Фоторепортаж: Ҳали журналист қадами етмаган «Кампирравот» сув омборига саёҳат
«Кампирравот» сув омбори, «Андижон денгизи» дея аталувчи маҳобатли сув иншооти ҳақида жуда кўп эшитганимиз бор.
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига кираверишда «Андижон денгизи» ёзуви битилган монументга кўзингиз тушади. Катта йўлдан ўнг томонга қарасангиз, узоқдан маҳобатли тўғонни кўрасиз.
Мазкур сув сақлаш иншооти жиддий қўриқланиши боис унинг ёнига бориш, тўғон ва ГЭСларни томоша қилиш оддий киши учун қийин масала.
Сув омборига қилган биринчи саёҳатимиз давомида унинг дамба қисми, электр энергияси ишлаб чиқарувчи генераторлари жойлашган ҳудудига эмас, балки, сув омборининг умумий кўриниши ва катта миқдордаги сув қандай йиғилишига қизиқдик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Бунинг учун эса, тоғ-у тошлар, тик, хавфли дара йўлидан ўтиб автомашинада 2 соат юриш керак экан.
Андижон вилоят туризм бошқармаси мазкур саёҳатни ташкил этишда яқиндан ёрдам берди.
«Кампирравот» сув омбори ҳақида интернетда йўқ бўлган маълумотларни бериб ўтамиз:
«Кампирравот» сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншоотидир. У 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган. Сув омбори қурилишидан олдин икки қоя ўртасидан худди дарвозасифат (равот) табиий ёриқ ва ўша жойда худди бошида сават билан турган кампирни эслатувчи қоятош бўлгани сабабли «Кампирравот» номини олган.
Умумий майдони – 55 кв.км.
Сув сиғими – 1 млд. 950 м3
Тўғонининг баландлиги – 115 метр
Сув омборида иккита 140 мегаватт ток ишлаб чиқарувчи ГЭС ишлаб турибди.
Водийнинг катта қисмини сув билан таъминловчи «Кампирравот» ҳақидаги мазкур маълумотларни Хонобод шаҳрида узоқ йиллар архитектор вазифасида фаолият юритган фахрий отахон Омаджон Ўринбоевдан олдик.
Адирлар ва тоғлар оша..
Шундай қилиб биз Тянь-Шаннинг тоғоолди ҳудудлари бўйлаб, Қорадарё ирмоқлари томон хавфли даралар ичидан юра бошладик.
Йўлимизда учраган «Тошохур» адирликлари баҳорнинг шу кунларида ўта гўзал қиёфа касб этган.
Бир соатли йўлдан сўнг «Олчалик» дея аталувчи тоғ ва адирликлар ҳудудига келдик.
Мана шу жойда ноёб қуш ва ҳайвонлар кўп учрар экан. Кўк қарға, жарқалдирғоч, бургутларга кўзимиз тушди. Биз билан самимий сўрашган ва бир пиёла чойга таклиф қилган чўпонлар жайра, какликлар жуда кўплигини айтишди. Бир сўз билан айтганда, «инсон ҳали халақит бермаган табиат».
Баҳайбат тоғлар орасида ўзингизни жимитдек ҳис этасиз. Автомашина зўр-базўр юраётган сўқмоқ йўл жуда-жуда хавфли эди. Бу жойларга фақат бақувват машина билан чиқа олиш мумкин экан.
Тоғ ёнбағирларида тошларнинг ранги ғалати. Худди қорамтир смола суркалгандек. Бу эса уларда турли фойдали қазилмалар борлигидан далолат.
Гўзал ва бетакрор «Кампирравот»
Йўл юрсак ҳам мўл юриб, азим ва баҳайбат тоғлар орасидаги улкан сув иншоотига етиб келдик. Жуда ҳам катта майдонда жимирлаб, мовий денгиз ястаниб ётарди. Тасвирчимиз Аҳрорбек билан деярли ҳали ҳеч ким кўрмаган манзараларни тасвирга тушира бошладик.
Сув омбор жуда катта ҳудудга жойлашгани сабаб, тоғнинг тепасига чиқиб, олиб фотоускунамизни ишга солмоқчи бўлдик. Ўрмалаб, ўрмалаб тепаликка чиқиб кетаверибмиз. Пастга қараш қўрқинчли эди. Тўғриси, тоққа чиқиш осон, лекин ундан тушиш азоб экан. Тепаликда оёғимиз қалтираб тасвирларга олдик. Ҳарқалай ярим соатга яқин вақт сарфлаб чиқилган тепаликдан икки соатда эҳтиёт бўлиб зўрға тушганимиз бор.
Атрофни, борлиқни сўз билан таърифлаш қийин. Маҳобатли денгизга айланган сув омбори... Тоғ бағридаги қорлардан яхдек бўлиб тушиб, жимирлаб турган сув. Тоза ва беғубор ҳаво.
Сув омбори атрофида ўзгача кўринишдаги тоғ-у тошлар. Фақат ёввойи табиатда учровчи ўсимликлар, ҳайвонлар ва қушлар дунёси. Буларнинг бари бир-бири билан уйғунлашиб кетган.
«Кампирравот»нинг нариги томонидаги Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Арслонбоб ерлари олис-олисдан кўриниб туради.
Андижон вилоят туризм бошқармаси вакили Бекзодбек Юсупов бизга ҳамроҳлик қилаётгани жуда яхши бўлди. Соҳа ходимидан экотуризм лойиҳаси бўйича тушунчаларга эга бўлдик.
«Кампирравот»нинг маълум бир қисми экотуристик зонага айланади
Ажойиб янгилик. Узоқ йиллардан бери кўпчилик учун ёпиқ бўлган «Кампирравот» сув омбори ҳудуди энди маҳаллий ва чет эллик туристлар учун очилади. Фақат зўр табиатга эга жойни сайёҳлар келиши учун тайёрлашга катта миқёсдаги ишлар кутиб турибди.
Андижон туризм бошқармаси вакили Бекзодбек бу ҳақда шундай дейди: «Маълумки, айни пайтда анъанавий зиёрат ва гастрономик туризм билан биргаликда экотуризмга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мана шу кўриб турганимиз «Андижон» сув омбори ҳудудида ҳам экотуристик зона ташкил қилиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Инсонлар гўзал табиат манзараларидан баҳраманд бўлишлари керак. Айни пайтда жаҳон талабларидаги туристик маскан яратиш борасида чет эллик инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда».
Тўғриси, мазкур жойларнинг бор гўзаллигини англаш учун албатта бир бора қадам босиб кўриш керак. Шунда сиз дунёнинг энг зўр курортларидан қолишмайдиган табиатимиз борлигини тасаввур қиласиз.
Саёҳатимиз давомида Хонобод тоғ, адирларининг чиройи, сув омбор ҳудудидаги кўрганларимизни фото ва видео тасвирларга туширдик.
Сув омбори ҳақидаги иккинчи ҳикоямиз тўғон ва энергия ишлаб чиқарувчи ҳудуд ҳақида бўлади.
P.S. Мақолани тайёрлашда яқиндан кўмак берган Андижон вилоят туризм бошқармаси ва ташкилот раҳбари Бахтимурод Каримовга алоҳида ташаккур билдирамиз.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов,
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов