Жаҳон | 12:05 / 19.05.2019
17807
2 дақиқада ўқилади

ФСБ полковникларидан мусодара қилинган 12 млрд рубль видеоси эълон қилинди

Дмитрий Фролов (Фото: Андрей Любимов / РБК )

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг иқтисодий хавфсизлик хизматининг “К” бошқармаси банк бўлими полковниклари Кирилл Черкалин ва Дмитрий Фролов ҳамда уларнинг қўл остидаги Андрей Васильевнинг тинтув қилиниши натижалари видеолавҳалари РЕН ТВ телеканали томонидан эълон қилинди.  

Видеода улардан мусодара қилинган пуллар билан лиқ тўла 10 тадан кўпроқ сумка ва пакетлар тасвирланган. Видео охирида 100 долларлик купюралар пачкалари солинган қутини кўриш мумкин. 

Ушбу видеони эълон қилган яна бир ахборот агентлиги – “Росбалт” бу пулларнинг барчаси биргина Черкалиндан олинганини маълум қилган. Мусодара қилинган сумма рекорд сумма бўлиб, Россия ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши бошқармаси полковниги Дмитрий Захарченкодан олинган пулдан (8,5 млрд рубль) кўпроқни ташкил қилади. 

Фролов, Черкалин ва Васильев апрель охирида қўлга олинган. Черкалинга пора берувчи шахс ва тижорий тузилмалар фойдасига “ҳаракатлар содир этиш ёки содир этмаслик” учун 850 минг доллар пора олиш айблови қўйилган. Фролов ва Васильев фирибгарликда айбланмоқдалар. Тергов маълумотларига кўра, улар 2011 йилда тадбиркор Сергей Гляделкинга жиноий жавобгарликка тортиш билан пўписа қилиб, ундан 490 млн рубль олишган.

Фролов ва Васильевнинг ишини тергов қўмитаси бош тергов бошқармаси олиб бормоқда, Черкалиннинг иши билан ҳарбий терговчилар шуғулланмоқда.

Мавзуга оид