Ўзбекистон | 22:35 / 14.05.2019
95762
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокими нима учун Аҳмет Демир «Чорсу» меҳмонхонасини қура олмаслигини айтди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Alter Ego дастурида интервью берди ва Аҳмет Демир шуғулланаётган «Чорсу» меҳмонхонасини реконструкция қилиш лойиҳаси ҳақида фикр билдирди.

Аҳмет Демир
Фото: Ҳалқ сўзи

«Демир Ўзбекистонга иккинчи марта келганида «Чорсу» меҳмонхонасига 30 млн доллар инвестиция киритишини айтди. Биз меҳмонхонани унга текинга бердик. Ўшандан буён икки йил ўтди, ҳеч нарса қилинмади. Мен Демир билан бир неча марта гаплашдим. У менга «Чорсу» ва икки гектар ер беришди, менга яна уч гектар ер керак дейди. Ҳозирда бу ҳудуд «Жар» спорт мажмуасиники. Унга аввал ҳеч бўлмаса меҳмонхонанинг олд қисмини битказ, кейин иккинчи босқични муҳокама қиламиз дедим», - деди Ортиқхўжаев.

Шаҳар ҳокимининг айтишича, Демир гўёки қурилиш учун 30 млн доллар ажратишга тайёр қандайдир Америка компанияси билан гаплашибди. Бунинг устига, номаълум инвесторларга икки эмас, беш гектар ер керак экан.

«Инвестицион мақсадларда бепул ажратилган ерни гаров эвазига аллақандай Америка компаниясига бериб юборишга унинг ҳаққи йўқ. У буни тушунмаяпти. Ўйлашимча, унинг пули йўқ. У қандайдир хаёллар билан бошида бу бинони олган, аммо қўлидан ҳеч нарса келмаяпти», – деди Ортиқхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ғуломов Аҳмет Демир «Чорсу» меҳмонхонаси бўйича ўз инвестиция мажбуриятларини ҳамон бажармаганлигини маълум қилганди

Demir Group компанияси 2017 йил сентябрида «Чорсу» меҳмонхонаси биносини камида 33 млн доллар миқдорида инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан ноль харид қийматида сотиб олганди. Бироқ Ғуломовнинг сўзларига кўра, инвестор «ҳеч нарса қилмаган».

«Тўрт юлдузли меҳмонхона ваъда қилишганди, катта ваъдалар берилган, 30 миллион хорижий инвестициялар айтилган. Натижани кўряпмиз. Ваъдани бажариш ўрнига, ўзбек банклари пул бермагани, шунинг учун муддатлар кечикаётгани ҳақида гапирмоқда. Бу ерда ўзбек банкларининг нима алоқаси бор? Инвестор мажбуриятларни ўз зиммасига олган», - деганди Ғуломов.

Аввалроқ, туркиялик тадбиркор гарчи меҳмонхона бу йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши керак бўлса-да, ҳамон бир қатор муаммоларни ҳал қила олмаётгани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид