Ўзбекистон | 15:13 / 18.05.2019
121656
2 дақиқада ўқилади

Президент: Мактаб ўқитувчисининг ойлигини минг долларга етказмоқчимиз

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти ҳокимлигида ўтказилган фаоллар йиғилиши давомида таълим соҳасидаги муаммоларга ҳам тўхталди.

«Хонободда олтита коллеж кимга керак? Ундан кўра, мактабдаги ўқитувчига 4-5 баробар кўпроқ ойлик берганимизда эди, мактабда тракторни ҳам, компьютерни ҳам ўргатарди.

Битта туманга олтита коллеж. Бунга қанча пул кетди? Албатта, коллеж ҳам керак, лекин битта туманга битта коллеж ҳам етарди. 

Коллежларга аввал ўқитувчиларни тайёрлаш керак эди. Ҳозир эса бор ўқитувчилардан ҳам айрилиб ўтирибмиз. Борини йўқ қилдик. Ишончни йўқотдик», деган Шавкат Мирзиёев.

Президент Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва бошқа масъуллардан Андижон вилоятидаги касб-ҳунар коллежлари бинолари ва жиҳозларини Халқ таълими вазирлигига ўтказиш бўйича таклифлар беришни сўраган, вилоят ҳудудида пайдо бўлаётган янги уй-жой массивларида мактаблар қуриш, Хонобод шаҳридаги 1-сонли, Жалақудуқ туманидаги 20-сонли мактабда капитал таъмирлаш ишлари амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берган.

«Ҳисоб-китобини менга беринглар. 10 кун давомида вилоят ҳокими билан, оқсоқоллар билан йиғилишиб, Андижонда нима қилсак, мактабнинг, ўқитувчининг обрўйини ошириш мумкинлиги ҳақида ўйланглар. Кейин Андижон тажрибасини республикага қўллаймиз.

Шу кунларга етказса, мактаб ўқитувчисининг ойлигини минг долларга етказмоқчимиз.

Нима учун шунча йил давомида бизда йўлдан адашганлар пайдо бўлди, турли оқимлар пайдо бўлди? Таълим йўқ эди, билим йўқ эди, мактаб йўқ эди. Деворлар бор эди.

Бу соҳада муаммоларимиз кўп. Шароитимиз оғир. Ўқитувчи - жамиятнинг пойдевори», дея Президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид