Жамият | 18:10 / 24.05.2019
139169
7 дақиқада ўқилади

Иштихондаги мудҳиш қотилликка элтган сабаблар: нима учун бундай воқеа юз берди?

Иштихон туманида содир бўлган мудҳиш жиноят — бир оиладан беш кишининг ўлдирилиши бутун Ўзбекистонни ларзага солди.

Мудҳиш жиноят дарҳол Бош прокурор назоратига олинди ва жиноят изи совимасдан қотиллар қўлга олинди. Жиноят тафсилотлари ва гумондорлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Эркин Хайруллаев Kun.uz’га маълумот берди.

Видео: Youtube

Айни пайтда мазкур воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлар натижасига кўра, ушбу қотиллик Иштихон туманида яшовчилар — 1981 йилда туғилган Т.Ғ., 1995 йилда туғилган Э.Ш., 1993 йилда туғилган У.Ж. ва Қўшработ туманида яшовчи 1996 йилда туғилган Н.Х. томонидан содир этилгани аниқланиб, улар ушланган. Ҳозир бу жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Терговчи шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, айрим информацион сайтлар ва ижтимоий тармоқлар ва мессенжер каналларида тарқалган, тўрт ёш йигит — гўёки қотиллар тасвирлангани иддао қилинаётган фотосуратлар қалбаки. Бу суратларнинг мазкур жиноят ишига алоқаси йўқ.

Одатда, бундай мудҳиш жиноятларни марҳумларни яқиндан билган одамлар содир этишади. Шундай бўлиб чиқди ҳам — қотилларнинг уч нафари марҳумларнинг қишлоқдоши. Улардан бири — ёши энг каттаси ҳаттоки марҳум оиланинг ён қўшниси.

Иштихон туманида адир этагида жойлашган Чимқўрғон қишлоғида томорқалар катта. Уйлар атрофи ўралмаган. Қўни-қўшнилар ҳамсоясиникида нималар бўлаётганини яққол кўриб туришади. Бу ҳол йиллар давомида қўшнилар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат тимсоли бўлиб келган.

Бироқ бу воқеада ана шу ишончга путур етган. Дастлабки тахминларга кўра, жиноят бойликка эга бўлиш мақсадида, аввалдан режалаштирилиб, қасддан амалга оширилган. Жиноятга қўл урган гумондорларнинг уч нафари ҳали 30 ёшга ҳам кирмагани кишини ўйлантиради. Эндигина мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган йигитларнинг қотил деган тавқи лаънатни бўйнига илиб, узоқ муддатга панжара ортига йўл олиши... буни қандай тушунтириш мумкин? Наҳот инсон умри шу қадар арзон?

Бизга маълум бўлишича, қотилларнинг энг кичиги — 23 ёшли йигит қўшни Қўшработ туманидан. У аввал ҳам босқинчилик қилгани учун судланган экан. Қотилларнинг жиноятни олдиндан пишитишгани, қотилликни режалаштиришгани, эгниларига қон сачрашини ўйлаб, эҳтиётдан эски кийимларни кийиб олишгани, ўша кийимларни кейинчалик ҳожатхонага ташлаб юборишгани, қўлга киритилган пулларни 4 киши тенг бўлиб олгани... кишини даҳшатга солади.

Биз мудҳиш ҳодиса юз берган Чимқўрғон қишлоғига бордик. Терговга халақит бермаслик мақсадида марҳумларнинг уйи, воқеа жойларини суратга олмадик.

«Чимқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла аҳлидан жиноятга нима сабаб бўлгани, қандай қилиб бу қишлоқда бундай мудҳиш жиноят учун муҳит етишганига қизиқдик.

Қотиллик юз беришидан икки кунгина аввал мингга яқин хонадон бўлган ва қарийб 4 ярим минг аҳоли яшовчи маҳаллага раис этиб сайланган Ойбек Маҳмудов жиноятга қўл урилиши сабабини маънавиятсизлик ва билимсизлик билан боғлади.

