Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғузор ва Самарқандда сувнинг қадри икки хилми?
Бир неча ҳафта олдин Қашқадарёнинг Ғузор туманида қатор маҳаллаларда аҳоли ичимлик суви таъминотидан қийналаётганига гувоҳ бўлгандик.
Қуйидаги суратда акс этган бетон ҳовузларда ғузорликлар икки уч тонна сув сотиб олиб сақлашади. Одатда бу сув икки ойгача сақланади ва... истеъмол қилинади.

Ғузорда ҳам сув тортиш мумкин бўлган қудуқлар бор. Аммо ундаги сув таркибида туз миқдори анча баланд бўлгани учун ҳам истеъмолга яроқсиз.
Бу муаммо ҳеч кимга сир эмас. Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган ҳам эмас. Туман ҳокими ҳам энг оғриқли муаммо сув таъминоти эканини эътироф этиб, шу кунларда сув тозалаш иншооти қуриш бўйича хорижликлар билан қўшма лойиҳа муҳокама этилаётганини билдирганди.
Шундоққина қўшни вилоят — Самарқандда эса шу кунларда келаётган мурожаатларни тингласангиз, исроф бўлаётган ичимлик сувига ачинасиз.
Қуйидаги суратларда Самарқанд шаҳрининг халқ тилида «Макаронка» деб аталувчи ҳудудидаги «булоқ»лар акс эттирилган. Тоза ичимлик суви бир икки кун эмас, ҳафталар давомида кўчаларни тўлдириб оқмоқда, исроф бўлмоқда.





Бу ҳам етмагандек, атрофдаги тадбиркорлар ҳар йили кўчани таъмирлашдан чарчамайди. Аммо кўчадан сув оқиб тургач — бефойда.
Самарқанд шаҳрининг Оқсарой маҳалласида ҳам худди шундай ҳолат. Фарқи бу ерда тоза ичимлик суви бир ой эмас, йил давомида исроф бўлмоқда.
— Ўртача ҳар ойда икки марта шаҳар «Сувоқова» корхонасига мурожаат қиламан, — дейди шу маҳаллада яшовчи Ф.Тўрақулов. — Бир неча марта корхона ходимлари келишди, таъмирлашди, аммо орадан бир неча кун ўтиб яна шу ҳолат бошланади. Кўчамиздаги бу пластмасса сув қувури 2009 йилда ўрнатилган. Кейинги йилларда сал оғирроқ машина ўтса ёрилиб кетадиган бўлди. Таъмирлайвериб, бутун жойи қолмаган. Сифатсиз қувур ётқизилганми, ишқилиб кунора шу аҳвол.



Сув қувури кеча ё бугун ёрилмагани, анчадан буён шу муаммо мавжудлигини Ф.Тўрақуловнинг нам тортавериб авария ҳолатига келиб қолган уйи ҳам тасдиқлаб турибди.



Шу кўчадаги Д.Бобокалонованинг хонадонида ҳам худди шундай аҳвол.
Ёлғон бўлмасин, 30 апрель кунида ҳам ана шу маҳаллада Самарқанд шаҳар «Сувоқова» корхонаси ходимлари ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо афсуски, ҳалиям муаммо муаммолигича турибди. «Сувоқова» ходимлари бу каби авария ҳолатлари шаҳарда ҳар куни кўплаб бўлгани боис ҳаммасига ҳам улгуриш қийинлигини айтишади. Демак, тоза ичимлик суви исроф бўлаётган ҳолат бир ёки иккита эмас. Кеча — 30 апрель куни Самарқанддаги zarnews.uz сайтида ҳам худди шу муаммо бўйича яна бир ҳолат танқид қилинган «Сувнинг қадрини «Сувоқова» билмас экан» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.
Аварияларнинг ҳар куни кузатилаётгани эса, фикримизча, шаҳардаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан, сув қувурлари аллақачон ўз вазифасини бажариб бўлганини кўрсатади. Бу соҳага пул ажратиш, тизимни янгилаш вақти келган, назаримизда. Яна бир ҳолат шуки, ёрилаётган, ишдан чиқаётган қувурлар орасида сўнгги 10 йилда қўйилганлари ҳам бор. Улар нега ишдан чиқмоқда? Бу борада ҳам тегишли назорат ишларини олиб бориш керак.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:37 / 26.05.2025
Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув хизматлари нархи оширилади
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025