Жамият | 18:32 / 23.05.2019
16621
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда автобусда йўловчи ташиш қанчага тушаётгани маълум бўлди

Самарқанд вилоятида ўтган бир йил давомида йўловчи ва юк ташиш қоидаларини бузган 6 787 та транспорт воситалари аниқланган ва уларга нисбатан 6 миллиард 335 миллион 970 минг сўм миқдорида жарима тайинланган. Қоидабузарлардан 6 мингга яқини лиценциясиз йўловчи ташиш билан шуғулланган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида ҳаракатланаётган автобусларда битта йўловчи ташиш учун ўртача 1 892 сўм харажат қилинади (автобус учун йўлкира ҳақи 1 200 сўм). Вилоятда автобус ҳайдовчилари ҳам етишмаётгани маълум бўлди.

Вилоят транспорт бошқармаси вакилининг айтишича, таклиф қилинаётган маошнинг миқдори малакали ҳайдовчиларни қаноатлантирмаяпти. Шу боис ҳар бир автобусда белгиланганидек иккита эмас, битта ҳайдовчи ишламоқда.

Самарқандда жорий йилнинг биринчи чорагида ўтказилган 271 та рейд давомида 1 063 та транспорт воситаси лицензиясиз юк ва йўловчи ташиш билан шуғуллангани аниқланиб, қоидабузарларга нисбатан 806 миллиондан кўпроқ жарима тайинланган ва ундирилган.

Мавзуга оид