Жамият | 18:18 / 08.05.2019
28608
4 дақиқада ўқилади

Моҳи Хоса саройига дурбин билан келинг

Бухорои шарифнинг энг кўп қизиқишга сабаб бўладиган обидаларидан бири Ситорайи Моҳи Хоса мажмуасидир. Маҳаллий аҳоли шунчаки оддий қилиб, уни «Амир Олимхоннинг дачаси»  деб юритади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор: Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхон асосан Эски шаҳар марказидаги Арк қўрғонида истиқомат қилган. Амир хос меҳмонларни кутиб олиш, кўнгилхушлик, ҳордиқ чиқариш учун эса шаҳарнинг энг баҳаво нуқтаси, марказдан 4 км шимолда жойлашган Моҳи Хоса ёзги саройини афзал билган. 

Ситорайи Моҳи Хоса форсчада «ойга ўхшаш юлдуз»  деган маънони англатади.

Қаттиққўллиги билан Бухоро тарихида из қолдирган Насруллохон (1826 ─ 1860) бу мажмуанинг дастлабки биноларини қурдиради. Чунки асосий қароргоҳдан ташқари ёзги саройга ҳам эга бўлиш ўз даврида подшоҳлик учун қўшимча обрў ҳисобланган. 

Амир Абдулаҳадхон (1885 ─ 1910) ҳукмронлиги даврида мажмуа ҳудудида сарой ва хушманзара боғ барпо этилади. Петербургда таҳсил олган Амир Олимхон эса (1910 ─ 1920) янги сарой қурдиради ва унда кўҳна Бухоронинг бошқа тарихий обидаларидан фарқли равишда ғарб андозалари, рус архитектураси элементларидан фойдаланади. Бухородаги аксар тарихий обидаларда гулсимон, ёзувни ёдга соладиган нақшлар фаол қўлланилган бўлса, Моҳи Хосса безаклари Европа Ренессансининг мозаикаларини эслатади.

Мажмуанинг энг диққатга сазовор қисмларидан бири  —  Оқ зал. Унда ҳашаматли баллар, расмий қабуллар ташкиллаштирилган.

Шаҳар советлар томонидан мустамлакага айлантирилгач, 1927 йилда мажмуа музей вазифасини бажара бошлайди.

Ҳозир ҳам бу обида бадиий-амалий ҳунармандчилик музейи сифатида маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларнинг диққат марказида.

Музейда ХХ аср аввалига тааллуқли экспонатлар бор: Хитой чинниси, амир ва унинг ҳарами фойдаланган кийим-кечаклар, ўз даври учун ўта замонавий ҳисобланган мебель жиҳозлари, Европа маданиятини эслатувчи идиш-товоқлар...

Хонани иситиш учун фойдаланилган печка ва ХХ аср аввали учун ноёб ҳисобланган тақвим энг ғаройиб экспонатлар саналади.

Бу музей мажмуанинг яна бир «ўзига хослиги»  бор. Уни томоша қилиш учун келмоқчи бўлсангиз, ўзингиз билан дурбин ола келинг. Нега дейсизми? Экспонатлар ҳақидаги маълумотномаларни ўқий олиш учун ёки ўта ўткир кўриш қобилиятига ёки дурбинга эга бўлиш керак.

 Баъзи хоналардаги жиҳозларнинг яқинига бориб бўлмайди, лента тортиб қўйилган. Экспонатни-ку, майли, нарироқдан томоша қиласиз, лекин номи, йили, изоҳларини ўқийман десангиз, аҳвол чатоқ. 

Нега экспонатлар ҳақидаги маълумотномалар бундай ноқулай тартибда жойлаштирилган, деган саволга музей ходимининг жавоби ҳам тайёр: «Агар маълумот олмоқчи бўлсангиз, гид ёлланг. У ҳаммасини тушунтиради» . Нима музейга борганда гид ёллаш мажбурийми? Мен ўзим маълумотларни ўқиб олишим мумкин эмасми? Ёки бу замонавий маркетингми, а лаббай?

Яна бир гап. Бир аҳли Бухорони йиғиб, Ситорайи Моҳи Хосада ҳашар уюштириш керак. Бўлмаса, ҳамма жойни яхшигина чанг босибди. Сарой кўринишига путур етказаётган ҳолатларни бартараф этиш, ёғингарчилик таъсири яққол из қолдирган жойлар ҳақида бош қотиришга маъмуриятнинг ҳеч вақти йўқ, чамаси...

Саодат Абдураҳмонова