Маҳалла раисининг айтишича, бу ердаги аҳолининг яшаш тарзи, фаровонлиги бир қадар юқори. Чунки ҳамма томорқасида узум экади, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида ерни ижарага олиб ишлашади, боғ парваришлаб, узумларни, яна қуритиб майизини ҳаттоки чет давлатларгача сотишади.

Қишлоқда ёшларнинг бирор фойдали меҳнат билан бандлиги масаласида савол йўқ — ҳаммага иш топилади. Одамларнинг яшаши яхши. 22 миллион сўм учун беш кишининг умрига зомин бўладиган даражада аҳвол чатоқ эмас.

Бир оиланинг беш аъзоси ўлдирилгани — чиндан ҳам ҳазм қилиш қийин бўлган жуда даҳшатли воқеа. Ота-онага қўшиб, уларнинг уч ўғли ҳам ўлдирилган. Уларнинг жасадлари ўзларига тегишли «Дамас» автомашинасига юкланиб, жиноят изларини яшириш мақсадида 35 км нарида — Қўшработ тумани ҳудудидаги қирда овлоқ жойда қолдирилган.

Маҳалла раисининг айтишича, марҳумнинг турмушга узатилган икки қизи тирик қолган. У бу оила соҳиби ўзининг меҳнаткашлиги билан маҳаллада танилганини таъкидлаб ўтди. Қотилликда гумон қилинаётган маҳалладош йигитлар ҳам кўчабезори, бекорчи бўлишмагани, иш билан банд бўлиб, томорқадан мунтазам даромад қилишганини айтиб ўтди. Яъни, ўлдирилганлар ҳам бирмунча бадавлат яшашган, қотиллар ҳам ўзига тўқ оиланинг фарзандлари.

Маҳаллада бундай мудҳиш жиноят содир бўлгани қишлоқ оқсоқолларини ҳам эсанкиратиб қўйди. Оқсоқоллар ёшлар дин-у диёнат, гуноҳ-савоб, ҳалол-ҳаромдан бехабар бўлиб, орқа-олдини ўйламасдан мана шундай кечирилмас жиноятга қўл уришганини таъкидлашмоқда.

Кўп йиллар маҳаллага раислик қилган кекса Абдуқодир Худойқулов бу мудҳиш жиноятда барчанинг айби борлиги, лоқайдлик, ёшларнинг таълим-тарбиясига эътиборсизлик қишлоқ бутун дунёга ёмон ном билан донг таратишига сабаб бўлганини айтиб, барча афсусдалигини баён этди.

Kun.uz’га бу борада ўз фикрларини билдирган қишлоқнинг яна бир оқсоқоли Азим Алиқулов ҳам бўлиб ўтган мудҳиш воқеадан бутун маҳалла аҳли ниҳоятда таажжубда эканлигини айтиб, ёшлар ўртасида тарбияни кучайтириш зарурияти юзага келганини таъкидлаб ўтди.

Эшитган кишининг қалбини ларзага солаётган воқеа қишлоқ аҳли ҳамда туман жамоатчилиги иштирокида муҳокама қилинди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов шундай деди:

«Бу ўта мудҳиш воқелик барчамиз учун шармандали ҳолат. Тўрт ёш йигитнинг пул илинжида беш кишининг қотилига айланиши тасаввур қилиш қийин бўлган ҳолат. Одам боласининг шунчалик ваҳшийликка боришини хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат. Бунинг илдизи аввало одамларнинг бир-бирига бефарқлиги, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътиборсизлигига бориб тақалмоқда. Бундай оғир жиноятларга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз, жойларда профилактик тадбирларни кучайтириш лозим».

Kun.uz мазкур резонансли воқеа ривожи билан боғлиқ янгиликларни кузатишда давом этади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

Мавзуга оид