ИИВ андижонлик йигит орган ходимларининг қийноғидан сўнг ўзини осгани ҳақидаги хабар бўйича расмий муносабат эълон қилди
Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси “Андижонлик йигит орган ходимларининг қийноғидан сўнг ўзини осганлиги иддао қилинди” сарлавҳаси билан 11 май куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарни ўрганиб чиққанлигини маълум қилди.
Аниқланишича, 4 май куни соат 16.00ларда, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳридаги “Замин” ошхонаси олдида ўзини шубҳали тутган, Асака туманилик М.Ҳайдарова тўхтатилиб, у билан профилактик суҳбат ўтказилганида, у ўз ихтиёри билан қўлидаги 1 дона конвалютада бўлган “Феназепам” психотроп воситасини тақдим қилган.
Аёлдан “Феназепам” психотроп воситасини қаердан олганлиги сўралганида у мазкур психотроп воситасини 40 минг сўм эвазига ўзига таниш бўлган Андижон шаҳар, “Мустақиллик” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи, 2019 йил 3 апрель куни Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан судланган, 4 йил 9 ой 18 кун озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган Б.Юнусовдан олганлигини маълум қилган.
Б.Юнусов билан ўтказилган суҳбатда у синглиси, Андижон шаҳар Б.Раҳимов кўчасида яшовчи, 2018 йил 14 май куни Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан судланган, ҳозирда 2 йиллик синов муддатини ўтаб келаётган Г.Ҳаитбоевага телефон қилиб, унинг топшириғига асосан Ҳаитбоеванинг танишидан “Феназепам” психотроп воситасини олиб, М.Хайдаровага берганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолатни ҳужжатлаштириш мақсадида, тезкор ходимлар томонидан ушбу ишга алоқадор шахслар Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносига олиб келинган. Гумон қилинган шахслар билан боғлиқ ҳолатлар расмийлаштирилиб, Б.Юнусов ва М.Ҳайдароваларнинг кўргазмалари икки нафар холислар иштирокида видеотасвирга туширилган.
“2019 йил 4 май куни мазкур ҳолатни расмийлаштириш жараёнида фуқаро Б.Юнусов ва М.Ҳайдаровалар билан боғлиқ суриштирувни тўла, ҳар томонлама ва холисона бўлишини таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимлари иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг соғломлиги ҳақидаги маълумотнома иш ҳужжатларига қўшилган”, дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, суриштирув ҳужжатлари расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний ҳал этиш учун Андижон шаҳар ИИО ФМБ Тергов бўлимига тақдим этилган.
10 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сон ички ишлар бўлими Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими таянч пунктлари профилактика инспектори Ф.Исамиддинов соат 19.00ларда Б.Юнусов номаълум сабабларга кўра, яшаш уйи омборхонасининг тўсинига арқон билан ўзини-ўзи осиб ўлдирганлигини телефон орқали хабар қилган.
Воқеа жойи тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилган ва кўздан кечириш вақтида Б.Юнусовнинг ётоқхонасидан картон қутининг ички тарафига кўк сиёҳли қаламда “Мендан рози бўлинглар, мени кечиринглар” ёзуви мавжуд қўлёзма олинган. Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмокда.
Мавзуга оид
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
18:07 / 24.11.2024
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
17:34 / 04.09.2024