Спорт | 09:25 / 13.05.2019
29470
9 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги камбэк ва жанубликларнинг қайтиши. Суперлиганинг 8-туридан хулосалар

Суперлигамизнинг навбатдаги тур ўйинлари ҳам ёмон ўтмади. Ҳар ҳолда, еттита ўйиннинг ичида кутилмагани бор, камбэки бор, шиддатлиси бор ва... кутилганларини ҳам кўрдик. Рейтинг табиийки муҳимлик даражаси билан тузилган.

СУРХОН – БУХОРО – 1:0:

Жанубнинг уйғониши

Кўпчилик шу натижани кутган бўлса-да, аслида термизлик футболчиларнинг охирги натижаларидан келиб чиқсак, бу ғалабанинг вазни ўта оғир. Жамоа 7 апрелдан буён ўз мухлисларига уч очколик натижа тақдим этмай келаётганини эслатиш билан кифояланамиз. Ўша Жиззахдаги фантастик ўйин тасодиф бўлган-ов, деган фикр уйғониши бошлангандики, «Бухоро» мағлуб этилди.

Суперлигамизнинг кайфияти барибир зўр – биргина ғалабадан сўнг «Сурхон» учинчи ўринда бораётган «Бунёдкор»дан бор йўғи бир очко кам жамғарган ҳолда, олтинчи ўринда бормоқда. Жанубликлар амалдаги чемпиони билан бўладиган ўйиндан олдин «Қизилқум» билан меҳмонда, «Қўқон» билан ўз уйида ўйнайди, бу эса очколар ғазнасини тўлдириб қўйишга яхши имкониятлар...

«Бухоро»нинг бугунги ўйинига, очиғи, нима дейишни билмаяпмиз. Тўплар нисбати деган тушунчани олиб ташласак, айни дамда Ашурматов шогирдлари охирги ўринда боришмоқда, кейинги ҳафта балки «Динамо» билан вазиятни ўнглаб олар, а, нима дейсиз?!

СЎҒДИЁНА – АНДИЖОН – 2:1:

Кутилган ҳодиса

Мазкур ўйиндаги натижани шахсан мен кутган эдим. Улуғбек Бақоев клубга келгач, жиззахликлар руҳан ўзгаришди ва ўзларига бўлган ишочни тиклаб олишди. Бақоев жуда муҳим паллада келди ўзи: Илк ўйини «Металлург» билан ва ютса бўладиган клуб. Буёғига мухлислар «Пахтакор» ва «Навбаҳор»дан учралган мағлубиятларни тўғри тушуниб туришлари ҳам мумкин эди.

Аммо клубнинг «Андижон» билан бўладиган ўйинда очко йўқотишга ҳаққи йўқ эди. Шундай бўлиб чиқди ҳам, энди Бақоев шогирдлари июннинг охирида «Локо» билан бўладиган учрашувга қадар ўзи билан тенг клублар билан баҳс олиб боради ва табиийки, мухлислар бу ўйинлардан имкон қадар кўпроқ очколар кутишмоқда: жамоа бу вақт мобайнида Олмалиқда меҳмон бўлади, «Бухоро»ни қабул қилади, Навоийга боради, қўқонликларни кутиб олади. Неча очкога умид қилса бўлади, ҳурматли жиззахликлар?!

«Андижон»нинг кейинги рақибларига бир қаранг-да энди: «Пахтакор»ни кутиб олиш ва «Навбаҳор» стадионида «қайнаш»... Сабр тилаймиз!

НАСАФ – ҚИЗИЛҚУМ – 1:1:

Қаршига яхшигина қаршилик

Рўзиқул Бердиев шогирдлари осонлик билан уч очко эгаси бўлишади, деб ўйлагандим. Бироқ нотекис ўйин кўрсатаётган навоийлик футболчилар «Насаф»га етарли қаршилик кўрсатишди, қойил. Натижада – икки жамоага ҳам маъқул келмайдиган дуранг! Иккиси ҳам турнир жадвалида у қадар юқорилай олишмади, аммо тушиб ҳам кетишмади, шукр қилишсин.

Кейинги турда қаршилик йигитларни Қўқон сафари кутиб турибди, сўнг «Локомотив» билан уйдаги баҳс. «Қизилқум»да эса, тақвим энди осонлашади: «Сурхон»ни қабул қилади, Самарқандга боради, «Сўғдиёна»ни кутиб олади ва кейингина «Пахтакор» билан ўйнайди. Навоийликларга ҳам ўша савол: Актамов шогирдларидан камида неча очко кутяпсизлар?!

БУНЁДКОР – ҚЎҚОН 1912 – 2:1

Тақвимнинг фарқи йўқ жамоа

Ҳа, «Бунёдкор» йигитлари (болалари) кайфияти шундай. Академиядан чиққан иқтидорларнинг навбатдаги қурбони – «Қўқон 1912» жамоаси бўлди. Водийликлар «Бунёдкор» билан тенгма-тенг ўйнашди ва шунинг ўзиёқ уларга яхши натижа...

«Қалдирғочлар» икки пенальтидан киритилган гол эвазига енгишди-ку, дерсиз, ҳа, кўп финт ишлатадиган, кўп ҳужум қиладиган ва кўпроқ рақиб жарима майдончаси ичида ўйнайдиган жамоалар одатда бошқаларга қараганда кўпроқ пенальти ишлашади-да. Мажбур бўлиб йиқитишади. «Бунёдкор»ни тўхтатиб қолиш шундай хун ҳисобига амалга ошмоқда.

Абрамов шогирдларидан бориб, кейинги турда ким билан ўйнайсизлар, деб сўралса, билишмаса ҳам керак. Ҳақиқатан ҳам, уларга нима қизиғи бор?! Уларни қабул қиладиган «темирйўлчилар» билан бекободликлар ўйлашсин кўпроқ – бу болаларни қўполлик ишлатмасдан бошқачароқ йўл билан қандай тўхтатиб қолишни. Ишонинг, шу ўйин билан кейинги икки турдан сўнг ҳам Абрамов жамоаси учинчи ўриндаги жойини ҳеч кимга бўшатмаган ҳолда кулиб турса, мен ажабланмайман.

Дарвоқе, 11-турда роҳатланарканмиз: «Бунёдкор» «Насаф» билан тўқнаш келади. Ўҳ, икки ажойиб услубга эга ёш йигитлар ўртасидаги баҳс мавсумнинг энг ажойиб ўйинига айланиб кетса керак.

ДИНАМО – ОТМК – 1:0:

Самарқанд қалъаси мустаҳкам

Ҳа, таркиби про-лига бўлиб ётган «Динамо» ўз мухлисларини хурсанд қилишда давом этмоқда. Даврон Файзиев қўл остидаги камтар масаллиқдан ажойиб таом тайёрламоқда.

Самарқандликларни Самарқандда ҳеч ким мағлуб эта олмаяпти. «Навбаҳор» билан кечган драматик ўйиндан сўнг жамоа Андижонда яна бир драмага қўл урган, бироқ барибир мухлисларига анчадан буён ғалаба тақдим этмаётганди. Жиззах мағлуб этилган оқшомдан кейинги қурбон – ОТМК. Олмалиқ жамоаси ўзига кела олмаяпти. Орадаги битта ғалаба Қосимов шогирдлари кайфиятини яхшиламади. «Бунёдкор» ва «Насаф»дан қабул қилинган зарба жуда оғир келган, шекилли...

«Пахтакор» стадионига боришдан аввал ОТМК «Сўғдиёна»ни қабул қилади ва мухлислар шу ўйиндангина уч очко умид қилиб турган бўлишса, ажабмас.

«Динамо» эса, «Локо» билан беллашишдан аввал Бухорога боради, «Қизилқумни» қабул қилади ва Қўқонда ўйнайди. Файзиев мана шу ўйинлардан беш-олти очко тортиб олса керак.

ПАХТАКОР – НАВБАҲОР – 2:2:

Энг зўр тўқнашув

Энг зўр ўйинни охирида бермаётганимизга сабаб бор, навбати келганда айтамиз. Ҳозир эса, учрашувнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, шундай бўлиши кутилган эди: «Пахтакор» кучлироқ ўйин кўрсатиши, «Навбаҳор» муносиб жавоб бериши, мухлислар шовқин-сурони ва ҳакамлар ҳақидаги қандайдир гап-сўзлар...

Шахсан мен учун Зокир Қодиров ўйинни ёмон бошқармади. Тўғри, тизгин баъзи вазиятларда қўлидан чиқиб кетгандир, аммо «Пахтакор» стадионидаги бундай тўқнашувда ким ушлаб тура олади? Шунингдек, ҳакамнинг хато қарорлари ўйин тақдирига жиддий таъсир ўтказди, дея олмайман. Пенальтига шубҳам йўқ. Сариқ карточкаларни ўз вақтида берди.

Аут... Тўғри, ёш бола ҳам биладиган қоида. Бироқ, бу қадар шовқинда инсоний фактор билан ҳам хато қилиши мумкин. Айниқса, у голли вазиятга алоқадор бўлмаса, жиддий олиш шартмас. Майли, нима бўлганда ҳам Зокир Қодиров четлатилди. Ўйин эса, мухлислар учун турнинг ажиб лаҳзаларини тақдим этди. «Навбаҳор»нинг камбэки бизга ЕЧЛдаги инглиз клубларини эслатиб юборди. Наманганлик футболчиларни ўша камбэкка ундаган мухлислари бўлади. Шуларнинг ҳаққи-ҳурмати Канчельскис шогирдлари иродали футбол кўрсата олишди. Касьян ва Ўрунов рақиб жамоаси юлдузлари даражасида ўйнаб беришди. Очиғини айтганда, натижа ўйинга мос бўлди. «Навбаҳор» ҳисобни тенглаштира олгани учун ҳам ютқазишга ҳаққи йўқ эди.

Кейинги турларга қарайдиган бўлсак, «Навбаҳор» «Металлург» билан осон бўлмаган ўйин ўтказади ва сўнг водий дербисида «Андижон»ни қабул қилади. Уйдаги икки ўйинда катта саҳнада яна наманганлик мухлислар, шубҳасиз...

МЕТАЛЛУРГ – ЛОКОМОТИВ – 0:0:

Темирйўлдаги тўсиқ

Ҳа, «Локомотив» пешқадамнинг очко йўқотганидан унумли фойдаланиши кутилган эди. Бироқ, «Металлург» доимгидек тишини кўрсатди. Учрашувнинг бир соатини темирйўлчилар бир ўйинчисиз ўтказишди. Ҳисоб очилмади натижада. Фёдоров шогирдлари «Пахтакор» билан уч очколик фарқни қисқартира олишмади. Кейинги турларда амалдаги чемпион ўз ўйинлари билан кўпчиликнинг суюклисига айланиб қолган «Бунёдкор» ва «Насаф» билан баҳс юритади. Бекободликлар эса, Наманганга ташриф буюришади. Канчельскис жамоаси билан бир очколик фарқ борлигини ҳисобга олсак, 9-турда кўпроқ ўша баҳсга эътиборимизни қаратамиз. Зўрроқ ўйинлар олдинда, шекилли?!

Турнир жадвалидаги ҳолат

Хайрулла Ҳамидов 

Мавзуга оид