Ўзбекистон | 08:04 / 13.05.2019
48627
5 дақиқада ўқилади

Абитуриентларни ОТМга қабулда қандай ўзгаришлар кутмоқда. Тафсилотлар

ОТМга имтиҳон топшириш учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” брифинги ва матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда вазирлик.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Матбуот анжуманида Ҳукумат қарори билан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.

Унда иштирок этган соҳа мутахассислари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Кадрлар тайёрлаш ва битирувчилар тақсимотини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Инатилло Неъматов, Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов, Давлат хизматлари агентлиги ходими Азиз Ражабов бу йил абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда татбиқ этилаётган янгиликлар, амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар бўйича тўхталиб ўтишди.

– Эндиликда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди, – дейди вазирликнинг Кадрлар тайёрлаш ва битирувчилар тақсимотини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Инатилло Неъматов. – Қолаверса, қабул квоталари сонининг эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланиши режалаштириляпти.

Тадбирда қарор билан ёшларга яратиб берилаётган қўшимча имтиёзлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Бу борада кутилаётган қулайликлардан бири сифатида Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов маълумот бериб ўтди: “Абитуриентларни шу пайтгача қийнаб келаётган масалалардан бири ДТМ рухсатномаларини қай вақтда олиши эди. Одатда, ушбу рухсатномалар имтиҳон арафасида 31 июлга қадар (шу куни ҳам) тарқатиларди. Ўтган йил мисолида айтадиган бўлсак, тест синовлари 15 кун давом этгани сабабли абитуриентларнинг ушбу рухсатнома билан боғлиқ мурожаатлари кўп бўлди. Уларнинг аксари Тошкентга келиб-кетишда ортиқча оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш билан боғлиқ эди, албатта. Биз ҳам шу мақсадларни кўзлаб бу йилдан ДТМ рухсатномаларини бевосита Давлат тест маркази сайтидан фойдаланиб ўзига тегишли рухсатномани юклаб олиши мумкин ва шу асосда тегишли ўқув биносига кириб-чиқиши таъминланишини назарда тутяпмиз”.

Шунингдек, матбуот анжуманида Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасида келтириб ўтилган яна бир жиҳат – киролмай қолган абитуриентлар иккинчи йил ўқишга топшириш учун энг кам иш ҳақининг 1 баробари (202 минг 730 сўм) миқдорида тўлов тўлаши ҳақида қизғин баҳс борди. Бу борада мутахассислар томонидан тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши юзасидан таклифлар ишлаб чиқилаётгани хусусида фикр билдирилди.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грантлари асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига кимлар киритилганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. 

Унга кўра:

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёт, филология ва тилларни ўқитиш йўналишларига;

ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи, қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига асосан ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, соҳа мутахассислари киритилган қўшимчалар билан сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланганлигини ҳам маълум қилишди.

Сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача камида 3 та фандан ўтказилади.

Ёзма имтиҳонлар шифрланган ҳолда текширилади.

Имтиҳонлар бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ келувчи 3 та фандан тўпланиши керак бўлган максимал 189,0 баллдан, ҳар бир фаннинг ўрнига қараб унинг учун ажратилган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиқда баҳоланади.

Натижалар имтиҳондан кейин 1-3 кунда таълим муассасасининг расмий сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, магистратурага киришда қуйидагилар бекор қилинди:

магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбат;

“Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича синов;

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фани бўйича синов.

Магистратурага ҳужжат топширганларнинг TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл бўлганида улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 ва IELTS бўйича камида 5 балл бўлиши керак эди.

Ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Илгари 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар эди.

Мавзуга оид