«Яшаш учун хавфли!» - Урганч шаҳридаги сифатсиз қурилган кўпқаватли уйлар можароси
Сўнгги йилларда аҳолининг уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ҳукумат томонидан кўплаб қарорлар қабул қилинди, дастурлар амалга оширилди. Натижада, қисқа вақт ичида янги, замонавий уй-жойлар қад ростлади, уларнинг сони ошиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси янгиланди. Аммо сифати-чи?
Янги уй-жойларнинг қурилиш ишлари соҳа мутахассисларига топширилганми, улар сифатли бажариляптими? Бу уй-жойларга кўчиб ўтган одамлар узоқ йиллар давомида барча қулайликлардан баҳра олиб, бемалол ва хавфсиз яшаш имкониятига эга бўладиларми? Бу саволлар яқин йилларда кун тартибидан ўрин олса ажаб эмас. Ҳар бир соҳада сон ортидан қувиш ҳар доим сифат пасайишига олиб келган. Қурилиш соҳасидаги сифатсиз ишларга эса эътиборсизлик қилиб бўлмайди, чунки бу одамлар ҳаёти хавфсизлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Бу мақолада сифатсиз қурилган ва яшаш учун хавфли бўлган уйлар ҳақида сўз юритамиз.
2013 йилда Desert Oazis қўшма корхонаси томонидан Урганч шаҳрида 16 ва 32 хонадонли қўпқаватли уйлар қурилиши бошланади. Кўплаб фуқаролар бу уйларни ўз маблағлари ва банк кредити ҳисобига харид қилишади. 2014 йилда қурилиш ишлари якунланган.
Бироқ уйлар эгаларига ички қисми тўлиқ таъмирланмаган, чала ҳолда топширилган. Пудратчи ташкилот Desert Oazis буни смета харажатлари ошиб кетиши ва пул маблағлари тугаб қолиши билан изоҳлаган. Натижада, фуқаролар уйларни ўз ҳисобидан катта маблағ эвазига таъмирлаб олишган. Кейин эса пудратчи ташкилотни судга беришган. Суд тақрибан 304 миллион сўмлик иш сифатсиз бажарилганини, қўшиб ёзилганини аниқлаб, фуқароларга компенсация ундириб берган. Уй эгаларининг сўзларига кўра, бу сарфланган маблағларнинг тахминан 1/10 қисмини ташкил этган, холос.
Аммо бу можаролар кейинроқ аниқланган камчиликлар олдида ҳолва эди.
Ўз маблағлари ҳисобига Ғалаба кўчасидаги 10-уйдан хонадон сотиб олган Ўрозгул Абдримова бу ишидан 6 йилдан бери афсусланмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу уйларда яшаш инсон ҳаёти учун хавфлидир.
«145 миллион сўмга шу уйдан хонадон сотиб олдим. У таъмирланмаган 4та девордан иборат эди. Жуда сифатсиз қурилган уйни ўз ҳисобимдан таъмирладим, ҳатто ойна ва эшикларигача алмаштирдим. Аммо таъмирлаш жараёнида бундан ҳам қўрқинчли камчиликлар борлиги маълум бўлди: уйнинг асосий деворлари ўртасига бир қатор ғишт терилмай, ғовак ҳолда қолдирилган. Бўшлиқлар эса қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилган. Шунда бу уйда яшаш нафақат ноқулай, балки хавфли эканини ҳам билдик. Уй сотиб оламан деб, афсуски бошимга ғавғо орттирган эканман», - деди Ўрозгул Абдримова.
60 ёшли аёл бу уйни қайтариб олишларини, ўрнига янгисини беришларини талаб қилиб, бир неча йиллардан бери Урганч шаҳар ҳокимияти билан тортишмоқда.
Уйлар қурилишидаги камчиликлар тергов суриштирув жараёнида ҳам ўз тасдиғини топган. Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси (ДАҚН) ходимлари томонидан 4 қаватли уйнинг 1-қаватидан 4-қаватигача кўтариб турган асосий деворлар сувоғи кўчирилиб, назорат тартибида очиб кўрилганида, ғишт териш учун мўлжалланган қоришмада цемент меъёрида ишлатилмагани, деворларнинг икки чеккасига ғишт номигагина терилиб, ўртадаги бўшлиқ қурилиш чиқиндилари билан тўлдирилгани аниқланган. Бундан ташқари, бинони ушлаб турадиган сейсмологик боғичлар меъёр талабларида қўйилмаган. Қўйилганлари эса бир-бирига пайвандланмаган. Ғишт ораларига арматура симлар қўйилмаган. Натижада, қурилишнинг меъёрий қоидалари қўпол равишда бузилган.
Ғалаба кўчасидаги 16 ва 32 хонадонли уйлар қуриб битказилгач, Давлат қабул ҳайъати томонидан тузилган далолатномада лойиҳада кўзда тутилган тадбирларнинг барчаси, хусусан зилзилабардошликни таъминловчи ишлар меъёрида бажарилгани қайд этилган. Дастлабки тергов идораси Давлат қабул ҳайъати аъзолари фойдаланишга топширилаётган объектни ташқи томондан текшириши назарда тутилгани, бу уйларнинг сифатсиз бажарилган ишлар асосан «кўз билан кўриб бўлмайдиган ёпиқ қурилиш ишларидан келиб чиққани сабабли, ҳайъат аъзоларининг хатти-ҳаракатларида қонунбузарлик ҳолатлари йўқ» деган хулосага келган.
Қизиқ, агар қуриб битказилаётган уйларнинг сифати фақат ташқи ҳолатини кўздан кечирган ҳолда аниқланадиган бўлса, уларнинг яшаш учун хавфсиз экани қандай кафолатланади? Уйларни қуриш учун ишлатилган цемент қоришмалари, ғишт, бетон плиталарнинг сифатини фақат кўздан кечирган (визуал) ҳолда аниқлаб бўладими?
2018 йили Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг бўлим мудири Александр Гусаров Ғалаба кўчасидаги уйларда нафақат визуал, балки инструментал усулда ҳам техник текширув ўтказади. Махсус ускуналар ёрдамида уйларнинг деворлари ўртаси ғовак экани, бўшлиқлар борлиги аниқланади. Натижада, қурилиш меъёрлари қўпол тарзда бузилгани яна бир бор тасдиқланади.
Бу камчиликларни бартараф қилиш учун Desert Oazis қўшма корхонасига бино деворларини зўрайтириш бўйича топшириқ берилади. Шундан сўнг, деворлар тешилиб, бўшлиқларга цемент қоришмаси қуйилади. Аммо иш охирига етказилмайди ва бинонинг фақат ташқи деворларида зўрайтириш ишлари ўтказилади, холос. Ички деворлар эса аввалги ҳолатида қолдирилади.
Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси (ДАҚН) бинони зўрайтириш ишлари тугалланмагани ва уни охиригача етказиш лозимлиги ҳақида 2018 йилда Урганч шаҳри ва Хоразм вилояти ҳокимлигига хат билан мурожаат қилган. Аммо бу ишлар ҳанузгача бажарилмаган.
Ҳозирги кунда 9-уйдаги кўплаб хонадонларда одамлар яшамоқда. 10-уйнинг аксарият хонадонлари эса бўш турибди. Баъзи оилалар хавфсираб, бу ерга кўчиб ўтишни истамаяптилар. Кўчиб ўтганлари эса юрак ҳовучлаб яшамоқдалар.
«Тунда энг кичик хонада ухлаймиз. Катта хоналарда ухлашдан қўрқамиз, чунки деворлари жуда сифатсиз қурилган, оғир бетон плиталарни кўтариб туришига кафолат йўқ», - деди исми сир қолишини истаган хонадон эгаларидан бири.
ДАҚН талабига кўра уйларнинг деворларини зўрайтириш учун, сувоғи туширилиши, темир панжаралар билан қопланиб, маҳкам тортилиши ва мустаҳкамланиши керак. Бундан ташқари, зўрайтириш ишларини ўтказган корхона фуқароларнинг хонадонларини қайта таъмирлаш учун кетадиган харажатларни ҳам қоплаб беришига тўғри келади. Қурилиш ишларининг ўз вақтида сифатли тарзда бажарилмаслиги занжир реакцияси тарзида мана шундай оқибатларга олиб келмоқда.
Ҳозирги кунда кўплаб тадбиркорлар қурилишга ўзини ураётганини кузатяпмиз. Сабаби оддий – мана шу соҳада катта пуллар айлана бошлади. Қурилиш корхоналарининг сони ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайди. Улар тендерларда иштирок этиб, кўпқаватли уй-жойларни қуриш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Бироқ уларнинг таркибида кўпқаватли уйларни қуриш бўйича билим ва тажрибага эга бўлган қурилиш соҳаси мутахассислари, махсус техника ва ускуналар бор-йўқлигига эътибор берилмаяпти. Баъзи корхона раҳбарларининг қўлида фақат бир неча варақли низом, муҳр ва тамға бор холос. Тендерни қўлга киритгач, бир амаллаб ишчилар, усталарни йиғиб, техникаларни ижарага олиб, уй-жойларни тезда қуриб, топширишга ҳаракат қилишади. Қурилиш меъёрларига амал қилинмайди, иш қишда ҳам, совуқ кунларда ҳам тўхтатилмайди. Афсуски, сон кетидан қувиш оқибатида бу соҳадаги тартиб ҳам, назорат ҳам сусайиб кетган.
Кўпқаватли уй-жойларни барпо қилишда қурилиш меъёрларига сўзсиз амал қилиш, буни таъминлаш учун назоратни кучайтириш лозим. Акс ҳолда бундай эътиборсизлик аянчли оқибатларга олиб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
11:17 / 02.10.2024
Хоразмда содир бўлган ёнғинда фуқаронинг уйи ёниб кетди
11:12 / 21.06.2024
Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва унда қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилади
10:31 / 22.05.2024
Урганч шаҳрининг ноҳақ судланган собиқ прокурори оқланди ва 10 йил деганда ишга тикланди
19:13 / 22.04.2024