Видео: Усмонхон Алимов «Қора рўйхат», ёш болаларнинг масжидга кириши, Андижондаги машмаша ва ҳижоб ҳақида гапирди
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Америка овози” нашрига интервью берди. Унда эътиқод эркинлиги, диний таълим, ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозаралар, масжидларнинг болаларга очиқлиги, “Қора рўйхат” ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
“Америка жуда катта мамлакат. Катта мамлакатнинг қадами ҳам катта бўлади. Диний эътиқод деганда мақсад битта, бу борада Ўзбекистон ва Американинг орасида фарқ йўқ. Бугун Ўзбекистонда жаҳолатга қарши маърифат билан ёндашиш катта йўлга чиқиб олди, десак бўлади.
Масжидларда ички ишлар идоралари ходимларининг туриши ташқаридан қараганда худди назорат қилиш учун бўлаётгандек туюлади. Бироқ, аслида бундай эмас. Ҳақиқатни билиш учун бунда қатнашиб кўриш керак, намозга бориб, уларни кўздан кечириш лозим: қани, улар қандай турибди, кимга нима деяпти? Бориб кўрган одам мақсад бошқа нарсада эканини билади.
Болалар тўғрисида. Мен қайси бир масжидга борадиган бўлсам, у ерда ёш болаларни кўраман. Ёш болаларга ҳеч ким ҳеч нарса дегани йўқ. Болалар киритилмасин, деган тартиб йўқ. Бундай тартиб умуман бўлмаган, бу ташқаридаги гаплар. Биз ҳам шу гапларни эшитамиз, лекин намоён бўлгани бошқача. Бизга ҳам айтишади, текширганимизда ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги кўринади. Лекин, битта гап - ёш болалар илм билан шуғулланиши керак. Илм афзалми, ибодат афзалми? Илм афзал. Бу сен келмагин, дегани эмас. Тушунган одам тушунади.
Мусулмонлар идораси нодавлат ташкилот. Идора бутун мусулмонларни бошқаради, динлар ўртасидаги аҳилликни йўлга қўяди. Андижондаги масжид масаласига келсак - бу масжидни арабистонлик бир киши қурган, унинг маблағига қурилган. Арабистондан туриб маблағ юборган, бу ердаги масъул кишиси эса қурдиради. Улар масжид деб эмас, балки мадраса деб қуради. Диний идора бунга ўз таклифини киритади: Андижонда бир мадраса бор, у ишлаяпти, буни масжид қилиб фойдаланайлик. Шунда масъул киши ҳам, маблағ юборган киши ҳам бунга рози бўлмади. Аввалги муфтий Абдурашид қори Баҳромов бир неча маротаба бориб, бу билан шуғулланганлар. Ҳаттоки, бизнинг вакиллигимиз ҳокимлик билан келишиб, буни вакиллик идораси қилайлик, Мусулмонлар идорасига берайлик, деганда ҳам булар рози бўлмаган. Шундан қолиб кетиб, ҳокимлик тасарруфига ўтиб кетган. Бу масалада диний идорага эмас, балки Адлия вазирлигига мурожаат қилиш керак эди. Ҳозир ҳам диний идора қараб турмаяпти: тадбиркорлар жалб қилиниб, одамларга уй-жой қилиб бериш, ўзини эса “Вақф” тасарруфига олишга ҳаракат қиляпмиз. Бу масала аслида бизга умуман алоқаси йўқ. Ҳозир сотилади, деган гаплар ҳам чиқди. Бироқ, менда бу борада аниқ маълумот йўқ. Агар сотиладиган бўлса, тадбиркорларни жалб қилиб уни сотиб олишга уринамиз.
Масжидлардаги имомлар, ходимларнинг маошлари, коммунал тўловлар “Вақф” фонди орқали тўланяпти. Олдин имомлар иш ҳақи олмасдан ишлаган, тизим энди йўлга қўйилди. Имомлар энг кам иш ҳақининг уч баробари - 800-900 минг сўм атрофида маош олади. Бундан ташқари, “Вақф” кам таъминланган оилалар, ногиронлар, етимлар, касалмандларнинг аҳволидан хабар олиш билан шуғулланади. Фондга ҳали кўп маблағ йиға олганимиз йўқ. Ҳозир “Вақф”га мулк қилиш билан оворамиз, шунда мулкдан даромад тушади.
Бугун мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор жуда катта. Давлатчилик бор, жамият бор - у ҳар доим бир маромда кетмайди, паст-баланди, тушунган-тушунмагани, билиб-билмагани бўлади. Ҳижоб бўйича бир, икки, учта манбадан олинган гап билан хулоса қилиб бўлмайди. Биз аслида буни ҳижоб демаймиз - бу рўмол. Рўмол бизнинг миллий кийимимиз. Оналаримиз, момоларимиз рўмол тақиб келишган. Бунга ҳеч бир жойда монелик бўлганини кўрганимиз йўқ. Бизга ҳам гоҳида мурожаат қилиб қолишади: “Рўмолларни кўчада, уйларга кириб ечиб олишяпти”. Буларнинг ҳаммаси исботсиз гаплар бўлиб чиқяпти. Бугун рўмол ўраб юрган ҳеч кимга ҳеч қандай гап йўқ. Бироқ, мактаб бошқа нарса. У ернинг ўз низоми бор, ўша низом билан иш қилади.
Диний идора ҳукумат билан бирга ҳаракат қилиши натижасида 20 мингдан зиёд киши “қора рўйхат”дан бутунлай чиқариб юборилди. Энди уларга: “Сен рўйхатдасан, нима қиляпсан”, деган гаплар бўлмайди. Кузатув йўқ. Лекин бугун уларнинг олдига бораётганлар яхши ният билан бормоқда: “Нима камчилигингиз бор, қандай ёрдам қилайлик, ижтимоий кўмакка муҳтожмисиз?!”. Уларга иссиқхоналар қуриш, ишга жойлашиш, маҳалла билан аралашиб кетишга кўмак бериляпти. Шуни улар баъзида нотўғри тушуниб қолишмоқда. Бу уларнинг фойдаси учун бўляпти”, - деди Усмонхон Алимов.
Мавзуга оид
13:03 / 14.11.2024
«Йил имоми»га Ҳаж йўлланмаси топширилди
18:49 / 23.11.2023
Муфтийга янги ўринбосар тайинланди
16:54 / 23.08.2023
Бош имом-хатиблар учун малака ошириш курслари бошланди
11:52 / 30.05.2023