Спорт | 15:40 / 16.05.2019
14975
10 дақиқада ўқилади

Тошкентда дерби, «Пахтакор» водийда меҳмон – Суперлига 9-тур превьюси

16 май, пайшанба куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 9-тур ўйинлари ўтказилади. Турни «Андижон» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги ўйин бошлаб беради. 9-турнинг марказий ўйини пойтахтда ўтказилиб, унда «Локомотив» собиқ мураббийи Вадим Абрамов бошқараётган «Бунёдкор»ни қабул қилади. Мураббийсиз қолган «Бухоро» бу турда чемпионатни кўтаринки кайфиятда ўтказаётган «Динамо»ни қабул қилади. Қуйида Суперлиганинг 9-тур ўйинлари превьюси билан танишасиз.

16 май (пайшанба)

«АНДИЖОН» – «ПАХТАКОР»

Ўйин вақти: 16 май, 18:30.

Стадион: Фарғона, «Истиқлол» стадиони.

Андижондаги стадион «Андижон» – «Насаф» ўйинида очилганди, лекин маълум бўлишича, «Соғлом авлод» стадионидаги ёриткичлар ҳали талаб даражасида эмас. Шу боис «Андижон» – «Пахтакор» ўйини Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтказилади. «Нефтчи» юқори дивизионда ўйнамаётган бўлишига қарамай, Суперлига ўйинларини энг кўп ўзида қабул қилаётган стадиони айнан «Истиқлол» бўлиб турибди. Чунки стадиони тайёр бўлмаган водий жамоалари уй ўйинларини Фарғона шаҳридаги шу аренада ўтказишга мажбур бўлишмоқда.

Ўйиннинг ўзига тўхталадиган бўлсак, Андижондаги баҳсда «Пахтакор»нинг имкониятлари юқори. Ўтган турда «Навбаҳор» билан аламли тарзда дуранг ўйнаган «шерлар» водийнинг бошқа бир жамоасига қарши ўйинда ғалаба қозонишга интилади. Бунинг устига «Андижон» ҳозир яхши ҳолатда эмас. Жамоа бош мураббийи Илдар Сакаев истеъфога чиққани ҳақида хабарлар ҳам юрибди.

Аммо «Андижон» мураббийнинг кетганини тасдиқламади. Балки жамоани юқори дивизионга олиб чиққан мураббийга «Пахтакор» билан ўйинда ҳал қилувчи имкон берилар.

17 май (жума)

«ЛОКОМОТИВ» – «БУНЁДКОР»

Ўйин вақти: 17 май, 18:45.

Стадион: Тошкент, «Локомотив» стадиони.

Бошқа вилоятлардаги жамоалар ҳам охирги йилларда ўсишга эришди, аммо айни дамда жадвалнинг юқори учлигини барибир пойтахт жамоалари банд этган. «Пахтакор» ва «Локомотив» яхши молиявий имконият ва кучли таркиб эвазига ҳақли равишда дастлабки икки ўринни эгаллаб турган бўлса, стадионсиз, автобуссиз қолган «Бунёдкор» 10-синф болалари билан ўйнаб, учликда бормоқда. Чунки ёш «қалдирғочлар»ни яхши мураббий бошқармоқда.

«Локомотив» ўтган турда «Металлург»нинг жиддий қаршилигига дуч келди. Етмаганига, «темирйўлчилар»нинг ОЧЛда гуруҳдан чиқа олмаслиги ҳам аниқ бўлди. Бундай натижалар Андрей Фёдоровнинг курсисини қимирлатиб қўйгани бор гап. Унинг истеъфоси яқинлиги ижтимоий тармоқларда аллақачон муҳокама қилинмоқда. Мамлакатнинг охирги уч йилдаги чемпиони кичик инқироздан чиқиб кетиши учун мана шундай катта ўйинларни ютишга интилиши аниқ.

«Бунёдкор» Навоийдаги кутилмаган мағлубиятдан сўнг яна ўзига келиб олди ва «Қўқон-1912»ни мағлуб этишга улгурди. Абрамовнинг ёш жамоаси стабил ўйин кўрсата олмаяпти, шундай бўлса-да, 3-ўрин ҳам ёмон эмас. «Қалдирғочлар» мавсум охирида ҳам шу ўринда қолишса, буни катта натижа деб қабул қилиш мумкин.

18 май (шанба)

«НАСАФ» – «ҚЎҚОН-1912»

Ўйин вақти: 18 май, 17:45.

Стадион: Қарши, «Марказий» стадиони.

Бу ўйиннинг мезбони «Қўқон-1912» бўлиши керак эди, аммо стадионнинг тайёр эмаслиги боис баҳс Қаршида ўтказилади. Қўқондаги стадион «Динамо» билан ўйинда очилиши кутилмоқда. Ҳар икки жамоа учун 8-тур омадсиз ўтди. «Қўқон-1912» икки марта пенальтидан гол ўтказиб, «Бунёдкор»га енгилган бўлса, «Насаф» ўз майдонида «Қизилқум»ни енга олмади.

«Насаф» айни дамда 8-ўринда бормоқда, лекин Бердиев жамоаси ўтган турда ғалаба қозонса, 3-ўринга чиқиб олиши ҳам мумкин эди. «Қўқон-1912» эса охирги поғонада бормоқда. Қўқон клуби Нўъмон Ҳасановга 1:7 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг ҳам ишонч билдиришда давом этди ва Тошкентда «Локомотив»дан очко олган «Қўқон-1912» мураббийи қайсидир маънода ишончни оқлагандек бўлди. Аммо охирги поғонада юриш мамлакат футболининг илк жамоасини қониқтирмаса керак. Шу боис Ҳасанов учун ҳар ўйин финалга тенг.

«ҚИЗИЛҚУМ» – «СУРХОН»

Ўйин вақти: 18 май, 20:00.

Стадион: «Ёшлик» СМ стадиони.

«Қизилқум» кичик инқироз кўчасига кириб қолгандек кўринганди. Аммо ўз майдонида «Бунёдкор»ни енгиб, Қаршида «Насаф» билан дуранг ўйнагач, Ҳамид Актамов шогирдлари яна ўйинини топиб олгандек кўринмоқда. Аммо Қаршидаги ўйиндан сўнг Актамов жамоаси ҳали инқироздан чиқиб кетмаганини айтди. 9-турда ғалаба қозонса, «Қизилқум» очколар бўйича айнан шу турдаги рақиби «Сурхон»га етиб олиши мумкин.

«Сурхон» чемпионат аввалидаги стабилликни сақлаб қола олмаяпти. Микляев жамоасида бошқа жамоадан келган футболчиларнинг кўплиги бир хил ўйин кўрсатишда халақит бераётгандек.

19 май (якшанба)

«НАВБАҲОР» – «МЕТАЛЛУРГ»

Ўйин вақти: 17:30.

Стадион: Наманган, «Марказий» стадиони.

«Навбаҳор» ҳозир Суперлиганинг энг яхши ҳолатдаги жамоаси. «Навбаҳор» охирги 5 та ўйинда шунчалик яхши ўйнадики, энди Канчельскис шогирдларини бемалол чемпионликка даъвогарлар сирасига киритиш мумкин. Қаршида «Насаф»ни енгган «Навбаҳор» омадли юришини айнан ўша ўйиндан бошлади.

Қаршидаги ўйиндан сўнг наманганликлар мағлубият нималигини билмаётган «Сурхон»ни йирик ҳисобда енгишди, кейин Самарқандда «Динамо» билан мавсумнинг энг қизиқарли ўйинларидан бирида қатнашишди. 7-турда стадионининг очилишида «Сўғдиёна»ни чиройли ўйин кўрсатиб мағлуб этган «Навбаҳор» ўтган турда «Пахтакор» билан дуранг ўйнади.

«Металлург»нинг ҳам ишлари чакки эмас. Шипилов шогирдлари ўтган турда «Локомотив»дан очко олишни уддалашди. Ўша ўйин шунчалик шиддатли кечдики, бош ҳакам Азиз Асимов унинг темпига чидай олмай, танаффусда ўрнини бошқа ҳакамга бўшатишга мажбур бўлди. Ана шундай шиддатли ўйинда бекободликлар «Локо»дан очко олишди. Шу боис «Металлург»ни енгиш «Навбаҳор»га ҳам осон бўлмайди.

ОКМК – «СЎҒДИЁНА»

Ўйин вақти: 19 май, 17:45.

Стадион: Олмалиқ, ОКМК стадиони.

Миржалол Қосимов Олмалиқда яхши жамоа тузишга қийналяпти. Жамоада яхши футболчилар йиғилган, лекин уларнинг кўпчилиги бошқа клублардан келгани ОКМК ўйинида стабилликнинг йўқлигига сабаб бўлмоқда. Қосимов жамоасида етакчи етишмаётганини ҳам кўп бора айтди. Яхши футболчиларнинг йиғилгани муваффақият гарови бўла олмаслигини айнан ОКМК мисолида кўряпмиз.

«Сўғдиёна» Улуғбек Бақоев мураббийлигига ўтгач, анча жонланди. Жиззахликлар Бақоев билан «Андижон» ва «Металлург»ни енгишди. Бу ўйин турнир жадвалида икки ёнма-ён бораётган жамоалар ўртасидаги тўқнушув бўлгани билан ҳам аҳамиятли. Олмалиқликлар ўз майдонидаги бу баҳсни юта олишмаса, яна охирги поғонага қайтишлари мумкин.

«БУХОРО» – «ДИНАМО»

Ўйин вақти: 19 май, 20:00.

Стадион: Бухоро. «Бухоро» СМ стадиони.

Ўтган йил ОКМК билан Ўзбекистон Кубогида зафар қучган Бахтиёр Ашурматов жорий мавсум аввалида «Бухоро»ни қабул олганди. Аммо кўҳна шаҳарда унинг ишлари юришмади ва клуб раҳбарияти «Динамо» билан ўйин олдидан Ашурматовни истеъфога чиқарди.

Бу «Бухоро» футболчиларига икки хил таъсир қилиши мумкин. Биринчидан, истеъфо катта эҳтимол билан жамоага салбий таъсир қилади. Чунки мураббийнинг кетиши футболчилар ҳам яхши ўйнамаганини кўрсатади. Бошқа томондан мураббийнинг кетиши жамоага ижобий таъсир қилиши ҳам мумкин, боиси футболчилар натижаларда уларнинг айби йўқлигини исботлаш учун ҳам яхшироқ ўйнашади.

«Динамо» ҳозир жуда яхши ҳолатда. Янги мавсумга Про-Лигада ўйнаш учун тайёрланган самарқандликлар кутилмаганда Суперлига чиқиб қолишди. Шу боис «Динамо» таркиби ҳам кўпроқ Про-Лига жамоалариникига ўхшаб кетади. Шундай бўлса-да, Даврон Файзиев жамоаси яхши ўйин кўрсатмоқда. 3 ғалаба ва 3 дуранг қайд этган самарқандликлар айни дамда 5-ўринда. «Динамо» мавсум охирида ҳам шу ўринда қолса, буни сенсецион натижа дейиш мумкин.

Мавзуга оид