Жамият | 12:20 / 19.05.2019
35842
12 дақиқада ўқилади

Таваккалми, гардкамми?

Телеграмдаги Ислом молияси каналида жойлаштирилган мақолада тадбиркорлик фаолияти давомида таваккал қилиш ва шу таваккалнинг эвазига ўзига ва жамиятга бирор манфаат келтириши билан қимор ўйнаш, ўйламасдан гардкамига қарорлар қабул қилиш орқали пул топишга ҳаракат қилиш фарқи ҳақида сўз юритилиб, бу масала юзасидан исломда нима дейилгани очиб берилган.

Одамлар қадимдан қимор ўйнаб келишади, бугунги кунга келиб қимор ва шу каби ўйинлар кимларгадир катта даромад келтирувчи йирик бир тармоққа айланди. Қимор ўйнашга бўлган ишқибозлик инсон табиати билан боғлиқ. Гап шундаки, инсон бирор бир янги ишга қўл уриб таваккал (риск) қилганда, қимор ўйнаганда ёки бирор нарсага устида гаров ўйнаганда (масалан от пойгасида қайсидир отнинг ғалабасига пул тикканда, менинг «отим» ютармикин, қанча пул ютаркинман деб) жуда қаттиқ ҳаяжонланади. Натижани кутиш пайтидаги бу ҳаяжон инсонга ёқади ва кўпчилик кайфиятини кўтариш, янгича туйғуларни ҳис қилиш мақсадида қимор ўйнайди ва бора-бора шундай ҳаяжонсиз яшай олмайман, деб ўйлайдиган бўлиб қолади. 

Аммо, тадбиркорлик фаолияти давомида таваккал қилиш ва шу таваккалнинг эвазига ўзига ва жамиятга бирор манфаат келтириш бу ислом молиясига бевосита боғлиқ нарса бўлса, қимор ўйнаш, ўйламасдан гардкамига қарорлар қабул қилиш орқали пул топишга ҳаракат қилиш бу умуман бошқа-бошқа нарсалар.

Ислом ҳуқуқшунослари таваккал фақат 3 ҳолатда ўзини оқлайди деб ҳисоблашади:

 • Таваккал муқаррар (яъни уни қилмасликнинг иложи йўқ);

 • Таваккал арзимас даражада (яъни унинг даражаси катта эмас);

 • Таваккал атайлаб/қасддан қилинмаганда.

Биринчи ҳолат: фойда кўриш учун албатта таваккал қилинади, яъни у муқаррар;

Иккинчи ҳолат: хатарга рўбарў бўлиш ёки зарар кўриш эҳтимоли муваффаққиятга эришиш эҳтимолидан анча кам бўлиши керак;

Учинчи ҳолат: ҳар қандай иқтисодий амалиётнинг мақсади бирор-бир қийматга эга маҳсулот ёки хизмат (яъни бойлик) турини яратиш,бу эса албатта қандайдир даражада таваккал қилишни талаб қилади. Аммо, бирор бир қийматга эга маҳсулот ёки хизмат (яъни бойлик) турини яратишни кўзда тутмайдиган таваккалнинг ҳеч қандай маъниси йўқ.

Мана энди иккита масалани кўриб чиқамиз:

 1. Ҳар икки ҳолатда ҳам пул маблағлари жалб қилинишини эътиборга олиб қараганда, бизнес қарор (яъни тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш режаси доирасида) қабул қилинган қарор билан, гардкамига (яъни бирор-бир ишқибозлик доирасида таваккалига) қабул қилинган қарор ўртасида қандай фарқ бор?

 2. Ислом ҳуқуқида гардкамчиликнинг таъқиқланиши сабаби ва қайси ҳолатда тадбиркорлик фаолияти ана шу таъқиқланган гардкамчиликка айланади?

Ҳар қандай тадбиркор ўз фаолиятини бошлашдан олдин шу ишнинг истиқболини, қанча маблағ тикиш кераклигини, харажатларни, мавжуд ва истиқболдаги муаммоларни ўрганиб чиқади, пайдо бўлиши мумкин бўлган турли вазиятларни таҳлил қилиб кўради ва ҳоказо. Умуман олганда, ҳар қандай бизнес қарорнинг натижаси ноаниқ, яъни муваффақият кафолатланмаган бўлади. Одатда бундай қарорлар муваффақиятга эришиш эҳтимоли муваффақиятсизлик эҳтимолидан юқори бўлсагина қабул қилинади. Айнан бизнес қарор қабул қилиш пайтидаги онгли танлов (яъни турли омилларни инобатга олган ҳолда қилинган танлов) гардкамчиликка асосланган қимор, турли пулли ўйинлар, пул-буюм лотереяларида умуман йўқ. Бундай «ўйинлар» фақат одамларнинг омад ва мўъжизага (гарчи у зарра миқдорича бўлса ҳам) бўлган кўр-кўрона ишончи, дангасалик ва очкўзликлари (меҳнат қилмасдан бир зумда бойиб кетиш иштиёқи) туфайли ҳанузгача ривожланиб бормоқда. Интернетда қиморхоналарда ютиш эҳтимолининг жуда ҳам камлиги тўғрисидаги маълумотлар жуда кўп, шулардан биттасининг ҳаволаси бу.

Ваҳоланки қимор ўйнашга киришаётган ҳар бир одам (а) ютуқ эҳтимоли ютқизиш эҳтимолидан солиштириб бўлмайдиган даражада камлигини бошиданоқ тушунади, (б) пулларини фикр-мулоҳаза асосида эмас, эҳтиросга берилган ҳолда гардкамига ишлатиш қарорини қабул қилади.

Шундан келиб чиқиб, ҳар қандай бизнес қарор, иштиёққа берилиб гардкамига қабул қилинган, демак тақиқланган қарорга айланиши мумкин, дейишимиз мумкин. Чунки бу ҳолатда ҳисоб-китоб эмас, балки омад омили, ҳамда муваффақиятнинг минимал даражада эканлиги ҳақида тушунча бор (бу ҳолатни қимматли қоғозлар бозоридаги спекулятив ўйинларда кузатиш мумкин).

Ўйин назарияси

Аслида ушбу назария тадбиркорликка бевосита алоқадор, чунки барча бизнес муносабатларни 3 тоифага ажратиш мумкин:

 1. Ўзаро ғалабага асосланган ўйинлар (бизнес муносабатлар). Бунда икки тараф ҳам умумий манфаатга эга ва фойда кўрсалар ҳам, зарар кўрсалар ҳам биргаликда кўрадилар. Бунга яққол мисол қилиб шерикликни (мушорака ёки музораба) келтириш мумкин. Унда икки шерик фойда олишни кўзлаб ўзининг моддий ёки ақлий (билим ва тажриба) имкониятларини ишга солади. Шу сабабли, бундай муносабатлар шерикларни ҳамжиҳатликка ва умумий мақсад йўлида бирлашиб самарали ҳамкорлик қилишга етаклайди. Ислом молияси бундай ҳамкорликни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

 2. Нол (на зарар, на фойда) натижали ўйинлар. Бундай ўйинларда бир тарафнинг мағлубияти эвазига иккинчи тараф ғалаба қозонади. Бунга яққол мисол сифатида турли қимор ўйинлари, лотереялар ва шу каби одамларнинг эҳтирос ва иштиёқига асосланган ўйинларни келтириш мумкин. Ислом ҳуқуқшунослиги иштиёққа асосланган гардкамчиликнинг ҳар қандай турини, жумладан шундай гардкамчиликка асосланган тадбиркорлик фаолиятини ҳам мутлақо тақиқлайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор:

- бойликларни тақсимлашдаги яққол адолатсизлик, яъни мақсадсиз равишда пул сарфлаган ўн/юз/минглаб кишиларнинг ҳисобидан бир нечта кишигина бойлик орттиради (ва одатда бундай осонлик билан меҳнатсиз топилган бойлик тезда исроф бўлиб йўқолиб кетади).

- номутаносиб айирбошлаш ҳолати вужудга келиши, яъни сарфланган маблағ (лотерея ёки қимор учун сарфланган пул) эвазига бирор қийматга эга бўлган нарса олинмайди. Бундай номутаносиб айирбошлаш Аллоҳ томонидан тақиқланган бўлиб, «бировнинг молини ноҳақ ейишга» киради.

- қимор бирор-бир иқтисодий манфаат келтирмайди. Ислом ҳуқуқшунослигига асосан сармоя бирор фойдали маҳсулот ва хизматларга сарфланиши зарур. Қимор эса мавжуд бўлган бойликларни адолатсиз равишда қайта тақсимлайди, холос. Бошқачасига буни «қонун доирасидаги ўғрилик» деб аташ мумкин.

- гардкамига қабул қилинадиган қарорлар доимо омадга боғлиқ бўлиб, онгли равишда қабул қилинган қарор деб бўлмайди. Аллоҳ таоло эса бизни ақлни ишга солиб, тафаккур асосида қарорлар қабул қилишга чақиради.

- гардкам қарорлар деярли доим мағлубиятга олиб боради, ислом дини эса бирор лойиҳани бошлашдан аввал ҳисоб-китоб қилишга ва лойиҳанинг муваффақиятли бўлиш эҳтимоли юқори бўлсагина пул тикишга ундайди, албатта бу қимор концепциясига зид.

- бундай қарорлар ишёқмасликни, мўъжизага кўр-кўрона ишончни ва гўлликни келтириб чиқаради. Ислом эса меҳнат қилишга ва ҳалол йўл билан пул топишга чақиради.

- қимор ва гардкамига қабул қилинган бизнес қарорлар жамиятда табақаланиш пайдо бўлишига, одамлар бой ва камбағалга бўлинишига сабаб бўлади. Ислом дини эса доимо ижтимой адолат нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилишга чақиради.

- қимор ва шу тоифага кирувчи ўйинлар худди маст қилувчи ичимлик ва гиёҳванд моддалар каби тобеликни келтириб чиқаради, руҳий беқарорликка, аксилижтимоий хатти-ҳаракатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади ва ҳақиқатда муҳим бўлган ишлардан чалғитади.

