Жамият | 16:44 / 22.05.2019
26264
4 дақиқада ўқилади

Ишидан ноҳақ ажраб қолаётганини айтган 6 нафар фарзанднинг онаси чорасиз қолди

Ноҳақлик кўриб, ночор аҳволга ташлаб қўйилган инсон кўп нарсадан умид қилмай қўяди, аммо ҳақиқатни кўп изларкан. Айниқса, гап ишдан бўшатиш, бундан кейин рўзғорни тебратиш ваҳми бошланганда аламли бўлиб бораверади.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

«Халқ банки» Сурхондарё вилояти филиали амалиёт бўлимига қарашли 3-сонли махсус кассада ишлаган, 6 фарзанднинг онаси бўлмиш Дилдора Исмоилова ишидан бутунлай ажраб қолиши мумкин. 

«Халқ банки» Бошқарувининг 2018 йил 18 майдаги қарорига асосан у ишлаб турган ўрин қисқартирилиши белгиланганди. Меҳнат кодексига мувофиқ, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди. Шунга қарамай, филиал томонидан Исмоиловага огоҳлантириш хати юборилган, қонун талаби эса бузилган. 

Айни огоҳлантириш хатини бекор қилиш бўйича Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси Термиз шаҳар бўлимининг тақдимномаси мавжуд. 

Исмоилова банк бошқарувининг 2018 йил 18 майдаги қарорини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилади. Дастлаб, Фуқаролик ишлар бўйича Учтепа туманлараро судининг судьяси Икром Алманов даъво аризасини қабул қилишини-да рад этган. Чилонзор туман прокурорининг хусусий протест келтириб, Исмоилова ходим сифатида бевосита унинг мансаб лавозимига оид банк бошқарувининг қарорини судда низолашишга ҳақли эканини билдиради. 

Даъво аризасини рад этган судья Алмановнинг ўзи ишни кўриб чиқиб, ҳал қилув қарорида даъвони қаноатлантиришни рад этган.  

Шундан сўнг, банкнинг амалиёт бўлими Дилдора Исмоиловага пластик карточкалар тизимини ривожлантириш шўъбаси етакчи мутахассиси лавозимига ишга ўтишни таклиф қилган. Аммо бу иш ўрнининг ҳам эгаси бор: асосий ходим Матлюба Бозорова бола парваришлаш таътилидан қайтгунга қадар таклиф этилган ишни Дилдора қабул қилмайди. 

«Эндиликда ҳеч қандай вазифа ва ваколатга эга бўлмаган иш ўрни таклиф этилмоқда. Банк соҳасидаги катта тажрибам ва иш стажим ҳам инобатга олинмай, кассирнинг ёрдамчиси —  деярли бекорчилик билан шуғулланиш таклиф этилди. Аслида бу иш ўрни ҳам йўқ бўлишга маҳкум. Фарзандим уч ёшга тўлиши билан тузилган меҳнат шартномасини ҳам бекор қилишмоқчи, шекилли. Лекин ишлаш керак, жамиятда ўз ўрнимни тутиб қолиш, олти нафар фарзандимни тарбиялаб, вояга етказиш учун маош керак-ку?», — дейди аёл. 

«Халқ банки» Сурхондарё вилояти Амалиёт бўлими бошлиғи

«Халқ банки» Сурхондарё вилояти Амалиёт бўлими бошлиғи Kun.uz билан суҳбатда Исмоилова ва банк ўртасида тушунмовчилик юз берганини таъкидлаб, Дилдорага, албатта, муносиб иш ўрни ва шароити яратиб берилишини айтганди. Орадан 3 ҳафта ўтиб, Дилдора сим қоқди: раҳбарият мухбирлар кетиши билан ваъдасини яна унутди...

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид