Ўзбекистон | 20:25 / 13.05.2019
68871
2 дақиқада ўқилади

Тест учун тўлов миқдори камайтирилди. Абитуриентлар энди олийгоҳ ҳудудида ҳужжат топширмайди 

Абитуриентлардан ҳужжатлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўрсатилган. 

Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, давлат ОТМларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишади.

«Шунингдек, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиши учун ЭКИҲ ярим баравари (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади», дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасида биринчи уринишда ўқишга киролмай қолган абитуриентлар иккинчи ва кейинги йилларда ўқишга топшириш учун энг кам иш ҳақининг 1 баробари (202 минг 730 сўм) миқдорида тўлов тўлаши, биринчи йили ўқишга топшираётганлар учун ҳужжат топшириш бепул бўлиши кўрсатилганди.

Мавзуга оид