Бахтиёр Абдусаматов иши. ДХХ мусодара қилган 400 минг доллар собиқ ҳокимнинг турмуш ўртоғига топширилди
13 май куни 2018 йилнинг сентябрь ойида ўз хизмат хонасида 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олишда айбланиб қўлга олинган Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов, Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» корхонасининг собиқ бош директори Шоҳрух Маликов ҳамда вақтинча ишсиз бўлган Ўлмас Муҳамедсаидовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди.
Суд мажлиси бошида раислик қилувчи томонидан судланувчиларга сўнгги сўз берилди.
«Ҳамма гаплар айтилди. Биз суддан адолатли қарор чиқарилишини сўраймиз. Тажрибангизга ишонаман», деди собиқ ҳоким.
Ўлмас Муҳамедсаидов эса пора олганини тан олди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Суд тергови жараёнида эшитдингиз. Ўша одамлардан пул олганман. Хато қилганман. Имконият берсангиз ўша пулларни қайтариб бериб оилам бағрига қайтсам. Енгилроқ жазо бериб имконият беришингизни сўрайман», деди судланувчи Муҳамедсаидов.
«Менга қўйилган айбловлар туҳмат деб ҳисоблайман. Бўлиб ўтган ишлар айтиб ўтилди. Адолатли ҳукм чиқариши сўрайман», дейди судланувчи Маликов.
Судланувчиларнинг охирги сўзларини тинглагандан сўнг, суд маслаҳатлашиш учун кириб кетди. Маълум вақт ўтиб, раислик қилувчи суд ҳукмини эълон қилди. Суд ҳукмининг санкция қисми қуйидагича бўлди:
«Бахтиёр Хасанович Абдусаматовнинг ҳаракатларида Жиноят Кодексининг 210-моддасининг (пора олиш) 2-қисми «а» банди (таъмагирлик йўли билан) ва 3-қисми «а» бандида (жуда кўп миқдорда) назарда тутилган жиноятлар таркиби бўлмагани сабабли реабилитация қилинсин ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан ҳаракатдан тугатилсин. 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» бандида (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилсин. Собиқ ҳокимга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгилансин.
Ўлмас Қобилжонович Муҳаммедсаидов Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилсин. Ушбу шахсга 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил-у 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталсин.
Шоҳрух Фарҳодович Маликов Жиноят Кодексининг 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) 3-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми «а» бандида келтирилган жиноятлар аниқланмагани сабабли реабилитация қилинсин (оқлансин). Маликов суд залидан озод этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига топширилган 400 минг АҚШ доллари Бахтиёр Абдусаматовнинг турмуш ўртоғи Д. Абдусаматовага, шунингдек иккита «Каптива» ва битта «Малибу» русумли автомобиллар ўз эгаларига топширилсин. Ушбу автомобилларга қўйилган тақиқ бекор қилинсин.
Иш бўйича манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик судлови тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилсин».
Раислик қилувчи томонидан ушбу суд ҳукми ҳали кучга кирмаганлиги ва тарафлар ҳукмдан норози бўлган тақдирда юқори инстанцияга мурожаат этиши тартиби ва муддати тушунтирилди.
Маликов суд залининг ўзида озод этилди ва оиласи бағрига қайтарилди. Собиқ ҳокимга апелляцияга бериш тўғрисидаги ҳуқуқлари тушунтирилди ва ундан суд ҳукми ҳақида сўралди, у эса буни изоҳсиз қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, Юнусобод туманининг собиқ ҳокими в.б. Бахтиёр Абдусаматов 2018 йил сентябрида хизмат хонасида пора олаётганида ушлангани ҳақида хабарлар берилганди. Бу хабарларда у ер участкаси ёки участкалари ажратиш учун 400 минг доллар миқдорида пора олгани айтилган, у ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланганди.
1 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судья Зафар Нурматов раислигида Бахтиёр Абдусаматов, вақтинча ишсиз Ўлмас Мухамедсаидов ҳамда Туризмни ривожлантириш қўмитасининг «Миллий ПР-маркази» собиқ бош директори Шоҳруҳ Маликов иши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд давомида собиқ ҳоким ўзининг қўлга олиниши Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарлари томонидан уюштирилганини тахмин қилганди.
«Бир нарсани айтишни хоҳлайман. Жиноят иши қўзғатилишидан бошлаб саккиз ой давом этган турли ҳаракатлар, айниқса тергов ҳаракатларигача, — буларнинг барчаси «коррупцион сенсация» учун қасддан Давлат хавфсизлик хизматининг айрим собиқ раҳбарлари томонидан амалга оширилди. Бу менинг тахминим.
Кимдир ёлғондан шон-шуҳратга эга бўлишни хоҳлади ва бу ишни… Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, бошқармаларнинг собиқ раҳбарлари амалга оширди.
Яна бир қизиқ нарса бор: қандай қилиб депутатни ўтқазишиб, унинг оиласига телефон қилиб, уларни пул тўлашга мажбурлашди ва буни порага айлантиришди — ҳалигача тушуна олмайман. Бироқ прокурорга миннатдорчилик билдиришни истардим, у 210-моддани (пора олиш) тўхтатиш тўғрисида даъво киритди», — деганди у.
Мавзуга оид
22:00 / 14.06.2019
Бош прокуратура: Абдусаматов томонидан айбланган ДХХ ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган
15:10 / 13.05.2019
Бахтиёр Абдусаматов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди
23:09 / 01.05.2019
Катта миқдорда пора олишда айбланган Бахтиёр Абдусаматов судда ДХХнинг собиқ раҳбарларини айблади
19:22 / 17.04.2019