Ўзбекистон | 18:20 / 27.05.2019
5340
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда меҳмон уйларини самарали бошқаришга оид билимлар оширилмоқда

Самарқанд шаҳрида меҳмон уйларида сайёҳлик хизматларини ташкил қилиш ва тақдим этиш тизимини янада самарали ташкил этишга йўналтирилган бир ҳафталик ўқув семинари бўлиб ўтди. Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Замонавий сайёҳлар тобора кўпроқ саёҳатларнинг “CBT”-туризм (Community Based Tourism – ҳамжамиятларга асосланган туризм) каби муқобил вариантларини танлашмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги туризмининг янги йўналиши бўлиб, унда энг муҳими оддий халқнинг турмуш шароитларига максимал даражада яқин муҳитда яшашдир. 

“CBT”-туризмни ривожлантираётган ҳудудлар аҳолиси сайёҳларни жалб қилиш учун зарур кўникмаларга эга бўлиши керак. Туризмнинг ҳар қандай тури каби қишлоқ хўжалиги туризми туристик хизматлар ва туристик маҳсулотларни тақдим қилишга оид махсус билим ва кўникмаларни талаб қилади. Европа Иттифоқининг бизнес-уюшмалар орқали қишлоқ хўжалиги ва экотуризмни ривожлантиришни кучайтиришга доир лойиҳаси ушбу вазифанинг тўлиқ қамровда амалга оширилишига туртки беради. Ўзбекистонда бу йўналишдаги лойиҳа Хусусий сайёҳлик уюшмалари ташкилоти томонидан муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Мазкур лойиҳа амалга оширилиши доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида Самарқанд шаҳрида бир ҳафталик ўқув семинари бўлиб ўтди. Семинар янги бизнес турини ўзлаштиришга қизиқиш билдирган, эндигина иш бошлаётган тадбиркорларни ўзида жамлади. Уларни меҳмон уйларида туристик хизматларни ташкил қилиш ва тақдим этиш имкони жалб қилмоқда. 

ХСТУ томонидан ташкил қилинган ўқув семинари дастури иштирокчиларнинг меҳмон уйларини муваффақиятли бошқаришга оид билим даражаларини оширишга йўналтирилган. Шу билан бирга, тадбирнинг вазифаларидан бири нетворкингни йўлга қўйишдир. Ўқув жараёни доирасида иштирокчилар нафақат керакли билимларга эга бўлишади, балки бизнес ҳамжамиятини ҳам шакллантиришади. Нетворкинг бизнес алоқаларни шакллантириш, жумладан, муаммоларни ҳал қилиш ва фойдали билимга эга бўлиш учун янги танишувлар ва алоқа ўрнатиш жараёнини ҳам кўзда тутади. Меҳмон уйлари сегментида эса яхши йўлга қўйилган самарали нетворкинг жуда муҳим ва фойдали. 

Ўқув дастуридан туризмга кириш, меҳмон уйларини яратиш ва уларни бошқариш, сайёҳларни қабул қилиш этикети ва уларга хизмат кўрсатишга доир маълумотлар ўрин олган. Масалан, иштирокчиларга фавқулодда ҳолатларда шифокор келгунига қадар кўрсатиладиган биринчи шошилинч ёрдамни кўрсатиш ҳамда e-mehmonxona тизими имкониятлари ва функциялари ҳақида маълумотлар берилди. 

Барча машғулотлар интерактив шаклда ўтмоқда. Тажрибали мураббийлар иштирокчиларни ҳамкорлик механизмларини қўллаб, муваффақиятли бизнес қура олувчи бир аҳил жамоага тўплашди. Семинар сўнгида ХСТУ вакиллари томонидан сертификатлар топширилди. 

Мавзуга оид