- қиморбозлик инсонни жиноят қилишга ундайди, зеро пулини ютқазиб ҳеч нимасиз қолган инсон ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тез пул топишни ўйлайди ва ўғрилик, фирибгарлик, порахўрлик каби жиноий йўллар билан пул топиш тараддудига тушиб қолади.

- қимор ва ва гардкамига қабул қилинган бизнес қарорлар аксар ҳолларда ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпайишига, оилалар бузилишига ва бошқа мусибатларга сабаб бўлади.

Бу ҳаволада қимор ўйнашга ишқибозлар орасида ўз жонига қасд қилувчиларнинг нега кўп бўлиши масаласига бағишланган расмий илмий тадқиқотлар келтирилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда (2:219, 5:90-91) жуда катта салбий - ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам руҳий - оқибатлари борлиги сабаб қимор ва шу каби ўйинларни, ҳамда ўйламай, фақат омадга бўлган кўр-кўрона ишонч асосида қарор қабул қилишни тақиқлагандир, валлоҳу аълам.

 3. Аралаш тоифадаги ўйинлар. Бунда, аввалги икки тоифа - ҳамкорлик ва зиддиятга асосланган муносабатлар аралашиб кетади. Аслида, иқтисодий фаолиятнинг аксарияти аралаш тоифадаги ўйинлардан (муносабатлардан) ташкил топган. Фиқҳул муамала тамойилларига биноан, бундай муносабатларга фақатгина бир ҳолатда, яъни «ўзаро муваффақият» эҳтимоли «нол натижа» эҳтимолидан устун бўлгандагина киришиш мумкин.

Бироқ, шундай одамлар борки, улар гардкамчиликни маълум бир таваккалга асосланган бизнес қарорларга таққослаб, уларни бир-бирига ўхшатишга уринишади. Мисол учун, тадбиркор янги иш бошлаганида у бу иш натижаси қандай бўлишини, ёки деҳқон экин экишни бошлаганда, унинг ери қанчалик ҳосилдор бўлишини аниқ билмасдан иш бошлайди. Лекин бундай ўхшатиш умуман ноўрин, чунки тадбиркор ҳам, деҳқон ҳам табиий ноаниқлик шароитида қарор қабул қилади, лекин бу қарорлар уларнинг билими, тажрибаси, ҳисоб-китоблари ва бошқа омилларга асосланган бўлади. Бундан ташқари, улар муносиб турмуш тарзини таъминлаш учун қўшимча иқтисодий манфаат келтиришади. Қимор жамиятга қандай фойда келтириши мумкин?

Шундай қилиб, ислом, адолат ва одоб-ахлоққа асосланган ҳалол меҳнат устига қурилган ва ижтимоий манфаат пайда бўлишига сабаб бўлувчи ҳаётни ҳимоя қилади. Бунинг акси ўлароқ, қимор/гардкамчилик ва спекуляциялар адолатсизлик, телбалик, андишасизлик ва умидсизликка олиб боради. Молиявий муносабатларга келсак, гардкамчилик ва спекуляцияга деривативлар билан спекулятив мақсадларда савдо қилиш ёки қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги спекулятив биржа ўйинлари мисол бўлиши мумкин.

Қимматбаҳо қоғозлар бозори (фонд биржалари) ёки кўчмас мулк бозорларида олиб борилган (ҳеч бир қувватга эга бўлмаган пуллар билан бозорни «қизитган») спекулятив хатти-ҳаракатлар замонамизда юз берган барча инқирозларнинг сабабчиси десак хато бўлмайди (фақатгина 1637 йилда Нидерландияда юз берган дунёдаги биринчи кенг кўламли спекулятив «лола инқирози» нисбатан узоқ ўтмишда юз берган, холос).

Спекулятив ҳаракатлар билан боғлиқ муаммо, бу албатта активларнинг нархи уларнинг ҳақиқий қийматидан анча устун бўлиб кетишига олиб борувчи амалиётлар билан боғлиқ. Бу «ортиқча қиймат» пуфак холос ва у бир кун келиб албатта ёрилади. Буни биз 2008 йилда молиявий амалиётлар кўлами билан активларнинг ҳақиқий қиймати ўртасида ҳаддан ташқари катта тафовутга йўл қўйилиши оқибатида юз берган жаҳон инқирозида кўрдик.

Табиийки, ислом ҳуқуқи бундай спекулятив амалиётларни бутун жамиятни иқтисодий/молиявий инқирозлар ва уларнинг аянчли оқибатларидан ҳимоя қилиш учун тақиқлайди.

Ислом молиясида бундай спекулятив ҳаракатларнинг табиий равишда олди олинади, чунки бунда молиявий ва иқтисодий оқимлар бир-бири билан бевосита боғлиқ бўлади, мавжуд бўлган битта актив учун бир неча марта пул чиқарилмайди, яъни пул оқимлари қўшимча иқтисодий манфаат (яъни маҳсулот ёки хизмат кўринишидаги бойлик) яратиш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлади.

Мавзуга оид