Ўзбекистон | 10:54 / 25.05.2019
71262
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЎзМУ талабасига автомобиль совға қилди

Кеча, 24 май куни президент Шавкат Мирзиёев ЎзМУда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди.

Учрашувда ЎзМУ математика факультети 4-курс талабаси Сардор Бозорбоев сўзга чиқиб, ўз тажрибасидан келиб чиқиб, С.Сирожиддинов номидаги академик лицейи ўқувчиларини математика фанидан халқаро олимпиадага тайёрлаётгани, ўқувчилари Россияда бўлиб ўтган олимпиадаларда муносиб иштирок этгани ҳақида гапириб берди. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, президент талабанинг иштиёқи, ташаббускорлиги ва ватан равнақи йўлидаги фидойилиги учун “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умирзоқовга Сардор Бозорбоев учун автомобиль ажратиш бўйича кўрсатма берган. 

Сардор Бозорбоев
Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирлигига талаба билан ҳамкорлик қилиш, ўқувчиларни халқаро олимпиадага тайёрлашда унинг тажрибасидан фойдаланиш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириб боришни тавсия қилди.

Шунингдек, учрашувда Тошкент давлат техника университети Механика факультети 1-босқич магистранти Беҳзод Тўхтамуродов ҳам сўзга чиқиб, йиғилганларни ўзи ва уч нафар дўстидан иборат жамоа томонидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари, хусусан «UzDelta» 3D принтер яратиш борасидаги лойиҳаси билан таништирди. 

Президент талабанинг тақдимоти билан танишгач, “Асака банк” бошқарув раиси Нодирбек Сайдуллаевга талабага ўз лойиҳасини якунига етказиш учун зарур бўлган 1 млрд сўм маблағни ажратиш юзасидан кўрсатма берди.

Мавзуга оид