 апрелда «Мирзо Улуғбек» МФЙнинг мурожаатига йўллаган хатида ҳам бу ўз аксини топган.

Қолаверса, трансформатор кўчирилиши керак бўлган ҳудуд остидан ер ости кабеллари ўтган ва қоидага кўра, бу ерда умуман қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмас. Шу сабабли, унинг учун янги жой танланади.

Қизиқ вазият юзага келяпти: трансформатор жойлашган кўчани эгаллаш учун С.Зияев туман давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилиши керак эди. Бироқ туман ДХАга бундай мурожаат келиб тушмаган.

Биз билан суҳбатда «Мен ҳужжатларни кадастрга топширганман, улар расмийлаштириб беришади», деган эди. Ҳозир бундай ишлар билан ДХА шуғулланиши керак-ку?! Ёки Зияев ўзига Паст Дарғом туман Ер ресураслари ва давлат кадастри бўлими орқа сана билан ҳужжат расмийлаштириб беришига ишонадими?

Бундан ташқари, трансформатор подстанцияси учун масъул бўлган «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ маҳалла аҳлининг мурожаатига жавобан ёзган хатида подстанция кўчирилмаслигини таъкидлаб ўтган эди.

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори Маҳмуд Пардаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда трансформатор кўчирилмайди, деб топшириқ берганини, ким буйруқ берган бўлса ҳам бу бажарилмаслигини айтиб ўтди. Агарда ким кўчирилишини истаса — ўша инсоннинг ҳисобидан, лойиҳа ва техник шарт тасдиқлангач кўчирилишини айтди.

«Нега мен бу ишни текинга қилишим керак? Кимдир ҳокимга айтиб текин қилдирмоқчи бу ишни», — дейди у.

Маҳалла аҳли ўзи шу трансформатор кўчирилмаслигини истаб, идораларга чопа-чоп қилиб юрган эди. У барибир кўчага, сув бўйига ўрнатилмоқда. Қолаверса, умумий фойдаланишдаги йўлакдан ўз уйининг дарвозасидан кира олмасдан ҳалак бўлиб келаётган фуқаро Мардонқул Раҳмонқулов ва умумий овқатланиш корхонасининг ёрдамчи хоналарига ўтиш учун ишчилар нима қилиши керак?

Гап трансформаторнинг кўчириш-кўчирилмаслигида ҳам эмас, гап умумий фойдаланувдаги йўлканинг ноқонуний эгаллаб олинаётганида.

Электр энергиясини тақсимловчи трансформаторни сув оқадиган канал бўйига кўчиришдек номақбул иш яна қаерда кузатилиши мумкин? Бу борада ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилиш керак эмасми?

Тўлдириш: Айни вақтда трансформатор янги жойга ўрнатилган

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид