Жамият | 16:09 / 11.05.2019
43843
5 дақиқада ўқилади

ИИБ бўлим бошлиғи ёш йигитни калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди. ИИВ расмий муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда “Андижонлик йигит уни ИИБ 1-бўлими бошлиғи калтаклаганини иддао қилди” номли маълумот тарқалди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, шу мазмундаги Ички ишлар вазирлиги виртуал қабулхонасига қилинган мурожаат Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. 

Аниқланишича, 2019 йилнинг 12 апрель куни Андижон шаҳри, Бўстон даҳаси, Ҳамроқулов кўчасидаги уйда яшовчи фуқаро И.Д. Дилноза Ички ишлар вазирлиги виртуал қабулхонасига мурожаат қилган.

Унда у 1992 йилда туғилган ўғли И.Ҳ. жорий йилнинг 6 апрель куни соат 24.00лар чамасида Бўстон даҳасидаги компьютер ўйингоҳидан  5-6 нафар танишлари билан чиқаётган вақтида ички ишлар ходимлари ушлаб, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБга олиб киришиб, у ерда уни нафсониятига тегувчи сўзлар билан ҳақорат қилганлигини, ўғли Ҳ. ўзининг ҳуқуқини сўраганида бўлим бошлиғи “Ҳуқуқингни талаб қиладиган бўлиб қолдингми” деб, ўринбосари билан бирга унга тан жароҳати етказишганлигини, сўнгра ўзлари чиқиб кетиб, бошқа ходимларни киритиб, ариза қилмайсан деб шарт қўйишганлигини, ўғли “йўқ, мен эркакман, ариза қилмайман”, деб оғир аҳволда ИИБдан чиқиб, тонгги соат 05.00лар атрофида уйга келганлигини, у ўғлининг ҳолатини, бўйин қисмини кўкарганини, нафас олишга қийналаётганлигини, оқсоқланиб юрганлигини кўриб, вилоят касалхонасига олиб бориб ётқизганлигини, ҳозирда ўғлига тан жароҳати етказган 1-сон ИИБ бошлиғи С. ва ўринбосарига тегишли жазо беришликни сўраган.

Ҳолат бўйича 2019 йилнинг 16 апрель куни Андижон шаҳар прокурори Ички ишлар бошқарма бошлиғи номига хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома юбориб, унда фуқаро М.И.нинг аризасига кўра, 2019 йил 6 апрель куни соат тахминан 23.20лар атрофида унинг ўғли И.Ҳ. Бўстон даҳасида компьютер ўйинлари ўйнаётган вақтида ИИБ ходимлари келиб, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБга олиб кетганликларини, у ерда рўйхатдан ўтказилиб, бармоқ изи олганликларини, бармоқ изи олаётган вақтида уни рўйхатдан ўтказган жамоатчилик вакили Д.А. уни ҳақорат қилганлиги, буни кўрган бўлим тезкор вакиллари уни ташқарига олиб чиқиб, тинчлантирганлигини, бироздан сўнг уни ташқарида турганлигини кўрган А. ёнига келиб яна гап тортиша бошлаганлигини, шу пайт бўлим бошлиғи Х.С. бу ҳолатни кўриб, уни олдига чақирганлигини, у олдига бориши билан уни уриб унга тан жароҳати етказганлигини, соат тахминан 02.45лар атрофида қўйиб юборганликларини, 2019 йил 7 апрель куни ИИБ ходимлари томонидан етказилган тан жароҳатлари юзасидан Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Андижон филиалига мурожаат қилганлигини баён қилган ва уни ҳақорат қилган ИИБ ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилган. 

Унда аниқланишича, 2019 йил 7 апрель куни жамоатчилик вакили Д.А. Андижон шаҳар ИИБ 1-сонли ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда тунги хизматга бириктирилган вақтида маъмурий бинога олиб келинганлар билан ўтказилган профилактик-огоҳлантирув ишлари давомида тунги хизматда ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб келинган фуқаро И.Ҳ. ўзини шахсини баён қилиш ўрнига унга нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, белгиланган тартибларга амал қилмасдан, тортишиб кетганлигини баён қилган.

И.Ҳ. 2019 йилнинг 7 апрель куни соат 00:42да 1-сон ИИБдаги “Ички ишлар органларига олиб келинган шахсларни ҳисобга олиш китоби”дан рўйхатдан ўтказилган.

Хизмат текшируви давомида фуқаро И.Ҳ. ва жамоатчилик вакили Д.А. ҳамда шу вақтда атрофда бўлганларнинг кўргазмаларида қарама-қаршиликлар вужудга келаётганлигини инобатга олиб, фуқаро И.Ҳ.нинг танасида енгил тан жароҳатлари борлиги ҳақида суд тиббий экспертиза хулосаси берилганлигини ҳамда И.Ҳ. ушбу жароҳатларни қандай ҳолатда ва ким томонидан етказилганлигига аниқлик киритиш мақсадида, суриштирув давомида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо беришлик учун Андижон шаҳар прокуратурасига юборилган.

Мавзуга оид