Ўзбекистон | 14:59 / 14.05.2019
53264
4 дақиқада ўқилади

Ортиқхўжаев «снос», коррупция, танқид ва кесилган дарахтлар ҳақида гапирди

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Alter Ego дастурида интервью берди. Шаҳар ҳокими «снос», коррупция, танқид ва дарахтлар ҳақида гапирди.

Ҳоким танқид ҳақида сўз юритиб, салбий фикрлар бутун халқдан эмас, балки баъзи одамлардан чиқаётганини айтди. Шунингдек, у коррупция бўйича ўз фикрини билдирди.

«Мен бу бутун халқнинг, Тошкент аҳолисининг фикри, деб ўйламайман. Салбий муҳитни ҳис қилганимда, эркин юра олмасдим. Менимча, ҳоким ҳақида салбий фикрда ёзаётганлар буни буюртма асосида қилишмоқда. Кўплаб одамлар коррупция сақланиб қолишини истайди, улар бундан пул топишади. Шунинг учун, уларга истаган нарсаларини ёзиш манфаатлидир. Мен бунга катта эътибор бермайман, шунчаки ишлашда давом этаман. Бу салбий нарса доим менга фойда келтирган», - деди у.

«Снос»лар ҳақида гапираркан, у халқ тинч-хотиржам яшашга одатланганлигини айтди.

«Бизнинг халқ тинч-хотиржам яшашга одатланди, у Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга тайёр эмасди. Ҳоким лавозимига тайинланганимдан кейин ўз ишимни кўрсатишим керак эди. Мен Ўзбекистондаги вазиятни иқтисодий жиҳатдан ўзгартириш учун, президент талаб қилганидек, одамлар хоҳлаганидек тезкор ҳаракат қила бошладим. Мен фаол ишлай бошладим, шунда одамлар шиддатли ўзгаришларга тайёр эмаслиги маълум бўлди, шунинг учун мен бу ерда бироз адашдим ва халқ кескин муносабат билдирди. Менинг мақсадим Тошкентни кейинги ривожланиш босқичига олиб чиқиш эди», - дея таъкидлаб ўтди у.

Ортиқхўжаевнинг фикрига кўра, Бош режани ишлаб чиқиш масаласида шошилиш керак эмас.

«Мендан олдин ҳам бузишган, қуришган, ўшанда ҳам Бош режа йўқ эди. Бош режа демократияга ўхшайди: бир кун ичида бажарилмайди, йиллар давомида тузилиши керак. Шунинг учун сабр-тоқат керак. Бу нима учун амалга оширилмоқда, нега бузилмоқда, қурилмоқда? Менимча, Тошкентда кўплаб бўш жойлар, парклар бор, агар барча бўш жойларни тадбиркорларга берадиган бўлсам, тез орада парклар қолмайди. Тошкент аҳоли зич жойлашган ерга айланади», - деди у.

Ҳокимнинг маълум қилишича, Тошкентда, статистика маълумотларига кўра, аввал ҳозирги кунга қадар кўпроқ дарахтлар кесилган.

«Кесиш билан браконьерлар шуғулланган. Улар бошқа вилоятлардан келиб, кечқурун арралашади ва олиб кетишади: бу улар учун тайёр бизнес эди. Агар эътибор берган бўлсангиз, Наманган ва Фарғонада деярли ҳеч қандай дарахт қолмади. Баъзи браконьерларни постларда ушладик, ҳатто водийга бордик. Бу устахоналарни топдик. Кўпчилик браконьерлар кесишни атайин видеога олиб, ҳоким бунга рухсат бергани ҳақида айтишган. Мен бу муаммони 100 фоизга ҳал қила олмадим. Ҳозир улар билан курашишнинг янги услубларни қидирмоқдамиз», - дея қайд этиб ўтди у. 

Мавзуга оид