Спорт | 14:30 / 30.04.2019
7479
3 дақиқада ўқилади

Умид Аҳмаджонов: «Ўйин вақтини чўзган футболчининг жамоасига керак бўлса техник мағлубият ёзилсин»

ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов бугун, 30 апрель куни Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида йиғилиш ўтказди. ЎФА хабарига кўра, мажлис футболни янада ривожлантириш ва Суперлига ўйинларининг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган. Унда ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари, Суперлига клубларининг бош мураббийлари ва ҳакамлар иштирок этишган.

Йиғилишда Умид Аҳмаджонов ўзбек футболида юзага келаётган камчиликлар, оқсалишлар ва келишилган ўйинлар хусусида тўхталиб ўтган.

«Футболимизни имкон қадар тезроқ Европа даражасига олиб чиқишимиз керак. Бунинг учун барчамиз бирдам бўлиб ишлашимиз талаб этилади. Келишилган ўйинларга аралашган шахсларни оғир жазо кутиб турибди. Футбол фақат мухлислар учун.

Ҳозир ўйинларни 18та телекамера тасвирга олиши ва VAR тизимини қўллаш бўйича янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Мухлисларга шаффоф ўйин намойиш қилишни таъминлашимиз лозим. Ўйин вақтини чўзадиган футболчилар жиддий жазолансин. Уларга сариқ ва қизил карточкаларни аямасдан кўрсатинглар. Керак бўлса, жамоага техник мағлубият ёзилсин. Эртага бошланадиган янги турдан мана шу тизимни татбиқ қилайлик», – деган Умид Аҳмаджонов.

Йиғилиш давомида Умид Аҳмаджонов футболни янада ривожлантириш борасида тегишли кўрсатма ва чора-тадбирлар, қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан масъул мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берган. Шунингдек, ПФЛ раҳбарлари мухлислар учун стадионларда қулай шарт-шароитлар яратиш, барча стадионларда оилавий секторлар ташкил этиш, ўйин вақтини белгилаш вақтида кўпгина мезонларни ҳисобга олиш борасида керакли топшириқларни қабул қилиб олишган.

Ҳакамлар номидан сўзга чиққан Равшан Эрматов ўйинлар давомида футболчи ва мураббийларни фейр-плейга амал қилишга, соф ўйин вақтини оширишга чақирган. Кўплаб вазиятларда футболчилар вақт чўзиш учун ётиб олишлари хунук ҳолат эканлиги, бундай ҳолатлар футбол жозибасини туширишини таъкидлаб ўтган ФИФА рефериси, жумладан, шундай деган:

«Динамо» - «Навбаҳор» учрашуви ҳақида ҳалигача ижобий фикрлар билдирилмоқда. Ўйин шиддатли ва курашларга бой тарзда, мухлисларга ёқадиган кўринишда ўтди. Бунинг учун ҳар икки жамоа бош мураббийларига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Улар ўйин бошида футболчилар майдонга йиқилиб, ётиб олишган вазиятларда ҳакамларга эмас, ўз футболчиларига эътироз билдиришди. Туриб ўйинни давом эттириш кераклигини таъкидлашди. Натижада, кейин ҳамма чиройли ва шиддатли ўйин гувоҳига айланди. Барча мураббийлардан мана шундай йўл тутишни, футболчилар билан тушунтириш ишлари олиб боришни сўраб қолардик».

ЎФА хабарида қўшимча қилинишича, ўйин пайтида ҳакамлар ва рақибларини сўкадиган, ўз ҳиссиётларини жиловлай олмайдиган футболчиларни қатъий жазолаш масаласи ҳам мажлисда кўриб чиқилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид