Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахлик тадбиркорнинг мурожаати нега қаноатлантирилмади ёхуд «Ўрда» боғи «ўгай» боғми?
Kun.uz сайтида ўтган йилнинг октябрь ойида Жиззах шаҳридаги «Ўрда» экологик маданият ва истироҳат боғининг аянчли аҳволи ва уни ободонлаштириш учун ҳаракат қилаётган тадбиркорнинг оворагарчиликлари ҳақида танқидий мақола эълон қилинган эди. Ўшанда мутасадди раҳбарлар «Ўрда» боғи Жиззах вилояти ҳокимлиги қарори асосида узоқ муддатга «Люкс Шедевр Гарден» МЧЖга (у бугунги кунда қўшма корхонага айлантирилган) ижарага берилганини, тез орада боғ обод масканга айланиши ҳақида ваъдалар беришган эди.
Аммо ваъдалар ваъдалигича қолиб кетгани маълум бўлди. Биз «Ўрда» Экологик боғида бўлганимизда у ерда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганига гувоҳ бўлдик.





Мақола сайтда эълон қилинганига етти ой бўлди. Боғ ўша-ўша қаровсиз ва хароб аҳволда...
Саволларимизга жавоб олиш мақсадида «Люкс Шедевр Гарден» қўшма корхонаси раҳбари Элёр Зокировга билан учрашдик.
«Мақола эълон қилингандан сўнг, рости, жуда қувондим, «энди ишлар олдинга силжиса керак», деб умид қилгандим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмади. Шу боғни обод қиламан, деган мақсадда ҳаракатни бошлаганимга икки йил тўлди. Мана, орттирганим бир қоп ҳужжат (юз варақ турли мазмундаги маълумотнома ва ҳужжатларни кўрсатди), харажатлар ҳақида айтмасам ҳам бўлаверади».

«Лойиҳани амалга ошириш бўйича Чехиянинг «AO I.K.S Group A.S» компанияси билан музокаралар олиб борганмиз. Улар билан 100 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мақсадида шартнома тузганмиз.
Ваъдалардан чарчадим, лекин ортга чекинишни ҳам истамайман. 2017 йилдан бери шу лойиҳа амалга ошиши учун ҳаракатдаман. Лойиҳаларим тайёр, инвесторлар бир неча марта келишди. Уларга маъқул бўлди. Шу эзгу ишдан воз кечмаслик учун фаолиятимни янада кенгайтирдим. Чехиялик ҳамкорларимиз билан қўшма корхона ташкил қилдик.
Сизга айтсам куларсиз, ҳатто яшаш жойимдан ҳам маълумотнома билан биргаликда уларнинг таклиф ва тавсияларигача олиб келиб имзолатиб қўйганман. Тошкентга бораман, Жиззахга келаман, «энди фалон вазирликка боринг дейишади», яна оворагарчилик, хуллас вазирликлар эшигида сарғайишдан чарчадим... Бир ҳужжатни тўғрилаш учун яна қанча қоғоз ва имзо керак, шуни тушунмайман.
Боғнинг аҳволи эса ўзингизга маълум, икки йилдан бери шу иш билан овораман. Ахир шу пайтгача иш бошлашим керак эмасмиди?
Менга 2018 йил 25 май куни Жиззах вилояти ҳокимлигининг қарорини беришганди. Ушбу қарорнинг 1- ва 5-бандларини ўзгартириш учун бир йилдан бери сарсонман. Ушбу қарорнинг 1-бандида 317,0 минг кв.м ер майдонига эга «Ўрда» боғини узайтириш шарти билан 30 йил муддатга ижарага бериш кўрсатилган, мен эса 49 йил йилга узайтирилшини сўрадим.
Шунингдек, қарорнинг 5-бандида биз томонимиздан бир йил муддатда қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари 50 фоизга бажарилмаса бино ва иншоотлар қайтариб олиниши белгиланган. Бу шартларга ҳеч бир инвестор кўнмайди. Ахир у ерда озмунча иш борми?! Бир эмас бир неча инвестор бу бандлар ўзгартирилишини сўрашди, рад этилгач қайтиб кетишди.
Мен ҳамма керакли ташкилот ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилдим. Айни кунда Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Жиззах вилояти қарорини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритилган. Маълум бўлишича, менга тақдим этилган «Ўрда» экологик боғини қайтадан реконструкция қилиш учун чиқарилган қарорнинг ўзи нотўғри қарор. Мен эса ҳали-ҳамон сарсонман. Энг қизиғи, мурожаатларимга бир йилдан бери на вилоят ва на шаҳар ҳокимлиги жавоб беради», — дейди Элёр Зокиров.




Ушбу вазиятга изоҳ олиш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасаддиларига учрашмоқчи бўлдик. Ҳокимликда мутасадди раҳбарларни кутиш асносида вазиятдан хабардор мутахассис ўз фикрларини билдирди.
«Элёр Зокиров қарорда кўрсатилган бандларни бажара олмади. Қарорда кўрсатилган муддат ҳам ўз ниҳоясига етди. Тадбиркорга ҳеч ким тўсқинлик қилгани йўқ. Тўғри, Элёр Зокиров чехиялик инвесторларни бир неча марта чақиртирди. Биз улар билан суҳбатлашдик. Уларнинг талабига кўра, айни дамда тадбиркорнинг ҳисоб рақамида 3 млн. АҚШ доллари бўлиши керак экан. Яъни, тадбиркор олмоқчи бўлган кредитга вилоят ҳокимлиги кафил бўлиши керак экан. Афсуски, вилоят ҳокимлиги бундай масъулиятни ўз зиммасига ололмайди ва кафил бўла олмайди», — деди у.
Бизни қизиқтирган саволларга Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акром Раҳмонқулов жавоб беришини айтишганди.
Акром Раҳмонқулов эса муаммо ҳақида у қадар тўлиқ маълумотга эмаслигини, бу ҳақда батафсил вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий- маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ботир Тўхтамишев маълумот беришини билдирди.


«Ростини айтсам, мен бу масалага нима деб изоҳ беришни ҳам билмайман. Тўғри, «Ўрда» экологик истироҳат ва маданият бошқармасининг балансида. Мен Элёр Зокиров билан бир неча бор суҳбатлашганман, у ғайратли йигит. Билишимча, вилоят ҳокимининг қарори ҳам бекор қилинган, тадбиркор ҳам ўзига юклатилган вазифаларни ҳам тўлиқ бажармади», — дейди у.


Элёр Зокиров бир неча бор Жиззах шаҳар ҳокимлигига ёрдам сўраб мурожаат қилганини, аммо унинг мурожаатлари жавобсиз қолганини таъкидлади.
«Жиззахга албатта истироҳат ва маданият боғлари керак. Бу борада ижобий ўзгаришлар ҳам бор. Бу ҳали етарли эмас, деб ўйлайман. Лойиҳаланаётган боғ замонавий, турли хил аттракционлари бор ва у албатта шаҳримиз кўркига кўрк қўшади. Айни дамда сиз тилга олган лойиҳа жуда катта маблағ талаб қилади. Бу бўйича таклифлар бўлган. Тадбиркорни инвесторлари билан бирга ўзим ҳам қабул қилганман. Мен ўшанда ҳам айтганман, бугун ҳам айтаман: ваколатим доирасида қандай ёрдам керак бўлса, уни бажаришга тайёрман.
Хабарингиз бўлса, ушбу қарор чиққанига ҳам бир йилдан ошди. Боғда бирор ўзгариш бўлмади, иш бажарилмади. Тадбиркорга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. Агар шундай бўлса, марҳамат, исботлаб берсин. Саволни менга эмас тадбиркорга беринг, нега иш бажарилмади?
Биз тадбиркорнинг ҳамма хатларига жавоб берганмиз. Шахсан ўзимга неча марта учрашган бўлса, батафсил тушунтирганман. Билишимча, қарор айни кунда бекор қилинган. Мен тадбиркорга ҳеч қачон ҳужжат йиғдирмаганман. Мурожаатчи қарорнинг 1- ва 5-бандлари ўзгартирилишини сўраган. Ҳар сафар тадбиркорга талаб ва таклифларини ёзма равишда асослаб беришини ва шунга қараб вилоят ҳокимлигига таклиф беришимизни айтганмиз. Саволингизга лўнда ва аниқ жавоб шуки, қарор чиқарилган, тадбиркор томонидан ҳеч қандай иш бажарилмаган. Агар бажарилган бўлса, марҳамат кўрсатсин. Инвестицияни киритиш учун тадбиркорнинг қўлида яқингача келишув шартномаси ҳам йўқ эди. Сармоя киритиш учун инвестор билан келишув шартномаси бўлиши керак. Келишув шартномасини берсин, кўрсатсин... Йўқ инвестициянинг нимасига ёрдам бераман. Келишув шартномаси йўқ. Жиззах вилоят ҳокимлиги ва бизни айблаш учун тадбиркорда асос бор, деб ўйлайсизми?», — дейди Жиззах шаҳри ҳокими Акбар Шукуров.

Икки томон келишиб олгунча ёки барча шартларга кўнувчи инвестор пайдо бўлгунича яна қанча вақт ўтади номаълум. Лекин шуниси аниқки, агар иш шу йўсинда давом этса, «Ўрда» боғи «ўгай» боғ бўлиб тураверади. Кундан-кун нураб, ўз тароватини йўқотаётган боғнинг кейинги тақдири эса ҳеч кимни қизиқтирмаяпти.
Ушбу мақоладан кейин боғда «қўл учида» тозалик ишлари бошланишини кутиш мумкин. Аммо «йиртиқни ямаган билан» у барибир эски ҳолига қайтади. Иш эса фақат хўжакўрсинга дарахт оқлаш-у, бегона ўтларни юлиш билан битмайди...
Ташаббус билан чиққан тадбиркор ўз талабларини айтиш, маҳаллий ҳокимлик вакиллари эса турли баҳоналарни рўкач қилиш билан икки йил вақт ўтказди. Қоғозбозлик ва сансалорликнинг охири йўқдек. Боғ эса тобора файзсиз масканга айланяпти. Бу ҳақда кимдир қайғурадими?..
Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
17:03 / 22.05.2025
«Абдуназаровни мажбурий келтириш чоралари кўрилмоқда» – ИИБ юк машиналарига доир фирибгарлик ҳақида
20:44 / 21.05.2025
Танзила Норбоева Жиззахда коррупция ҳолатлари бўйича танқидий йиғилиш ўтказди
17:58 / 21.05.2025
Трактордан “Камаз”гача: Жиззахда одамлар кутилмаган усулда чув тушириб кетилмоқда
09:27 / 15.05.2025