Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Паст Дарғомнинг «Жаул Қосим»ида сайлов иккинчи марта қолдирилди: Овоз беришдан бош тортаётган сайловчилар нимадан норози?
Мақолани энг асосий гапдан бошлаймиз. 18 май куни Паст Дарғом тумани, «Жаул Қосим» маҳалласида тўсатдан сайлов ўтказиладиган бўлди. Ишчи гуруҳни ҳам, сайловчиларни ҳам лол қолдирган нарса шуки, тонгда маҳаллага келган сайлов бюллетенларида ишчи гуруҳ томонидан қўйилган, тасдиқланган номзод олиб ташланиб, мутлақо кутилмаган, ҳатто ишчи гуруҳ аъзолари ҳам билмайдиган янги номзод киритилгани.
Сайлов бошланиши арафасида ижодий жамоамиз билан мазкур маҳаллада бўлдик. Бюллетенлар келган, ишчи гуруҳ, жой, комиссия аъзолари... хуллас ҳаммаси тайёр. Аммо сайловчилар норозилик билдириб бирин-кетин зални тарк этаётганига гувоҳ бўлдик.


Сайловчилар бунинг сабабини шу кунгача маҳаллага раислик қилиб келган Саид Омоновнинг номзоди сирли равишда бюллетендан олиб ташлангани билан боғламоқда. Айрим сайловчилар эса сайловга таклифнома олмаганидан норози.
Бундан бир неча ҳафта олдин ҳам маҳалланинг амалдаги раиси Саид Омоновнинг номзоди сайловдан олиб ташлангани ҳақда таҳририятга мурожаат келганди. Ижодий жамоа ушбу масала юзасидан туман мутасаддилари билан боғланганимиздан кейин, унинг номзоди қайтадан қўйилган. Аммо кеча тўсатдан сайлов ташкил этилиб, келтирилган бюллетенлардан унинг номзоди яна тушириб қолдирилган.
Биз 6 май куни мазкур масала (сайлов бюллетенидан номзод олиб ташлангани) юзасидан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Паст Дарғом туман кенгаши раиси ўринбосари Нормўмин Ҳайитов ҳузурида бўлганимизда, у иш бошлаганига энди 20 кун бўлгани, у келгунча суҳбатлар бўлиб ўтгани, кенгаш раиси туман ҳокими ҳисобланиши, ҳаммасини туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ҳал қилишини айтган эди.
Паст Дарғом тумани сайловга кўмаклашувчи комиссия раиси, туман мактабгача таълим бўлими мудири Машҳура Бекованинг айтишича, Саид Омонов ушбу масала бўйича комиссияга келиб учрашмаган. У «Омонов агар дардини дастурхон қилиб, матбуотга чиқмасдан, келиб учрашганида пайдо бўлган муаммони ҳал қилиши»ни айтган эди. Шу билан масала тинчиб кетгандек эди, гўё.
Ўшанда вазирликдан аллаким келганию, Омонов ўзининг ўтган раислик даври қониқарсиз баҳоланиб кетилгани, унга сайловда қатнашиш учун тавсия берилмагани ҳақида хулоса борлиги рўкач қилинаётганини айтди. М.Бекова ҳам, Н.Ҳайитов ҳам бундай хулосани кўрсата олишмаганди.
Аҳоли билан суҳбатлашарканмиз, ушбу оқсоқол фаолияти даврида ижтимоий-маънавий муҳит ижобий бўлгани, ажримлар, жиноятчилик ва бошқа низолар йил сайин кескин камайиб борганини маълум қилишди.
Айтайлик, 2017 йилда маҳаллада оилавий ажримлар сони 2та бўлган, 2018 ва 2019 йилнинг дастлабки чорагида бирорта ҳам ажрим кузатилмаган. 2017 йил ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилалар сони 24та бўлган, 2018 йилда уларнинг сони 8тани ташкил этган. Жиноятчилик 2017 йилда 4та бўлган, 2018 йилда фақат бир марта содир этилган. Дарвоқе, туман ҳокими худди шу рақамларни эътироф этиб, Саид Омонов ўз вазифасини уддалай олишига кафолат ҳам берган.

Қолаверса, маҳалла ичидан ўтувчи асосий йўл Саид Омонов раис бўлганда унинг саъй-ҳаракатлари эвазига текис қилиб асфальтланган, яқиндагина янги маҳалла фуқаролари йиғини биноси фойдаланишга топширилган, маҳалла қабристони ҳашар йўли билан ободонлаштирилган.




Мана шундай натижаларга эришган, 1997 йилдан буён шу вазифада ишлаб маҳалла аҳлининг ҳурматини қозониб келган одамнинг қайта сайланишини ким хоҳламаяпти? Маҳалла аҳли ана шу саволга жавоб истайди.
«Юқори»дан келган буйруқ»
Маҳалладаги сайлов бўйича ишчи гуруҳ раҳбари Холиёр Эшонқулов билан мулоқотимизда ҳам бу саволга жавоб ололмадик. Тўғрисини айтганда, Сафаровнинг ўзи ҳам бунинг сабабини билишни истайди.
— Тўғрисини айтсам, бугун эрталаб сайлов бюллетенларини маҳаллага олиб келишганида номзодлар ўзгартирилганини кўрдим. Саид Омоновнинг номзоди олиб ташланиб, ўрнига бутунлай бошқа одамнинг номзоди қўйиб қўйилган. Бюллетенларни олиб келган туман ҳокимлиги вакилидан сўраганимда, «бунинг сабабини билмаслигини, «юқори»дан айтилган бўлиши мумкинлиги»ни айтди. Туман сайлов бўйича ишчи гуруҳи раҳбаридан сўрасам ҳам шу гап. Ҳатто, вилоят вакиллари билан ҳам гаплашдим. Улар ҳам нима бўлаётганидан бехабар. Аниғи шуки, ишчи гуруҳ сифатида биз томонимиздан тақдим этилган номзодлар рўйхатига ўзгартириш киритилган. Аммо ким томонидан ва нима сабабдан эканини ҳеч ким билмайди.
Саид Омоновнинг айтишича, ҳар бир номзод сайловдан олдин тегишли тартибда суҳбатдан ўтказиларкан. «Ҳатто бизни суҳбатдан ўтказган кишилар ким эканини ҳам билмаймиз, ўзларини таништиришмади ҳам», дейди номзоди сайловдан олиб ташланган маҳалла раиси.
Шу ўринда савол туғилади. Модомики, сайловда қатнашувчи номзодлар суҳбат, ҳокимининг хоҳиши ёки бошқа йўллар билан «юқоридан» белгиланар экан, сайлов нима учун ва кимга кўрсатиш учун керак?! Хўжам келиб кўриши учунми? Ҳатто номзодларни ҳал этишда рол ўйнамайдиган ишчи гуруҳ-чи, у нега керак? Худди иш кетаётганидек манзара ҳосил қилиш учунми?
Сайлов нима билан туга(й)ди?
Қатор норозиликлар ва эътирозлардан сўнг, залда 103 нафар сайловчи қолди. Жами тарқатилган таклифномалар эса 221та бўлиб, сайловни ўтказиш учун камида 147 киши келиши керак. Шундай қилиб, сайлов ўтказилмади. Ишчи гуруҳ вакилларининг айтишича, олдин ҳам бир марта сайлов қолдирилганди. Хўш, энди (учинчи марта) маҳалла сайлови қай тартибда ўтади? Ишчи гуруҳ кўрсатган, аҳоли истаган номзодлар қўйиладими ёки «юқоридан» «тайинланадими» номзод?
Бизни Саид Омонов шу маҳаллага албатта раис бўлишини истаганимиз эмас, нега у сайловда қатнашиш имкониятидан ноқонуний тарзда маҳрум этилаётгани, ишчи гуруҳга мутлақо нотаниш одам қандай қилиб ва нимага асосан сайлов бюллетенига киритилгани қизиқтирмоқда. Бир қараганда, оддийгина маҳалла раиси сайлови, тартиб қоидалар аниқ-тиниқ ёзиб қўйилгандек, ҳеч қандай эътироз ва масалалар юз бериши керак эмасдек. Йўқ, ахир бу Паст Дарғом, бу туманда умумэътироф этилган тартиб-қоидалар бошқа соҳаларда ҳам амал қилавермаслигига гувоҳ бўлавериб кўзимиз пишиб кетди. Шу сабабли Kun.uz мазкур маҳалладаги воқеалар ривожини кузатиб боради.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
10:38 / 24.02.2025
Германияда парламент сайловлари. Консервативлар биринчи ўринни эгаллади
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
09:54 / 12.12.2024
Самарқандда боғча ёниб кетди
23:03 / 08.11.2024