Ўзбекистон | 13:42 / 07.05.2019
47277
5 дақиқада ўқилади

Усмон Азим: «Ўзбек тилида гапиришни хоҳламайдиган намоёндалар унвонидан «Ўзбекистон» сўзини олиб ташлаш керак»

Фото: saviya.uz

Шу кунларда рус тилига расмий тил мақомини бериш тўғрисидаги таклиф чин маънодаги зиёлиларининг нафсониятига тегди. Андижонда бўлган йўл-транспорт ҳодисасида қўли шикастлангани боис жарроҳлик амалиётини ўтказган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим воқеага муносабатини билдирди. У ўзбек тилини давлат тили қилиш учун кечган курашларни ёдга олар экан, бу халқимизнинг буюк орзуси бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш керак деб чиққанлар жамиятдаги тинчликни, ҳамжиҳатликни бузди. Ақлга сиғмайдиган, халқ иродасига қарши бу таклиф, Россия ташқи ишлар вазири келиши арафасида ёзилиши, жамоат эътиборини буткул бошқа ўзанга буриб юборди. Президентимиз етакчилигида бирлашиб, Ватанимизни обод қилиш йўлидан бораётганлар орасида парокандалик кайфиятини-да уйғотди. Икки давлатнинг - давлатларимизнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорлигига кўпчиликда шубҳа пайдо қилди.  

Ушбу таклиф ёлғонга қурилган бўлиб, рўйхатдагилардан бир нечаси таклифдан бехабарлиги ва унга имзо чекмаганини айтмоқда. Рўйхатдаги кекса балерина эса хориж радиосига берган интервьюсида дорихонадан харид қилган дориси ҳақидаги маълумотнома ўзбекча ёзилганидан жафо тортганини айтиб нолибди. Турган-битгани ёлғон-ку. Шу пайтгача ким кўрибди дори ҳақидаги маълумотнома фақат ўзбек тилида ёзилганини? Одамда виждон бўлса сал уялиши керак. “Бизни одам қилган рус...” деган гапи эса ҳақоратдан бошқа нарса эмас! 

Русларга келсак, улар Ўзбекистонда ҳар доим эмин-эркин ҳаёт кечирган. Тили, маданияти ҳеч қачон тазйиққа учрамаган. 

Ўзбек тилида гапиришни хоҳламайдиган, шунинг учун рус тили расмий тил бўлишини истаётган маданият, фан ва санъат намоёндалари унвонидан “Ўзбекистон” сўзини олиб ташлаш керак. Ана шунда адолатли иш бўлади. Чунки улар ўзларида шу юртга, шу халққа дахлдорлик ҳиссини туймаётир.        

Фурсати етган экан, мени анчадан буён ўйлантириб юрган бир-икки масалани ҳам ўртага ташласам. Шаҳарларда боласини рус мактабида ўқитишни истовчилар кўпайиб боряпти. Бир куни рус мактабида ўқийдиган қўшнимизнинг қизидан шу кунларда адабиётдан қайси асарни ўрганишаётганини сўрасам, “Игор жангномаси”ни, деб жавоб қилди. “Алпомиш”ни ўтдиларингми десам, йўқ, дейди. 

Бу қанақаси бўлди? СССР замонида рус мактаблари туб аҳолини руслаштириш учун ташкил этилганди. Англабми-англамайми, ҳозирги рус мактабларидаги ўқитиш йўналиши ва мақсади ҳам деярли ўша йўлдан боряпти. Биз аввал режамизни аниқ белгилаб олишимиз керак – бизга ўз тили, маданияти ва тарихини унутиб, рус ғоясига хизмат қиладиган ёшлар керакми ёки миллий руҳда камол топган, рус тилини мукаммал билувчи ёшлар?! Рус мактабларида ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихи чуқур ўқитилиши керак. Улар битираётганда ўзбек мактаблари ўқувчилари ўрганган билимларни рус тили асосида пухта эгалласин. Рус мактаблари миллат фарзандларининг ўзлигини йўқотишига хизмат қилиши мумкин эмас, балки шу ватанда яшаётган руслар ва рус тилини ўрганмоқчи бўлган бошқа миллат вакилларини ўзбек фуқароси ўрганиши зарур бўлган билимлар билан тўйинтириши шарт. 

Давлат тили ҳақидаги қонунни ҳам қайта кўриб чиқиш фурсати келди. Қонунга кейин киритилган юмшатувчи таҳрирлардан воз кечиш ва энг улуғ қадриятимиз бўлган тилимизни бузувчи ҳамда камситувчиларга аниқ жазо чораларини белгилаб қўйиш зарур. Бу борада дунё давлатларидаги тил қонунларидан ўрганиладиган жиҳатлар кўп. Энг муҳими эса, ҳамма мустақил давлатда ўз рамзи бўлган тил хусусидаги қонун амалда ҳам яхши ишлайди. 

Яна бир нозик масала – давлат идораларида иш юритиш, қонунларни ёзиш ва қабул қилиш, халқаро ва давлатлараро мулоқотлар ҳам миллий тилимизда бўлса, соғлом ақлга сиғмайдиган юқоридаги каби таклифлар ўз-ўзидан барҳам топади. Кошки, шунда халқимизнинг ҳам она тилига меҳри, эҳтироми ортса!   

Сирожиддин Иброҳим ёзиб олди.

Мавзуга оид