Ўзбекистон | 16:44 / 03.05.2019
23213
3 дақиқада ўқилади

Сенат Зангиота ва Сергели туманлари чегараларини ўзгартиришни маъқуллади

Тошкент шаҳри Сергели туманида кўп қаватли уйлар қурилаётган ер майдонлари Тошкент вилояти маъмурий чегараси ҳудудида жойлашган бўлиб, ҳужжатларни расмийлаштиришда бир қатор муаммоларни вужудга келтирмоқда. Бу ҳақда сенатор Сайёра Баратова маълум қилди. 

«Янги қуриб битказилган уйларга кўчиб келаётган шаҳар аҳолисини доимий рўйхатга қўйишда ва хонадон ҳужжатларини расмийлаштиришда дуч келинаётган муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда», - дея сенатор Баратованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент шаҳар ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ва Тошкент вилоятининг Зангиота тумани чегаралари ўзгартирилиши ҳамда Сергели туманига 428 гектар ер майдони қўшиб берилиши биринчи навбатда Тошкент шаҳри аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида юқорида қайд этилган 2019 йилга мўлжалланган ҳар томонлама қулай кўп қаватли уйлар қурилиши учун муҳим аҳамият касб этади. 

Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Ғуломжон Ибрагимов вилоят ҳудудидан ажратиб берилаётган ҳудудда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб, улар 3та, яъни «Пастдархон», «Юқоридархон» ҳамда «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғинига бирлашган янги қуриб битказилган уйларга кўчиб келаётган шаҳар аҳолисини доимий рўйхатга қўйишда ва хонадон ҳужжатларини расмийлаштиришда дуч келинаётган муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини билдирди.

«Бундан ташқари, мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган аксарият оилаларнинг фарзандлари Сергели туманида жойлашган касб-ҳунар коллежларида таҳсил олишади. 

Шу сабабли, ҳудуд аҳолиси мазкур маҳаллаларни Тошкент шаҳрининг Сергели туманига ўтказилиши бўйича ташаббусни илгари суриб, Зангиота тумани ҳокимлигига мурожаат қилган. Халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши ҳамда халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши томонидан ушбу ташаббус қўллаб қувватланди», - дейди Ибрагимов.

Сенат Зангиота тумани ва Сергели тумани чегараларини ўзгартиришни маъқуллади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳудудлари қисман ўзгартирилиши ҳақида хабар берилганди

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид