Тунги клублар атрофидаги жиноятчиликка қарши курашиш учун ҳукумат қарори қабул қилинади - Пўлат Бобожонов

Фото: KUN.UZ
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастури бўйича белгиланган вазифалардан бири аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ишларини янги босқичга кўтариш, шунингдек жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш масалалари бўлганди.
Сенатор Бойматжон Расулов ҳанузгача тунги дам олиш масканлари атрофида жиноятчиликка қарши кураш чоралари кўрилмаётганини танқид қилиб, мутасаддиларга савол берди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг айтишича, ҳақиқатдан тунги пайтда фаолият кўрсатадиган кўнгилочар масканлар ва унинг атрофларида жамоат тартибини сақлаш бўйича ҳуқуқий ҳужжат, ягона тартиб йўқ эди.
«Кейинги вақтларда тунги клубларда жиноий хатти-ҳаракатлар кузатилди, хусусан, Тошкент шаҳрининг ўзида еттита жиноят қайд этилди. Шу боис бундай ҳудудларда жамоат тартибини ўрнатиш, ягона тартибни белгилаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.
Дастлабки лойиҳада белгиланган ҳудудларда жамоат тартиби бўйича қатъийроқ талаблар қўйилган эди. Тегишли идоралар томонидан улар кўриб чиқилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклаш, хавфсизлик учун ортиқча харажатлар, туристларнинг келиши каби омилларни ҳисобга олган ҳолда Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органлар билан бирга лойиҳа қайта кўриб чиқилди», - дейди вазир.
Бобожоновга кўра, янги таҳрирда ишлаб чиқилган ҳукумат қарори лойиҳасида хавфсизлик бўйича энг минимал тўртта талаб қўйилган. Булар:
видеокузатув тизимини ўрнатиш;
биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳларни ёритиш масаласи;
ёнғинни ўчириш ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларнинг бўлиши кераклиги;
фавқулодда вазиятларда эвакуация масаласи.
Ўзбекистон ички ишлар вазирининг таъкидлашича, ҳукумат қарор лойиҳаси мувофиқлаштириш учун президент маъмуриятига киритилган.