Ўзбекистон | 09:30 / 05.05.2019
17409
4 дақиқада ўқилади

Тилшунос: «Бугун фан тили ҳам, халқаро мулоқот тили ҳам, маданият тили ҳам битта — инглиз тили»

Таниқли журналист ва блогер Элдор Асанов ўзининг Телеграм каналида русийзабон зиёлиларнинг рус тилини давлат тили қилиб белгилаш борасида илгари сурган таклифи юзасидан ўз фикрларини қолдирди.

«Мен тил миллатчиси эмасман. Бир тил қатъий давлат тили бўлиши шарт, бошқа тиллар бундай ҳуқуқдан мосуво бўлиши керак, деб ўйламайман. Лекин тил муаммоси бугунги кунда асоссиз равишда сиёсий инструментга айлантирилиши таъбимни хира қилади. «У тилга расмий мақом бериш керак», «бунисига алоҳида эътибор бериш керак», қабилидаги баҳслар фақатгина тилларга зарар келтиради менимча: улар орасида ихтилоф келтириб чиқаради, бир тилларнинг бошқасидан устун бўлишига сабаб бўлади, тилни ижтимоий мулоқот сатҳидан сиёсат сатҳига олиб чиқади, тилни сиёсат қуролига айлантиради.

Гапни нимага бураётганимни тушунгандирсизлар. Бир гуруҳ ўзбек фаоллари рус тилига расмий мақом бериш таклифи билан чиққанини ҳамма эшитиб (мендан бошқалар эса ёзиб ҳам) бўлди.

Хулоса қилишдан олдин томонларнинг аргументларини ўқидим. Таклиф муаллифларининг фикрини етарли даражада асосли, деб ўйламайман. Лекин уларга қаршиларнинг ҳам «Ўзбекистонда фақат ўзбек тили бўлиши керак», қабилидаги категорик фикрларини ҳам жиддий қабул қилиб бўлмайди. Ҳар қандай мавзуни муҳокама қилиш ва аргументларни мантиқ тарозисига солиб кўриш мумкин.

Муаллифларнинг аргументлари: рус тилли аҳоли манфаатлари, Россия билан тарихий алоқалар, рус тили орқали «буюк рус маданияти»ни (совет даври тарих китобларини эслатиб юборди) ва жаҳон фанини ўрганганимиз, ШҲТ, МДҲга янада яқинлашиш... Фақат битта фикрни қабул қилиш мумкин — Ўзбекистоннинг рус тилли аҳолиси манфаатлари. Лекин бу муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўллари ҳам бор. Масалан, Европа минтақавий тиллар хартиясида белгиланган: бирор ҳудуд аҳолисининг 10 фоизи гаплашадиган тилдан расмий муомалада фойдаланиш мумкин. Шунга ўхшаш тартиб Афғонистон конституциясида ҳам қайд этилган. Бу меъёр қонунларни мураккаблаштириб, бир қанча давлат тилларини қабул қилиб, ҳужжат ишларини чалкаштиришнинг олдини олади, айни пайтда барча тилларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлайди.

Рус тили бугун Путин Россиясининг империалистик сиёсати қуролига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Шуни инобатга олишга мажбурмиз. МДҲ ёки ШҲТ ҳам Россия ва Хитойнинг ўз сиёсий таъсир доирасини яратишга қаратилган лойиҳаларидир. Уларга аъзолик Ўзбекистонга тобеликдан бошқа нарса беради, деб ўйламайман. Тараққиёт гарови — бутун дунёга очилиш ва айни пайтда энг ривожланган давлатлар билан алоқаларни яхшилаш.

Яна муаллифлар «Россияда миллионлаб ўзбеклар ишлаяпти, шу боис рус тили бизга керак», дейишибди. Агар ўзбеклар доимий равишда, ўн йилликлар давомида Россияда гастарбайтер бўлишда давом этишини хоҳласак, унда бу аргумент ўтиши мумкин эди. Аммо мен Ўзбекистон тезроқ тараққиёт ва демократия йўлига тушишини, ўзбеклар четга гастарбайтер эмас, саёҳатчи ва малакали мутахассис бўлиб боришини хоҳлаган бўлардим. Россияга ишлашга борадиганларнинг манфаатлари учун тил курсларини ташкил этиш ва ёки мактабда рус тили таълимини яхшилашнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман.

Бугун фан тили ҳам, халқаро мулоқот тили ҳам, маданият тили ҳам битта — инглиз тили. Рус тили бизга Россияда эркин нафас олиш имконини беради. Инглиз тили билан эса бутун дунёга эшикларни очамиз. Лекин бу билан инглиз тилига расмий мақом берайлик демоқчимасман. Шунчаки инглиз тилига асосий урғуни берайлик. Рус тилига барча хизматлари учун каттакон раҳмат. Лекин энди янги босқичга ўтиш, янги дўстлар топиш вақти келди.

Майли, ҳар қандай фикр очиқ айтилаётгани, бу масала устида баҳслар келиб чиқаётганининг ўзи яхши».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид