Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчилар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонунда кўрсатилишича, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
- қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш;
- локал тармоқни (электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғини) яратиш;
- локал тармоқ (электр, иссиқлик ва (ёки) газ тармоғи) орқали етказиб бериладиган қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр, иссиқлик энергияси ва (ёки) биогазни реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инвестицион, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат томонидан қуйидагича қўллаб-қувватлаш амалга оширилади:
- қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида солиқ, божхонага оид ҳамда бошқа имтиёзлар ва преференциялар белгилаш;
- қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг ягона электр энергетикаси тизимига кафолатли уланишини таъминлаш;
- электр энергиясининг ягона харидори ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилардан электр энергиясини харид қилиш учун шартномалар тузиш ҳуқуқини бериш.
Фойдаланилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини салмоқли тарзда оширадиган қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини импорт қилиш чоғида юридик ва жисмоний шахсларга солиқлар ҳамда божхона божларига доир имтиёзлар берилиши мумкин.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.
Энергия етказиб берувчи ташкилот томонидан берилган амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотнома ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзларни бериш учун асос бўлади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун электр энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчилар блок-станциялар шартлари асосида, шунингдек ҳосил қилинаётган электр энергиянинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда танлов асосида ягона электр энергетикаси тизимига уланиши мумкин. Блок-станция истеъмолчиларнинг ягона электр энергетикаси тизимига бевосита ёки истеъмолчилар электр тармоғи орқали уланган ҳамда оператив-диспетчерлик бошқаруви тизимига кирадиган электр станцияси ҳисобланади.
Амалдаги электр тармоқларини реконструкция қилиш ва (ёки) кенгайтириш учун зарур бўлган, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини улаш билан боғлиқ харажатларни уларнинг эгаси амалга оширади, ягона электр энергетикаси тизимига уланиш нуқтасигача бўлган харажатларни эса, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи амалга оширади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ягона электр энергетикаси тизимига ўзбошимчалик билан улаш тақиқланади.
Локал электр тармоғини барпо этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини унга улаш қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Электр энергияси истеъмолчиларини қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг локал электр тармоғига улаш шартнома шартлари асосида амалга оширилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ҳудудий ва магистрал иссиқлик тармоқларига улаш тақиқланади.
Локал иссиқлик тармоғини барпо этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини унга улаш қайта тикланувчи энергия манбаларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Иссиқлик энергияси истеъмолчиларини қайта тикланувчи энергия манбаларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг локал иссиқлик тармоғига улаш шартнома шартлари асосида амалга оширилади.
Биогаз маҳсулотларнинг, чиқиндиларнинг ҳамда келиб чиқиши ўсимлик ва ҳайвонотга мансуб қолдиқларнинг, саноат ва коммунал-маиший чиқиндиларнинг биологик жиҳатдан парчаланадиган моддалардан иборат бўлган биомассасидан ишлаб чиқарилади.
Биомассадан шахсий эҳтиёжлар учун биогаз ишлаб чиқарилган тақдирда, рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.
Биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчиларга қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ҳудудий ва магистрал газ тармоқларига улаш тақиқланади.
Локал газ тармоғини барпо этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини унга улаш биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Биогаз истеъмолчиларини биомассадан биогаз ишлаб чиқарувчиларнинг локал газ тармоғига улаш шартнома шартлари асосида амалга оширилади.