Жамият | 10:25 / 22.05.2019
24748
2 дақиқада ўқилади

«Лизинг иши». Яккасарой туман судида салкам 3 миллиард сўмлик фирибгарлик иши кўрилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан лизинг шартномаси асосида автомашина беришда фирибгарлик қилиш бўйича жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Kun.uz мухбири хабар беришича, Хасан Хаитов раислигида олиб борилаётган ушбу иш ҳозирча маълум бўлган 53та автомашина доирасида олиб борилмоқда.

Иш бўйича жами 2 миллиард 713 миллион сўмдан ортиқ сумма миқдорида фирибгарлик қилингани гумон қилинмоқда. Лизинг ва сублизинг шартномалари асосида бошқа лизинг фирмалари томонидан «А.Ф» номли МЧЖга берилган.  

«GM Uzbekistan»да ишлаб чиқарилган 53та автомобилни фуқароларга топшириш ваъдасини берган ушбу фирма юқоридаги суммани алдов йўли билан эгаллаб ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани гумон қилинмоқда.

Ушбу суд ишида ҳозирча 23 киши жабрланувчи сифатида қатнашмоқда. Жабрланувчилар сони янада кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Судланувчи А.Х. ўзига қўйилган айбларни тан олмоқда.

«Компаниям оғир молиявий ҳолатга тушиб қолди. Шу сабабли шундай ишлар қилишга мажбур бўлдим», дейди у суд мажлисида.

У суд раиси томонидан жабрланувчиларнинг исм-фамилиялари ҳақида берилган саволларга «Билмайман улар жуда кўп-ку?», дея жавоб берди.

Айни вақтда суд жараёни давом этмоқда. Сайтимизда ишнинг кейинги тафсилотлари ҳам ёритиб борилади.

Мавзуга оид