Жамият | 12:00 / 03.05.2019
25051
5 дақиқада ўқилади

«Капиталбанк» судда ютқазди. Kun.uz ёритган муаммо бўйича тадбиркор ҳақ бўлиб чиқди

Kun.uz сайти орқали андижонлик тадбиркорнинг муаммолари баён этилганди. Унда дастлаб аукцион орқали сотиб олинган мол-мулкларни Андижон вилояти, Хонобод шаҳар «Коинот» кўчаси 41-уй манзилида жойлашган «Fozilmon Nasilli Parranda» МЧЖга тегишли бўлган паррандачилик фабрикаси ҳудудидан олиб кетилишига ҳокимлик ва Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тўсқинлик қилинаётгани ёритилганди.

Ҳокимият ва ИИБ билан муаммолар ҳал бўлгач, 2018 йил ноябрь ойида «Хонобод Бройлер» МЧЖга қарашли бўлган мол-мулклар «Капиталбанк» АТБ томонидан ноқонуний эгаллаб олингани ҳақида «Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?» сарлавҳали материал эълон қилинган эди.

Тадбиркор томонидан таҳририятга тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, «Хонобод Бройлер» МЧЖ тугатиш бошқарувчиси «Капиталбанк» АТБнинг бош офисига нисбатан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, «Хонобод Бройлер» МЧЖга тегишли бўлган Андижон вилояти, Хонобод шаҳри, Коинот кўчаси 41-уй манзилидаги паррандачилик комплекси ҳудудидаги мол-мулкларни «Капиталбанк» АТБ Бош офисининг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиб беришни сўраган.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Ф.Ёдгоровнинг 2019 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва «Хонобод Бройлер» МЧЖга қарашли 84 дона бетон устун, 341 дона электр энергияси учун бетон устун, 2 дона 9 метрлик видеокузатув камералари учун устун, 18700 п.метр АС-35 алюмин сими, 7 комплект ТП-400 10/04 трансформатор станцияси, 1 комплект парранда сўйиш цехи ускуналаридан иборат мол-мулклар жавобгар «Капиталбанк» АТБ Бош офисининг ноқонуний эгалигидан олиб берилган. Шунингдек, қарор билан «Капиталбанк» АТБ Бош офиси ҳисобидан республика бюджетига 5 458 000 сўм давлат божи, Тошкент туманлараро иқтисодий судига 16 000 сўм почта харажати, Ўзбекистон Республикаси Олий судига 50 682 сўм видеоконференцалоқа режими харажатлари учун ҳақ ундириш белгиланган.

Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан «Капиталбанк» АТБ Тошкент шаҳар Иқтисодий судига апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, суднинг юқорида қайд этилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвогарнинг даъво талабларини рад этишни сўраган.

«Капиталбанк» АТБнинг шикояти Тошкент шаҳар Иқтисодий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2019 йил 16 апрелдаги қарори билан қаноатлантиришдан рад этилди. Қарорга мувофиқ «Капиталбанк» АТБ ҳисобидан 50 682 сўм видеоконференцалоқа режими харажатлари учун ҳақ ундириш белгиланди.

Шу билан «Капиталбанк» АТБ томонидан ноқонуний эгаллаб олинган мулклар унинг ҳақиқий эгаси бўлган «Хонобод Бройлер» МЧЖга қайтарилиши белгиланди. Бу тўғрида Тошкент туманлараро иқтисодий суди 2019 йил 22 апрель куни ижро варақаси чиқариб, 15 апрелдан кучга кирган ҳал қилув қарорини ижро этиш, яъни тадбиркорга тегишли мулкларни «Капиталбанк» АТБ Бош офисининг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиб бериш белгиланди. Мазкур ижро иши Мажбурий ижро бюросининг Хонобод шаҳар бўлими Давлат ижрочиси У.Мамазулуновнинг иш юритувига қабул қилиниб, 1 май куни ижро ишини юритиш қўзғатилган ва ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажариш учун «Капиталбанк» АТБ Бош офисига 5 кунлик (6.05.2019 йилга қадар) муддат белгиланган.

Ниҳоят узоқ чўзилган сарсонгарчилик мулкнинг ҳақиқий эгаси фойдасига ҳал бўлди.

P.S.: Kun.uz сайти орқали 2018 йил ноябрь ойида «Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?» номли материал эълон қилингани учун «Капиталбанк» АТБ Бош офиси таҳририятни банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказганликда айблаб, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритган ва ушбу материал эълон қилиниши натижасида бой берилган 164 909 589 сўм (бир юз олтмиш тўрт миллион тўққиз юз тўққиз минг беш юз саксон тўққиз сўм) фойдани таҳририятдан ундириш талабини қўйган. Мазкур даъво бўйича барчаси одил судловнинг қабул қиладиган қарорига мувофиқ ҳал этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид