Ўзбекистон | 18:50 / 18.05.2019
8291
3 дақиқада ўқилади

Инновация бўйича эксперт: «Мамлакатга витамин эмас, оғриқ қолдирувчи инновация керак»

Ўзбекистонда стартапларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти, аммо, шунга қарамай, саноқли стартапларгина ўзини оқлаб, «тирик қолмоқда». Бу хусусида Инновацион ривожланиш вазирлигининг «Ўзбекистонда инновацион экотизим ривожланишида стартап лойиҳалар ва ёш олимларнинг илмий стажировкалари тараққиёт омили сифатида» мавзусидаги матбуот анжуманида сўз борди.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаровнинг таъкидлашича, стартаплар инновациянинг муҳим манбаси, иқтисодиётнинг ривожланишига туртки берувчи куч. Бироқ кўпгина стартап лойиҳалар ахборот технологиялари билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Натижада табиий фанлар билан шуғулланувчи мутахассислар стартап экотизимидан четда қоляпти. Ўз навбатида, дунё тажрибаси табиий фанлар йўналишидаги стартаплар энг даромад келтирадиган ва тез суръатларда ўсувчи сегмент эканлигини кўрсатади.

Азимжон Назаров

Анжуманда нега кўплаб стартап лойиҳалар ўзини оқламаётгани масаласи кўтарилди. Вазирлик эксперти Одилжон Абдураззоқов стартап лойиҳалар кўзланган мақсадга эришиши учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги хусусида тақдимот қилди.

Одилжон Абдураззоқов

─ Кўпчилик инновацион муҳитни яхшилаш учун аввало қонунчилик базасини яхшилаш керак, деб ўйлайди ва норматив ҳужжатлар ишлаб чиқишга эътибор қаратади. Аммо халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, аввало «талант ҳовузи»ни яратиш керак. Яъни кўпчиликдан фарқли, анъанавий қолиплардан ташқари фикрлайдиган, йўқ жойда ҳам имкониятни кўра оладиган кадрларни тайёрлаш лозим. Бунинг учун таълим муассасаларида креатив фикрлашга ўргатувчи фанларни киритиш мақсадга мувофиқ. Мисол учун, Исроилда ҳарбий хизматга борган йигитларга дастурлаш курслари ўқитилади. Натижада, улар хизматдан қайтгач, эгаллаган кўникмалари орқали янги инновацион ғояларни амалга ошириши мумкин бўлади. Ўзбекистон шароитида ҳам бу тажрибани қўллаш мумкин.

Инновация икки турда бўлади: витамин ва оғриқни қолдирувчи. Бизнинг аксарият стартапперларимиз янги нарсани бозорга олиб чиқишга интилади, яъни бу витамин инновация. Инновация оғриқни қолдирувчи бўлса, яъни мавжуд бирон муаммони ҳал қилишга йўналтирилиб, бор имкониятдан фойдаланишга асосланса, муваффақиятга эришиш имконияти ортади. 

Инновацион лойиҳаларга ёрдам берувчи катализаторлар ─ коворкинг марказлари, технопаркларни яратиш керак. Хусусан, кўп ҳолларда бўлганидек уларнинг ҳашаматли жиҳоз билан тўлдирилиб, ҳувиллаб ётишини эмас, балки ёш стартапперга реал билим ва кўникмаларни беришини йўлга қўйиш лозим.

«Танловларда ўз лойиҳаси билан иштирок этадиган стартапперларнинг аксарияти узоқни кўзламайди, фойда қилишни эмас, бериладиган грант маблағни қўлга киритиш ҳақида ўйлайди. Кўпчилигининг бизнес режаси хом, 70 миллионга қилиш мумкин бўлган иш учун 2 млрд талаб қилади. Шу боис улар ўзини оқламайди, ишончсиз», ─ дейди Dekos компанияси директори, тадбиркор Ҳасан Мамасаидов.

Мавзуга оид